Навоийда қум бўрони туфайли 3 та машина тўқнашди. Бир киши вафот этган
2021 йил 4 ноябрь куни кузатилган қум бўрони туфайли Конимех туманида 3 та машина иштирокида инсон ўлими билан боғлиқ автоҳалокат содир бўлган. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, воқеа 4 ноябрь куни соат 13:30ларда Конимех тумани ҳудудидан ўтувчи А-379 автомобиль йўлида содир бўлган. 1985 йилда туғилган У.Т. бошқарувидаги “Captiva”, 1962 йилда туғилган М.Э. бошқарувидаги “Nexia” ҳамда 1984 йилда туғилган А.Т. бошқарувидаги “Cobalt” машиналари тўқнашиб кетган. Ҳодисага қум бўрони кўринишни чеклаганлиги ва оралиқ масофа сақланмаганлиги сабаб бўлган.
Оқибатда “Cobalt” русумли автомобилда бўлган йўловчи олган оғир тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.
Ҳолат юзасидан Конимех тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Олдинроқ Навоийда “Lacetti” машинаси йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборганди.