Жаҳон | 09:44 / 07.11.2021
4382
3 дақиқада ўқилади

Коста-Рика дунёда биринчи бўлиб болаларни коронавирусга қарши мажбурий эмлашга қарор қилди

Коста-Рика дунёда биринчи бўлиб 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган болаларни коронавирусга қарши мажбурий эмлашга қарор қилди.

Фото: GETTY IMAGES

Коста-Рикада 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган болалар учун коронавирусга қарши вакцинани мажбурий деб эълон қилинди. Болаларни эмлаш режа бўйича 2022 йилнинг март ойида бошланади.

“Ўғил ва қиз болалар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Эмлаш ва эпидемиолгия миллий комиссияси Covid-19’га қарши эмлаш барча болалар учун мажбурий бўлиши ҳақида қарор чиқарди”, - дея эълон қилди Коста-Рика соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Вазирлик коронавирусга қарши эмлашни жорий йилнинг март ойидаёқ аҳоли учун мажбурий эмлашлар рўйхатига киритганди. Энди эса қоида болалар учун амал қилади.

Болаларга вакцина 10 мкг.дан икки босқичда киритилади. Бу миқдор ўсмирлар ва катталар оладиган дозанинг учдан бир қисмини ташкил қилади. Эмлаш босқичлари 3 ҳафталик интервал билан амалга оширилади.

Tico Times нашрининг аниқлик киритишича, Коста-Рикада Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан махсус рўйхатга киритилган юқумли касалликларга қарши эмлаш қонунга кўра мажбурийдир. Аҳолиси 5 миллион кишидан иборат Коста-Рикада коронавирусга қарши эмланиш кўрсаткичи 55 фоизга тенг. 12 ва ундан катта ёшдаги аҳолининг 70 фоизи вакцинанинг камида битта дозасини олган.

Коста-рикалик болаларни эмлаш режа бўйича келаси йилнинг март ойида бошланади. Мамлакат АҚШнинг Pfizer компанияси билан 3,5 млн доза вакцина етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Улардан 1,5 миллиони болалар учун махсус дозалар бўлади. Қолган 2 млн доза катталар учун учинчи босқичда қўлланадиган вакциналардир.

Бу ҳафтда Pfizer/BioNTech вакцинаси 11 ёшгача бўлган болалар учун АҚШда расман тасдиқланди. Америка озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари сифатини назорат қилиш бошқармаси (FDA) синовлар натижаларига кўра, эмлаш 91 фоиз ҳолатда коронавирусга чалинишнинг олдини олади ва жиддий ножўя таъсирларни келтириб чиқармайди деган хулосага келди.

Болалар коронавируснинг оғир шакли билан камдан кам касалланади. Бироқ тиббиёт ходимлари эмлаш коронавирус тарқалишининг олдини олишига ишонч билдиришмоқда. АҚШда мазкур қарор 28 миллион ёш америкаликларни эмлаш учун йўл очди, бироқ АҚШда эмлаш Коста-Рикадаги каби болалар учун мажбурий деб эълон қилинмади.

Мавзуга оид