Жамият | 19:01 / 08.11.2021
17220
4 дақиқада ўқилади

«ГАИ»да навбатдаги тартибсизлик: Самарқандда автомашиналарга «техпаспорт» берилмаяпти, жарима билдиришномалари жўнатилмаяпти

Қарийб ярим йилдан буён Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБда расмийлаштирилаётган автотранспорт воситаларига транспорт воситаларини қайддан ўтказиш гувоҳномаси («техпаспорт») ўрнига икки варақ қоғоз берилмоқда.

Самарқанд вилоятида «ГАИ»лар XXI аср — компьютерлар, техника ва тараққиёт асридан «эсон-омон» XX аср — ручка, қоғоз-қалам ва чўт билан ишлашга ўтишди.

Автотранспорт воситаси харид қилган минглаб фуқароларнинг автомашиналари қонунчиликда белгиланган тарзда расмийлаштирилмаяпти ва базага киритилмаяпти.

Машина эгаларига тақдим этилаётган, қоғозда ручка билан ёзиб берилаётган вақтинчалик «техпаспорт» муддати икки ойга мўлжалланган бўлса-да, фуқаролар орасида олти ойдан буён янги намунадаги карточкали «техпаспорт» ололмай юрганлар бор. Бу орада улар уч марта «ГАИ» идорасига сарсон бўлиб келиб кетишган. Уларнинг қўлидаги қоғозга фақат муддатни узайтириш тўғрисида ёзув киритиб берилган.

Айтайлик, кимдир автомашинасини гаровга қўйиши ёки ижара шартномаси тузиб, нотариусдан ўтказиши керак. Ана шундай пайтда бу жуда катта муаммо келтириб чиқармоқда.

ДЙҲХХ бу борада шу пайтгача ҳайдовчиларга бирор огоҳлантириш бергани ёки олдиндан узр сўрагани кузатилмаган.

Вазиятни кузатган фуқароларнинг Kun.uz’га маълум қилишича, энг ҳайратланарли жиҳати — «техпаспорт» кимларгадир берилмоқда. Албатта, таниш-билишчилик ва маълум бир «муомалалар» эвазига. Демак, уни бериш учун техник имконият бор.

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, айни кунларда ДЙҲХХнинг жарималарни қайд этиш базаси ҳам ишламаяпти. Қайд этилган жарималарни ундириш учун ижро иши очилмаяпти.

Таҳририятга мурожаат қилганлардан бири сўнгги тўрт ой ичида 15тага яқин қоидабузарлик камералар орқали қайд этилгани, бироқ улардан бирортаси СМС ёки бошқа йўл билан билдирилмаганини айтиб ўтди.

Ҳайдовчининг сўзларига кўра, уни қоидабузарлик учун тўхтатган ЙПХ инспектори қўлидаги планшетдан қоидабузарликларини кўрсатиб берган. У ўзининг уяли алоқа телефонига ўрнатган Road24 мобил иловасида ҳам қоидабузарликлар кўрсатилмаганини айтиб ўтди.

Боз устига, унга қоидабузарлик ўз вақтида маълум қилинганида, йўлларда секинроқ юриб бошқа қоидабузарлик содир этмасликка ҳаракат қилиши, қолаверса, тўловда 30 фоизлик чегирмадан фойдаланган бўлишини айтди.

Хўш, база ҳам рисоладагидек ишламаётган экан, бу ҳолатда кўчада содир бўлаётган ва фото-видео ускуналари орқали қайд этилаётган, маъмурий баённома тузилаётган қоидабузарликлар нима бўлади? Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 330-моддасига кўра, маъмурий жазо қўллаш тўғрисидаги қарор чиққанидан сўнг у уч ой муддатда ижрога қаратилмаса, бундай қарорлар ижро этилмайди.

Яъни ҳайдовчи қоидабузарлик содир этса, жарима уч ой ичида ундирилмаса, аввало МИБ бундай маъмурий ишни ижро қабул қилмайди. Бу ҳолатда ҳайдовчи жарима тўлашдан озод этилади.

Хўш, ДЙҲХХ тизимида нега бундай носозликлар, тушунмовчиликлар содир бўлмоқда?! Самарқанд вилоят ИИБдан кимдир бунга жўяли жавоб бера оладими? Носозликми, камчиликми, муаммоми — ҳайдовчилар бошига келган ўша қачон бартараф этилади?

Иккинчидан, бу борада давлатга етказилган зарарни ким гарданига олади?! Прокуратура нега томошабин? ИИВ ЙҲХББдан изоҳ кутиб қоламиз.

Шуҳрат Шокиржонов.

Мавзуга оид