Ўзбекистон | 14:27 / 08.11.2021
46836
2 дақиқада ўқилади

«Свет» ўчиши, зулматда ўтириб телевизор кўролмаслик беш йил олдинги тарих эди» – Сенат раиси нима демоқчи бўлганди?

Фото: Сенат матбуот хизмати

6 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Сенат раиси Танзила Норбоеванинг Ўзбекистонда «свет» ўчиши беш йил аввалги тарихда қолгани ҳақида гапиргани акс этган видеолавҳа тарқалди. 

«Умуман олганда, «свет» ўчиши, зулматда ўтириб телевизор кўролмаслик беш йил олдинги тарих эди. Ҳозир буларнинг барчаси бартараф қилинди», дейди Норбоева видеопарчада.

Маълум бўлишича, Сенат раиси бу гапларни шу йил 18 октябрь куни президент сайловини ёритиш бўйича Тошкент шаҳридаги Халқаро медиа ҳоллда ўтказилган «Хотин-қизларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатлари ҳамда сайловларда уларнинг фаоллигини оширишнинг долзарб масалалари» мавзусидаги очиқ мулоқотда айтган. 

Kun.uz ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Сенат ахборот хизмати билан боғланди.

Олий Мажлис Сенати матбуот котиби Мўмин Ибодов бу лавҳа жамоатчилик томонидан нотўғри талқин қилинаётганини айтиб ўтди.

«Ушбу тадбир Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан ташкиллаштирилгани учун биз йиғилишни тасвирга туширмаган эдик. Норбоева бу тадбирда бошқачароқ, тўлиқроқ гапирган эдилар. Бу тарқалган лавҳа контекстдан юлиб олинган ва нотўғри талқин қилинмоқда. Айни пайтда тўлиқ видеони суриштиряпмиз. Видеони топиб, ундаги Сенат раисининг фикрларини тўлиқ ва батафсил тақдим этамиз», дея таъкидлаган Мўмин Ибодов Kun.uz мухбирининг саволларига жавобан.

Маълумот учун, айни кунларда ҳам республиканинг турли ҳудудларида электр энергияси таъминотида кўплаб узилишлар давом этмоқда. Кунлар совиши билан бу жараён янада авж олган. Одамлар ток ва газ йўқлиги сабаб совуқдан азият чекаётгани ҳақида мурожаатлар келишда давом этмоқда.

Мавзуга оид