Асоссиз рашк. Ундан қандай қутулиш мумкин?
Турмуш ўртоғини рашк қилиш даражаси соғлом ва самимий меъёрлардан кам ёки ортиқ бўлса, бу хотиржам оилавий ҳаёт кечиришга йўл бермайди, кўплаб ҳолатларда жуфтликнинг ҳаёти уруш-яраш ўйинидан иборат бўлиб қолади.
Рашк – ёқимли ҳис, кимгадир кераклигингни, қадрингни сезиб яшайсан. Инсон турмуш ўртоғининг рашкига қараб унинг муҳаббати қай даражада эканини белгилаши ҳам бор гап. Бироқ орамизда Отеллони йўлда қолдирадиганлар ҳам оз эмас.
Рашк ўзи нима?
Розалия Габдулҳакова, психолог:
“Рашк – жуда кенг тушунча. Турли халқлар маданиятида рашк турлича талқин қилинади. Биздаги рашк тушунчаси билан Европадаги рашк тушунчаси тубдан фарқ қилади. Европада рашк ўз жуфтига ишончсизлик, гумонбозлик деб баҳоланади. Бизда эса жуфтликлар ўртасида бу тушунча ўзаро бир-бирларини асрашга ёрдам берадиган тушунча ҳисобланади.
Масалан, аёлини рашк қилган эркак уни картошка учун бозорга юбормаслиги, эркаклар кўп бўладиган ўринларда уни асраши, ўша ишларни ўзи бажариши рашкнинг ижобий жиҳатларидир. Ёки аёл ўз турмуш ўртоғини озгина рашк қилиши туфайли эркак ўзини керакли ва муҳимроқ ҳис қилади”.
Васвасага айланган рашк
Аёлларни кўпинча ҳис-туйғулар бошқаради. Уларга берилиб кетиш оқибатида баъзан рашк васвасага айланиши мумкин.
Аноним эркак суҳбатдош:
“Аёлим билан кўнгил қўйиб турмуш қурганмиз, икки нафар фарзандимиз бор. Иккаламиз ҳам давлат идораларида хизмат қиламиз. Бир қараганда ҳаммаси яхши ва биздан бахтиёр оила йўқдай... Аммо хотинимнинг бўлар-бўлмас нарсаларга ҳам рашк қилавериши сабаб охирги пайтда ҳатто ажрашиш ҳақида ҳам ўйлай бошладим.
Буни битта воқеа мисолида тушунтириб бера қолай... Хотиним касал бўлиб қолди ва уни ўзим билган таниш клиникадаги таниш шифокорга олиб бордим. Борганимизда биздан аввал икки киши турган экан, улардан кейин навбатда турдик. Шу вақт ёшгина бир аёл келди-да, негадир мен тарафга қараб салом берди ва навбатда охири кимлигини сўради. Шу пайт бошланди-ю... Нега фақат менга салом бергани, нега мендан сўрагани ва ҳоказолар. Аёл нима дейишни билмасдан уялиб нари кетишга ҳозирланса ҳам, хотиним қўяй демасди. Бирпасда у аёл менинг жазманим экани ва мен уларни битта шифокорга олиб келганим “аён бўлди”. Бу хотиним томонидан қандай тўқиб чиқарилган бўлса, шундай ишонч билан айтилди.
У аёлни танимаслигимни, уям мени танимаслигини минг маротаба такрорласам ҳам шовқин кўтарди. Бўлаётган шовқин-суронни эшитиб ичкаридан таниш шифокор ҳам чиқиб келди. Нима дейишни, қандай ўзимни оқлашни билмасдим. Орада бир бегона аёл туҳматга қолиб ўтирибди. Хуллас, ер ёрилмади, кириб кетмадим. Қабулга ҳам кирмасдан орқага қайтдик, минг пушаймон эдим ўзимча меҳрибонлик қилиб бирга борганимдан.
Тўғри, эр-хотин уриши – дока рўмолнинг қуриши дейишади. Лекин бу каби воқеалар одамнинг эсидан чиқмас экан. Ҳар сафар эсимга тушганда бир карра меҳрим совийди мени ўша ерда уялтириб қўйгани учун. Кейинги пайтларда тушунтиришлар фойдасиз эканини билиб, индамай қўйдим. Бўлмаса ишончни йўқотадиган ҳеч нарса бўлмаган орамизда, доим оиламни, фарзандларимни биринчи ўринда кўрганман. Бу асоссиз шубҳалар, ўринсиз рашк нимадан эканини билмайман. Психологга олиб бориш керакдир деган фикрлар ҳам келяпти-ю, аммо бунақа сабаб билан бориш ноқулай”.
Сабаблар
Икки жуфтнинг ўртасида кечадиган рашк туйғуси самимий ва тоза бўлиши керак. Аммо баъзида рашк шубҳа, гумон, ишончсизлик оқибатида келиб чиқадиган рашк орага совуқчилик солиб, муносабатларни парчалашга олиб боради.
“Ортиқча рашк эр ёки аёлнинг ўз ҳаётида бўлган ёмон воқеалар таъсирида келиб чиқади. Агар эркакда ёшлигида аёллар ҳақида нотўғри: аёллар ўз фикрига эга эмас, улар жуда тез ёмон йўлга кириб кетиши мумкин деган фикрлар бўлса, у хотинининг ҳар бир қадамини текшириши, унга эркинлик бермаслиги мумкин. Бундай рашк сабабли эр-хотин тинч яшай олмайди, ривожлана олмайди. Оила даврасида ўтказилиши лозим бўлган энг бахтли даврлар айнан рашк сабабли тинимсиз муҳокамалардан иборат бўлиб қолади.
Баъзида аёлларда ҳам шундай рашк учраб туради. Аёл ҳам ёшликда кўрган воқеалари натижасида эркакларга ишонмайди ва доим эридан ҳам хиёнат кутади. Эри бошқа аёлни топиши ва ўзи қолиб кетишдан қўрқиб яшайди. Доим эрини текшириб, доимий хавотирдан тинчлана олмайди.
Агар одамда шунақа невротик бузилишлар бўлса, яъни доим шубҳа-гумонлар билан яшаса, бора-бора шу тушунча жуфтининг онгига сингиб боради. Оқибатда жуфти бир кунмас бир кун ростдан ҳам унга хиёнат қилиши мумкин”.
Рашк сабаб бўлаётган ажримлар
“Никоҳдан ажратиш масалаларига энг кўп сабаблардан бири бу – рашк. Асоссиз рашк сабаб келиб чиқаётган уруш-жанжаллар оилавий муносабатларнинг кескинлашувига, ўзаро ҳурматнинг йўқолишига олиб келяпти.
Ҳатто эрини овсинидан рашк қиладиган аёлларимиз ҳам бор. Шунақа асоссиз ва ортиқча шубҳалар оилада низолар келиб чиқади. Билишмайдики, бу ҳолатлар оилани пароканда қилиши, болалар онгида руҳий зарбалар сақланиб қолиши мумкин.
Аёл кишида ҳам рашк шу даражада кучли бўлиши мумкинки, баъзида суд остонасигача етаклаб келади”.
Аёл ўз қизиқишларини топа олмаса...
Розалия Габдулҳакова, психолог:
“Аёл киши фақат эрини текшириш, уни кузатиш билан банд бўлиб қолишининг сабаби – аёлнинг ҳаётида мазмун йўқлигидан келиб чиқади. Яъни кўпчилик аёлларимиз уйда ўтиришади. Уйда ўтирганда ҳам кимнингдир ўз қизиқишлари бор, кимдадир эса йўқ. Шунда унинг иши фақат турмуш ўртоғини текшириш: қачон онлайн, қачон офлайн бўлди, ижтимоий тармоқда кимга лайк босди-ю, қаерда изоҳ ёзганини текшириш билан овора бўлади.
Афсуски, бу ҳол аёл учун жуда оғир. Чунки у рашк сабабдан ўз ҳаётида бемалол яшаб ўта олмайди. Жуфти ишда бўлган, ҳаёти давом этаётган бир пайтда аёлнинг ҳаёти тўхтаб, у қийналиш, руҳан азобланишдан иборат бўлади”.
Ислом ва рашк
Шубҳа ва гумонларга асосланган рашк Ислом динида ҳам қаттиқ қораланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рашкда ҳам ижобий ва салбий оқибатлар борлигини таъкидлаганлар. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
“Рашкнинг Аллоҳ азза ва жалла яхши кўрадигани ҳам бор, ёмон кўрадигани ҳам бор. Ўзини кўрсатишнинг ҳам Аллоҳ азза ва жалла яхши кўрадигани бор ва Аллоҳ ёмон кўрадигани бор. Аллоҳ азза ва жалла яхши кўрадиган рашк шубҳа сабабли бўлган рашкдир. Аллоҳ азза ва жалла ёқтирмайдиган рашк эса шубҳасиз бўлган рашкдир”. (Имом Термизий ривояти).
Яъни беҳуда гумон, иғволарга асосланган рашк барчага кулфат келтиради, шу боис Аллоҳ уни ёмон кўради. Рашк билан гумонбозликни аралаштирмаслик керак.
Тавсиялар
Рашкнинг фойда ва зарарларини билдик. Рашкимиз бизга зарар келтирмаслиги учун нима қилиш керак? Ўз ҳисларимизни қандай бошқариш ҳақида психолог фикри билан қизиқдик.
Розалия Габдулҳакова, психолог:
“Агар рашк инсон ҳаётига халал берадиган бўлса, у билан курашиш керак. Энг аввало, бунга сабабни аниқлаш керак. Баъзи ҳолатларда ўтмишда олинган руҳий зарбалар оқибатида ҳам асоссиз рашк келиб чиқиши мумкин. Шундай вазиятда психолог билан ишлаш самара беради. Чунки бу ўринда рашкнинг сабаби унинг жуфтида эмас, одамнинг ўзида бўлади.
Ҳаттоки шундай вазиятлар учрайдики, рашк учун бирон-бир асос бўлмаган ҳолатларда ҳам эр ёки хотин сабабсиз рашк қилади ва доим шу туфайли ғалвалар келиб чиқади. Ҳаёт уруш-яраш ўйинидан иборат бўлиб қолади. Бунда эркакнинг аёлидан кўнгли қолади ёки аёлнинг ҳам эри шунақа бўлса, сабри тугаб оила ажрим ёқасига келиб қолиши мумкин.
Баъзи вазиятларда эркакда асоссиз рашкнинг келиб чиқишига сабаб унинг ҳаётида юз берган омадсизликлар, нимагадир эриша олмагани бўлиши ҳам мумкин. Бундай пайтда аёл эрига ёрдам бериши керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам аёли уни қадрлаши, севишини билган эркак хотиржам бўлади ва бу эътибор натижасида ўзини муҳимроқ ҳис қилиб, аёлини сабабсиз рашк қилиши камаяди.
Худди шу ҳолатнинг аксини аёлларда ҳам кўриш мумкин. Яъни аёл киши эридан етарли даражада меҳр-эътибор топмаслиги ҳам рашкка сабаб бўлиши мумкин. Жуфтлар орасида ўзаро ишонч бўлиши учун улар бир-бирларини борича қадрлаши, севиши ва бир-бирига бу ҳақида айтиб туриши жудаям муҳим. Эркакнинг ўз аёлига ана шундай гапларни таъкидлаши, айтиб туриши аёлнинг хавотирини йўқотиб, хотиржамликни оширишга ёрдам беради.
Кўп эркаклар эмоционал эмас, улар ақл билан иш юритади. Лекин аёлга нисбатан озгина мақтов айтиш, “сен менга кераксан”, “яхшиям борсан” каби жумлалар орқали аёл ўзини муҳим ва керакли ҳис қилишига ёрдам беради. Бу орқали аёл нафақат ўзини керакли ҳис қилади, балки яхши онага ҳам айланади. Эркак киши бу йўл билан фарзандларига янада яхшироқ онани ҳам таъминлаб берган бўлади. Чунки хотиржам она эрини рашк қилишга сарфлайдиган кучини фарзандларига, яхшироқ она, яхшироқ бека бўлишга ёки яхшироқ инсон бўлиб ривожланишга хотиржам сарфлай олади”. Психолог Розалия Габдулҳакованинг Instagram аккаунти: @psixolog_rozaliya
Гулмира Тошниёзова тайёрлади.
Тасвирчи – Муҳиддин Нидо.
Мавзуга оид
13:05 / 16.03.2023
Болаларни педофил тажовузидан қандай асраш мумкин? Психологлар билан интервю
07:31 / 27.06.2022
Фарғонада қизни кўчада уриб-тепган йигитнинг шахси аниқланди
15:14 / 04.08.2021
Имтиҳонлар бошланишига бир кун қолди. Абитуриентларга тавсиялар
20:46 / 01.05.2021