Ўзбекистон | 09:54 / 09.11.2021
1900
2 дақиқада ўқилади

Машина сотиб олишини айтиб сурхондарёлик фуқарони чув туширган андижонлик шахсга жиноят иши қўзғатилди

Машина сотиб олишини айтиб сурхондарёлик фуқарони чув туширган андижонлик шахсга жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Музработ тумани Чегарачи маҳалласида яшовчи, С.С. туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Унинг аризасига кўра, С.С. 2021 йил 5 июль куни телеграм каналида сотувга қўйилган Nexia машинасини сотиб олмоқчи бўлган. Нарх келишилгандан сўнг, Nexia машинасини сотувга қўйган шахс С.С.дан пулни пластик картасига ташлаб беришини сўраган.

2021 йил 5 июль куни 2 миллион сўм, 8 июль куни 2 миллион 160 минг сўм пулни сотувчининг пластик картасига ташлаб берган. Шундан сўнг сотувчи телефон рақамини ўчириб ташлаган.

Музработ туман ИИБ Жиноят қидирув бўлими ва ИИВ Тезкор-қидирув ҳамкорлик бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбири натижасида ушбу шахс, Андижон вилояти Андижон туманида яшовчи Г.Г. экани аниқланган.

Қайд этилишича, 2021 йил 21 октябрь куни Г.Г.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид