Ўзбекистон | 12:22 / 09.11.2021
8718
3 дақиқада ўқилади

“Якшанба куни ишга чиқишни тўхтатганмиз” – вазир ўринбосари меҳнат қонунчилигига амал қилиш ҳақида

Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев Kun.uz’га берган интервьюсида Ўзбекистонда давлат ташкилотларида меҳнат қонунчилигига амал қилиш масаласи, ходимлар кунига 12-14 соатлаб ишлаши, шанба-якшанба кунлари ўтказиладиган мажлислар тўғрисидаги саволга жавобан Адлия вазирлигининг бу борадаги тажрибаси ҳақида тўхталди.

“Кўп нарса раҳбарга, унинг қилаётган иши ва ҳаётга қарашларига боғлиқ деб ўйлаймиз. Кимдир ишини сунъий равишда кўпайтириш учун ҳам кун бўйи бошқа ишлар билан банд бўлиб кечаси ишлар, лекин Русланбек Қуролтоевич билан 2017 йилдан бери бирга ишлаяпмиз. Ўтган давр давомида вазирликдаги иш тизими, иш жараёнлари ва бошқа жиҳатлари ҳисобга олиниб, аниқ бир механизм жорий этилди, худди соат механизми каби ишлайдиган даражада.

Бугунги кунда йиғилишларни ўтириб эмас, балки тик туриб ўтказамиз. Сабаби ўтирганда кўп қолиб кетилади. Тик оёқда ўтказилган йиғилишларимизда қисқа-қисқа топшириқлар берилади, бундан мақсад йиғилишни тезроқ тугатиш. Қолаверса, мажлислар сони бизда жуда кам.

Якшанба куни, очиғи биз ишга чиқишни тўхтатганмиз. Лекин раҳбар-кадрлар баъзан дам олиш кунлари ҳам ишга чиқишимизга тўғри келади. Буни тўғри тушунамиз, сабаби ҳар хил топшириқлар бўлиб қолади ва биз масъул лавозимдаги шахслар сифатида кечаси билан, 24 соат давомида ишлашга тайёр бўлишимиз керак. Бу ерда ҳеч қанақа меҳнат ҳуқуқи ёки бошқа масала ҳақида эмас, балки жамият ва давлат манфаатлари ҳақида гапиришимиз керак”, дея Худоёр Мелиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, давлат органларида меҳнат қонунчилигига риоя этилиши раҳбарларга боғлиқ. У Адлия вазирлигининг ижобий ташаббуси бошқа вазирлик ва идоралар томонидан қўллаб-қувватланмаганини ҳам айнан шу омил билан изоҳлади.

Худоёр Мелиев 2019 йил 9 декабрдаги президент қарори билан Давлат бошқаруви академияси ҳамда унинг филиалларида давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ва раҳбарлари учун вақтни тўғри ташкил этиш ва ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш технологиялари (time management) курслари ташкил этилгани, бу ҳам меҳнат самарадорлигини ошириш, ишни тўғри ташкил этишга хизмат қилишини таъкидлади.

Аввалроқ Меҳнат вазирлиги Шуҳрат Ғаниев раҳбарлигида якшанба куни ўтказилган йиғилишга муносабат билдириб, Меҳнат кодексининг 157-моддасига мувофиқ, ишдан ташқари иш вақтида ҳамда дам олиш кунларида ходимлар ишга жалб қилинганда, уларга мазкур ташкилотнинг жамоа шартномасида белгиланган, лекин камида икки ҳисса миқдорида меҳнат ҳақи тўланиши лозимлигини эслатиш билан кифояланганди.

Маълум бўлишича, Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ҳозирги кунга қадар ишдан ташқари ва дам олиш кунларида ходимларни ишга жалб қилиш юзасидан 300дан ортиқ мониторинг ўтказилган бўлиб, ўрганишлар давомида қонунбузилишларни бартараф этиш мақсадида ташкилот ва идораларга 150 дан ортиқ ёзма кўрсатмалар киритилган.

Мавзуга оид