Жамият | 22:21 / 10.11.2021
27154
6 дақиқада ўқилади

Собиқ инспектор Қува туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари устидан арз қилди

Собиқ профилактика инспектори Фарғона вилояти Қува туман ИИБ бошлиғи ўринбосари устидан очиқ шикоят қилди. Мурожаатда бошлиқ ўринбосари ўз молхонаси қурилишида инспекторларни ишлатгани, улардан 55 минг сўмдан пул йиғиб олгани, ҳайдовчиларни жаримага тортиш бўйича “план” белгилагани айтилади. Собиқ ходим, шунингдек, мансабдорнинг “ноқонуний ҳаракатлари” жазосиз қолаётгани ҳақида гапиради.

Қува тумани “Байналмилал” МФЙ профилактика инспектори лавозимида ишлаган Нозимжон Нишонов Facebook орқали ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси бошлиғи Мухтор Мирзаевга видеомурожаат билан чиқди.

“Қува тумани ички ишлар бўлими ходимлари раҳбариятнинг мунтазам тазйиғига учраб келмоқда. Туман ИИБ бошлиғи ўринбосари майор Аҳмаджонов деган валломат 100 та мол сиғадиган молхона қуряпти. Бунинг жабрини ким тортяпти? Профилактика инспекторлари. Шағал обориб берган, устасига қараган, хизматини қилган.

“Ўрта фонд” бор. 55 минг сўмдан. Профилактика инспектори уйига олиб борсинми ёки майор Аҳмаджоновга йиғиб берсинми? Ҳайронман. Буларни раҳбарлар ўзаро келишган ҳолда мунтазам равишда... Мисол учун, агар туманда бирорта жиноят содир бўлса, ўша ҳудуд бўйича профилактика инспектори Қува тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Фарҳоджон Исмоиловдан доимий равишда гап эшитади. Жиноятларни яшириш ҳолати ҳам учраб турибди”, – дейилади видеомурожаатда.

Нозимжон Нишонов туман ИИБ бошлиғининг тарбиявий масалалар бўйича ўринбосари подполковник Фарҳоджон Исмоилов қайсидир мансабдор профилактика инспекторларини шахсий таркиб олдида таҳқирловчи сўзлар билан камситиб ҳақорат қилса, бунга кўз юмиб келаётганини, ходимларнинг ёнини олмаслиги, ҳимоя қилмаслигини таъкидламоқда.

“Майор Аҳмаджонов ҳар куни биз профилактика инспекторларини туман марказига чиқариб, уларга [жарима майдончасига] биттадан машина олиб кирасан, бештадан маъмурий баённома тузасан деб юклама белгилаб қўйган. Ушбу мажбурий режани бажара олмаган профилактика инспекторлари фақат ва фақат гап эшитади, кечқурун “развод”га 22:00 да ёки 00:00 да алоҳида келади.

Раҳбарлар ўзаро келишган ҳолда ходимларга нисбатан тадбирлар уюштиришади. Пул бериб киргизиш масалалари бўйича. Ваҳоланки, бу тадбирлар қонунга зид равишда бўлмоқда. Ушбу тадбир давомида бошқа ҳеч бир давлат органи – ДХХ, прокуратура, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қатнашмайди. Ёки кимёвий ишлов берилган пуллардан фойдаланилмайди. Тадбирнинг эртасига Ўз хавфсизлик хизмати келади ва ҳолатни тасдиқлайди. Профилактика инспекторлари эзилиб кетяпти. Дардини кимга айтишни билмайди”, – дейди Нозимжон Нишонов.

Видео давомида юқоридаги ички ишлар мулозимининг қандайдир йиғилишда айтган сўзлари ёзиб олинган аудиоёзувни ҳам эшитиш мумкин. Аудиода майор Аҳмаджонов экани айтилаётган шахс профилактика инспекторлари бир кунда битта ҳам машинани жарима майдончасига олиб кира олмаслиги, ҳатто битта “будка”ниям жойидан қўзғатолмаслигини айтган. Шунингдек, аудиода овоз эгаси шахсий таркиб олдида қайсидир воқеани эслаб, сўкингани ҳам эшитилган.

Собиқ профилактика инспекторининг айтишича, Аҳмаджоновнинг қонунга зид хатти-ҳаракатлари жазосиз қолиб келмоқда. Жумладан, у карантин даврида тадбиркорни ҳақоратлагани, туман ҳокими ўринбосарини калтаклаб тан жароҳати етказгани, бироқ Қува туман ИИБ бошлиғи ўзининг ўринбосарига нисбатан ҳеч қандай чора кўрмагани айтилади.

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов интернетда тарқалган видеомурожаат бўйича изоҳ бераркан, Нозимжон Нишоновнинг Қува тумани ИИБ раҳбариятининг ноқонуний ҳаракатлари бўйича тарқатаётган важлари ўрнатилган тартибда текширилиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилишини билдирди.

Ички ишлар тизимида ходимларга мажбурий режа белгилангани олдин ҳам муҳокамаларга сабаб бўлганди. 2020 йилнинг июлида ижтимоий тармоқларда Олмазор тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси (аввалги туман ИИБ)да бўлиб ўтган мажлисдан ёзиб олингани тахмин қилинган овозли хабар тарқалган, унда туман ИИО ФМБ ҲПБ махсус топшириқлар бўйича инспектори подполковник Фаррух Холов туманда белгиланган режа тўлмаётгани, фуқароларга нисбатан жуда кам маъмурий баённома тузилаётгани, натижада Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Маҳкам Вафоев бошчилигида ўтган катта мажлисда эътироз эшитганини таъкидлаб, барча ички ишлар органлари ходимларини қаттиқ койиган ва ҳар бир профилактика инспектори турли моддалар бўйича кунига 5тадан маъмурий баённома тузиши ҳақида топшириқ берганди.

Холов ЎзА мухбири билан суҳбатда ушбу овоз ўзиники эканини тан олган, бироқ туман ички ишлар бўлимида ходимлар учун маъмурий баённома тузиш бўйича кунлик режа борлигини рад этганди.

Тошкент шаҳар ИИББ ҳолатга муносабат билдириб, подполковник Холовга нисбатан хизмат текшируви белгиланганини айтган бўлса-да, бироқ текширув натижалари ҳақида жамоатчиликка ахборот тақдим этмаган.

Олмазор туманида белгиланган режа тўлмаётгани, фуқароларга нисбатан жуда кам маъмурий баённома тузилаётгани учун Фаррух Холовни койиган Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Маҳкам Вафоев 2021 йилнинг февралида Олмазор тумани ИИО ФМБ бошлиғи этиб тайинланганди.

Мавзуга оид