Ўзбекистон | 14:53 / 10.11.2021
4319
3 дақиқада ўқилади

«Вақф» фонди 4 йилда масжидлар қурилиши, таъминоти ва ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш учун 75 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирди

Фото: KUN.UZ

«Вақф» хайрия фонди ўз фаолиятини бошлагандан бугунга қадар Ўзбекистонда масжидлар қурилиши, таъмирланиши, техник таъминот ва ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш учун жами 74,9 миллиард сўмдан зиёд маблағни хайрия сифатида йўналтирган. Бу ҳақда 10 ноябрь куни фонд томонидан амалга оширилган ишлар бўйича ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Жумладан, Вақф фонди томонидан 2018-2021 йилларда масжидлар қурилиши, жорий ва капитал таъмирлаш ишлари учун жами 5,2 миллиард сўмдан ортиқроқ маблағ ҳамда жами қиймати 2 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 94 мингта китоб вақф қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидлар қурилиши, жорий ва капитал таъмирлаш ишлари учун:

  • – 2018 йилда 10 та масжидга 400 миллион сўм;
  • – 2019 йилда 17 та масжидга 2 миллиард 300 миллион сўм;
  • – 2020 йилда 26 та масжидга 1 миллиард 395 миллион сўм;
  • – 2021 йилда 32 та масжидга 1 миллиард 157 миллион сўм, жами, 85 та масжидга 5 миллиард 252 миллион сўм хайрия қилинган.

Аҳолининг диний-маърифий илмларини ошириш ва масжидлардаги кутубхоналарни янада бойитиш мақсадида:

  • – 2018 йилда 1290 дона;
  • – 2019 йилда 6286 дона;
  • – 2020 йилда 3222 дона;
  • – 2021 йилда 83 640 дона китоб, ўтган давр мобайнида жами қиймати 2 миллиард 95 миллион 873 минг 640 сўмлик, 94 438 дона китоб масжидлар учун вақф қилинган.

Шунингдек, молиявий ночор, кам даромадли масжид имом-хатиблари учун фонд томонидан 2018 йилдан узлуксиз ойлик маош тайинланиб, ўтган вақт мобайнида 6 миллиард 976 миллион сўмдан зиёд маблағ маош сифатида тўлаб берилган.

Пандемия даврида республикамиздаги 2090 дан ортиқ масжидларда меҳнат қилаётган имом-хатиб, имом ноиби, мутавалли, муаззин, қоровул ва бошқа техник ходимларнинг барчаларига моддий ёрдам учун 65 миллиард 873 миллион сўм хайрия сифатида ажратилди.

2018 йил 16 апрелда президент фармони асосида ташкил этилган фонднинг асосий вазифаларидан бири масжидлар биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ҳамда масжидлар ходимларини, хусусан имом-хатиблар, имом ноиблари, мутаваллилар, муаззинларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳисобланади. 

Мавзуга оид