Жаҳон | 15:25 / 12.11.2021
7077
5 дақиқада ўқилади

Электрда ишлайдиган самолётлар ва чиқинди даражаси ноль бўлган кемалар. БМТ конференциясида нималар муҳокама қилинди?

Ёнилғининг фақат экологик тоза турларидан фойдаланадиган электр автомобиллар, автобуслар ва юк машиналари, кемалар илмий-фантастик фильмдан бир лавҳа бўлиб кўриниши мумкин. Бироқ Глазгодаги 26-Конференцияда кўплаб ҳукумат ва компаниялар бу ҳақиқатга айланиши учун иш бошлаб юборилганини айтишди.

Чиқиндисиз ишловчи National Express автобуси

БМТнинг Глазгода бўлиб ўтган конференциясида янги эълонлар айтилди, ваъдалар берилди. Уларнинг кўпчилиги асосан транспорт сектори ривожи билан боғлиқ. Ҳозирда иссиқхона газлари глобал чиқиндиларининг тахминан тўртдан бири айнан шу сектор улушига тўғри келяпти.

1970 йилдан бери мазкур сектордаги чиқиндилар икки мартадан кўпроққа ортди. Улардан 80 фоизи ер усти транспорт воситаларига тўғри келади. БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP)да ҳисоб-китоб қилишларича, жаҳон транспорт сектори деярли бутунлай қазиб олинувчи ёқилғида ишлаяпти. Бироқ яқин ўн йилликларда бу ўзгариши мумкин.

Ички ёниш двигателларидан воз кечиш

БМТ 26-конференциясида 100дан ортиқ ҳукумат, шаҳар ва йирик корхоналар вакиллари Ноль даражада чиқинди чиқарадиган автомобиль ва фургонлар ҳақидаги декларацияни имзолади. Унда 2035 йилга бориб дунёнинг асосий бозорларида, 2040 йилга бориб эса бутун дунёда ички ёниш двигателлари савдосига чек қўйиш мақсад қилинган. 13 мамлакат 2040 йилгача қазиб олинувчи ёнилғида ишлайдиган оғир транспорт воситалари савдосини тўхтатиш мажбуриятини олди.

Лотин Америкасининг бир неча шаҳарлари, жумладан, Богота, Куэнка ва Сальвадор 2035 йилга бориб чиқинди даражаси нолга тенг бўлган жамоат транспортидан фойдаланишга ўтиш мақсадини белгилади.

Ҳамбург Европа биринчи бўлиб барча автобуслар паркларида электр моделларни йўлга қўйган илк шаҳар бўлди. Фото Unsplash/П.Ан-Дан

Кемада юк ташиш яшил саноати

Кемада юк ташиш саноатига оид қадамлар ҳам қўйилди. Ана шу тармоқдаги 200та корхона 2030 йилга бориб чиқинди даражаси нолга тенг бўлган денгиз кемалари ва ёнилғи миқдорини ошириш мажбуриятини олди. Улар ҳукуматларни зарурий қоидаларни ишлаб чиқиш ва 2050 йилга бориб кемада юк ташиш яшил саноатига адолатли ўтишни таъминлаш учун инфратузилмани тайёрлашга чақиришди.

19 мамлакат чиқинди даражаси ноль даражага тенг бўлган юк ташиш маршрутини яратишни қўллаб-қувватлаш бўйича Клайдбанк (Шотландиядаги шаҳар) декларациясини имзолади. Унда жорий ўн йиллик ўртасида чиқинди даражаси нолга тенг бўлган камида олтита денгиз йўлагини яратиш кўзда тутилган. Декларацияда 2030 йилга бориб бундай йўлакларни жорий этишни кўпайтириш ҳам маълум қилинган.

Денгиз орқали юк ташилиши - халқаро савдо асоси. 2022 йил 1 январидан бункер ёнилғиси бўйича янги талаблар кучга киради.

Тўққизта йирик бренд, жумладан, Amazon, IKEA, Michelin, Unilever ва Patagonia 2040 йилга бориб ўзларининг барча денгиз юкларини ташиш учун чиқинди даражаси ноль бўлган кемалардан фойдаланишни режалаштираётганини эълон қилди.

Авиация соҳасидаги ютуқ

Авиация соҳаси корхоналари ва уларнинг йирик корпоратив мижозлари “Эртанги кун учун мусаффо осмон” коалициялари янгиланиши ҳақида эълон қилди. Мазкур коалициянинг вазифаси авиацион ёнилғининг экологик хавфсиз турларидан фойдаланишни оширишдан иборат. Эндиликда ҳужжатни имзолаган томонлар 2030 йилга бориб, экологик ёнилғи реактив ёнилғига жаҳон талабининг 10 фоизини ташкил этишини таъминлаш мажбуриятини олишди.

Бу “яшил ёнилғи” ўсимлик ёғи, пальма ёғи чиқиндилари, шунингдек, маиший ва тижорий чиқиндилар каби экологик тоза хом ашёдан ишлаб чиқарилади. Ўз кимёвий таркибига кўра улар реактив двигателлар учун анъанавий қазиб олинувчи ёнилғига жуда ўхшаш. Ушбу мақсадга эришилиши карбонат ангидрид гази чиқиндиларини йилига 50 миллион тоннага қисқартириш ва 300 мингга яқин “яшил” иш ўринларини яратиш имконини беради.

ICAO глобал ҳаво транспорти тармоғининг узлуксиз ишлашини таъминлайди. Фото Unsplash

Қуёш ва электр энергиясичи? Жаҳон иқтисодий форуми авиация бўлими бошлиғи Лорен Аппинкнинг сўзларига кўра, келажакда энергиянинг бу манбларидан фақат қисқа парвозларда фойдаланиш мумкин бўлади.

“Водород ва батареялар каби янги технологиялардан фойдаланган ҳолда олинадиган энерияга оз бўлсада эҳтиёж бўлади. Физик хусусиятларига кўра энергиянинг мазкур манбаларидан авиацияда фойдаланиш мураккаб, айрим ҳолларда иимконсиз. Шу тариқа, экологик тоза авиация ёқилғиси – авиацияда чиқиндиларни камайтириш учун ягона ечим”, деди Лорен Аппинк.

Электр ва водород ёнилғисида ишлайдиган илк самолётлар осмонда 2030 йилда пайдо бўлиши эълон қилинди.

КС-26 келишув лойиҳаси матни

Транспорт соҳасидаги ташаббуслардан ташқари конференциядаги яна бир янгилик бу конференция якунига келиб қабул қилинадиган КС-26 келишуви лойиҳасининг намойиш этилишидир.

Ҳужжатда мамлакатлар ўз миллий мажбуриятларини кучайтириш ва 2022 йилга бориб, иссиқхона газлари чиқиндиларининг ноль даражасига эришиш бўйича стратегияни тақдим этишга ундов мавжуд. Лойиҳада қазиб олинадиган ёнилғига субсидия ажратишни тўхтатишга чақириб, иқлим фалокатлари натижасида “йўқотишлар”, “зарар” каби сўзлар илк марта ёдга олинган.

Мавзуга оид