Қишлоқ хўжалиги вазирлиги сабзи нархи 4-5 баравар арзонлашганини айтди. Аммо нархлар ўтган йиллардагидан 2-3 баробар юқори
Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг сабзи нархи ҳақидаги баёноти ҳақиқатга тўғри келмаяпти. EastFruit таҳлилларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда сабзи етиштириш ҳажми камайган. Эрта баҳордаги совуқ кунлар эртапишар сабзи ҳосилига салбий таъсир кўрсатган бўлса, ўртачадан бир неча даража иссиқ кечган қуруқ ва иссиқ ёз ўртапишар ва кечпишар сабзи ҳосилини камайтирган.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мамлакатда сабзи нархи 2021 йилнинг июнь ойига нисбатан 4-5 баравар арзонлашгани, оптимал минимум даражага етгани ва 2022 йилгача шу даражада сақланиб қолиши ҳақида маълумот берганди. EastFruit таҳлилчиларининг фикрича, ушбу баёнот мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди.
«Ўзбекистонда сабзи нархи 2021 йилнинг июнига нисбатан 4-5 баравар арзонлашди»
Ўзбекистонда сабзининг ўртача нархи EastFruit'нинг 4 ноябрь куни ўтказган нархлар мониторинги маълумотларига кўра, 1 кг учун 4500 сўмни ташкил этган. Июнь ойида сабзи учун энг юқори нарх 9 000 сўм/кг бўлган, аммо ушбу даражада атиги бир ҳафта сақланиб турган. Янги ҳосил нархи июнь ойида ўртача 7500 сўм/кг атрофида шаклланган бўлса, ўтган йилги сабзи шу вақт бозорда 4500 сўмдан сотилган.
Тўғри, ҳозирда баъзан кичик ҳажмли улгуржи сотувда 2500 сўм/кг.дан сабзи топишингиз мумкин, лекин бу одатда маҳсулот сифати бўйича стандартларнинг минимал талабларига жавоб бермайдиган майда сабзидир.
EastFruit маълумотларини билвосита Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан Тошкент шаҳар Қўйлиқ бозорида ўтказилган улгуржи нархлар мониторинги ҳам тасдиқлайди.
Вазирлик маълумотларига кўра, қизил сабзининг улгуржи нархлари 2021 йил 9 ноябрь ҳолатига кўра, сабзавот ҳажмига қараб: майдаси 2500 сўмдан 3500 сўм/кг.гача, ўртачаси 3500 сўмдан 4000 сўм/кг.гача ва йириги 4000 сўмдан 5000 сўм/кг.гача сотилмоқда.
Вазирлик мева-сабзавотларнинг бутун ассортименти учун айнан паст нарх оралиғини танлаш тенденциясига мойил. Аммо бу маълумотлар ҳам Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пресс-релизида эълон қилинган нархлардан бутунлай бошқача нархларни кўрсатмоқда.
Сабзи нархи 4-5 баробар арзонлашгани ҳақидаги баёнот реал воқеликни акс эттирмайди. Энг яхши ҳолатда, нарх икки ёки уч баравар пасайган бўлиши мумкин.
Қайд этилишича, маҳсулотнинг чакана нархлари ўзгариши ҳар доим улгуржи нархлар ўзгаришига қараганда камроқ аҳамиятга эга. Шу боис, Ўзбекистонда сабзининг чакана нархи ҳам ҳеч бир шароитда 4-5 баробар арзонлаша олмаган.
«Сабзи нархи оптимал минимум даражага етди»
Бу унчалик конкрет эмас ва жуда тушунарсиз. Бозор иқтисодиёти шароитида нархлар доим бир вақтнинг ўзида оптимал минимум ва оптимал максимум даражада бўлади, чунки нархлар талаб ҳамда таклиф мутаносиблиги таъсирида шаклланади. Бозордаги нарх объектив реаллик бўлиб, унинг оптимал ёки йўқлигини истеъмолчи ҳал қилади.
Фактларга эътибор берилса, ҳозир Ўзбекистонда сабзининг улгуржи нархлари рекорд даражада юқори! Айни дамда Ўзбекистонда сабзи нархи 2020 йилнинг ноябрь ойи бошига нисбатан деярли 2 баравар ва 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 3 баравар қиммат.
Бундан шундай хулосага келинадики, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг сабзи учун мақбул минимал нархлар ҳақидаги баёнотлари бозор иштирокчиларини чалғитиши мумкин. Йилнинг айни вақтида сабзи нархи одатдагидан анча юқори.
«Ўзбекистонда сабзи нархи 2022 йил баҳоридаги янги ҳосилга қадар шу даражада сақланиб туради»
Бу баёнотни рад этиш ё тасдиқлаш қийин, чунки келажакда нима бўлишини ҳеч ким аниқ айта олмайди. Бироқ мазкур баёнотни таҳлил қилиб чиқса бўлади.
Ўтган мавсумларда Ўзбекистонда сабзининг улгуржи нархлари одатда ноябрь ойида барқарорлашиб, январь охиригача, баъзан эса февраль ойи ўрталарига қадар шундай сақланиб турган. Қишки янги ҳосил сабзининг биринчи катта ёки кичик партиялари одатда март ойи охирида пайдо бўлади. Аммо бу даврдаги нарх, кўпинча, ўтган йилги сабзи билан белгиланади, чунки эртапишар сабзи қимматроқ.
Қизиғи шундаки, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонда сабзи нархи февралдаёқ ёки март ойи бошида кўтарила бошлайди, яъни бозорда янги сабзи ҳосили пайдо бўлгунга қадар, демоқда.
Вазирлик прогнозларини инкор этадиган 3та муҳим омил:
- Сабзавот йиғим-терими тугаганига қарамай, ҳозирданоқ сабзи нархи рекорд даражада юқори;
- Ўзбекистонда эртапишар сабзи бозорга чиқишидан олдин ҳам нархнинг одатий кўтарилиши;
- Россия ва минтақанинг бошқа мамлакатларида сабзи нархининг нисбатан юқори даражаси.
Вазирлик баёнотида айтилганидек, Ўзбекистонда сабзи нархи ҳозирги даражада қолади ва ўсмайди, деб прогноз қилишга жиддий асослар йўқ.
Жорий йилда сабзи ҳосилдорлиги ошдими?
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги сабзи ҳосилдорлиги ва майдонларининг ўсиши ҳақидаги маълумотларни эълон қилди. Аслида ҳам шундайми?
Мантиқан ўйлаб қаралса, агар сабзи етиштириш кўпайган бўлса, нархлар бир йил аввалгидан бир неча баравар юқори бўлиши мумкинми? Нархлар пасайишини кутишимиз керак эмасми?
Фақатгина ички бозорда ёки экспорт бозорларида талаб кескин ўсса, нархлар юқори бўлиши мумкин.
Июль ойи ўрталаридан бери Россияда сабзи нархи Ўзбекистонникидан доимий равишда паст бўлиб келмоқда. Шунга кўра, ушбу даврда нархга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган сабзининг экспорт ҳажмлари мавжуд эмас ва мамлакат ичида талаб кескин ошган, дейишга ҳам жиддий асослар йўқ.
Шунга кўра, катта эҳтимол билан сабзи нархи ошишига 2021 йилда Ўзбекистонда уни етиштириш ҳажми камайиши сабаб бўлган, дейиш мумкин. Эрта баҳордаги совуқлар эртапишар сабзи ҳосилига салбий таъсир кўрсатган бўлиши мумкин, ўртачадан бир неча даража иссиқ кечган қуруқ ва иссиқ ёз эса ўртапишар ва кечпишар сабзи ҳосилини камайтирмаслиги мумкин эмас. Бундан ташқари, ўсиш жараёнида иқлимий стрессга дучор бўлган сабзи одатда яхши сақланмаслигини ёдда тутиш керак. Демак, Ўзбекистонда сақлаш вақтида ҳам сабзини бой бериш даражаси жуда юқори бўлиши мумкин.
Бундай шароитда ушбу сабзавот нархи янада ошиши эҳтимоли бор. Нархлар қачон кўтарилишини олдиндан айтиш жуда қийин, бироқ бу мавсумда нархлар ўсиши одатдагидан эрта бошланишини ҳам инкор этиб бўлмайди.
Мавзуга оид
22:09 / 03.06.2024
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги «зарарли помидор» юзасидан Қозоғистонга сўров юборди
14:07 / 25.07.2023
“Гуруч етишмовчилиги ва нарх ошиши ҳақидаги хабарлар ёлғон, бизда захира етарли” — ҚХВ
18:42 / 19.11.2022
“Сабзи бўлмаса ўзбекнинг уйида палов пишмайди” – гектарига 80 тоннагача ҳосил олаётган карманалик сабзичилар
14:36 / 03.12.2021