Хусусий бандлик агентликлари билан кузатилган фирибгарликлар такрорланмайдими? Вазир ўринбосари ойдинлик киритди
Бугунги кунда Ўзбекистонда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тақдим этилган лицензия асосида 8та хусусий бандлик агентлиги расмий равишда фаолият юритмоқда. 70та агентлик лицензияси эса бекор қилинган. Умуман, 108та агентлик реестрдан ўтган бўлиб, 4та агентлик аризаси рад этилган.
Айрим хусусий бандлик агентликлари лицензияси йўқлигига қарамасдан, ноқонуний равишда, яширин фаолият юритмоқда. Бу жамоатчиликни ташвишга соладиган масалалардан биридир. Чунки лицензиясиз ХБА томонидан юборилган меҳнат муҳожирининг ҳуқуқлари поймол бўлса, уни ҳимоя қилиш имконияти паст бўлади.
Kun.uz мухбири Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мутасаддилари иштирокида ташкил этилган матбуот анжуманида шу хусусда савол берди.
Хусусий бандлик агентликларининг Жамғармага қўйиладиган гаров пули миқдори 50 минг доллардан 200 минг долларгача оширилгач, кўплаб агентликлар фаолияти яширин тус олди. Бир-икки йил аввал хусусий бандлик агентликлари билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари рўй берди. Шундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун вазирлик нималар қилмоқда?
“Хусусий бандлик агентликлари фаолиятига рухсат берилгач, кўплаб фуқаролар айрим агентликлар томонидан алданди. Шундан сўнг қонунчилик талаби ўзгартирилиб, Хорижда ишлаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига хусусий бандлик агентликлари томонидан 50 минг доллар эмас, 180 минг доллар эквивалентида захира маблағи қўйиш белгиланди.
Бу нима учун қилинди?
Албатта, бу маблағ хусусий бандлик агентлигиники. Фаолиятини тўхтатганда бу маблағни қайтариб олади. Мабодо агентлик томонидан юборилган фуқаролар алданиб қолса ёхуд бирор қийинчиликка дуч келса, зарар уларнинг шу маблағидан қопланади.
Иккинчидан, хорижга кетган ҳар бир меҳнат мигранти билан тузилган шартнома labormigration.uz порталида назоратга олинмоқда. Агентликлар фаолияти ҳам мониторинг қилинмоқда.
Бугунги кунда 8та хусусий бандлик агентлиги расман фаолият юритмоқда. Яна 4таси захира пулини тўлаб, лицензиясини кутмоқда. Балки Ўзбекистонда 70-80та эмас, 10тагача хусусий бандлик агентликлари етарлидир.
Шундай ҳолатлар ҳам бўлдики, айрим ХБАлар лицензияси вақтинча олиб қўйилгач, фаолиятини норасмий тарзда давом эттиришга ҳаракат қилиб кўришди. Айримлари билан ўзимиз гаплашдик, бошқа бирларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга беришга тўғри келди. Айримлари пул тўлаб, лицензия олмоқчи.
Японияга юбораётганлар масаласида Япония томони билан алоқага чиқдик. Эндиликда улар ҳам Японияга стажёр визаси билан ишчи юбориш таклифи борасида сайтдаги реестрга қараб аниқлик киритмоқда. Реестрда мавжуд бўлган хусусий бандлик агентлиги бўлса, ҳамкорликни давом эттирмоқда”, - деди бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов.
Мавзуга оид
16:45 / 22.12.2024
Жиззахда тадбиркорнинг биноси учун фойдаланишга рухсатнома олиб бермоқчи бўлган шахс ушланди
09:50 / 18.12.2024
Европада кекса кишиларни алдаган фирибгарлар тармоғи фош этилди
10:00 / 10.12.2024
Молиявий фирибгарликларнинг олдини олишда антифрод тизимларнинг роли қандай?
08:18 / 03.12.2024