Шереметьево аэропортида «яшил» паспорти бўлмаган ўзбекистонликлар қўшимча текширувга олиб кирилган. Элчихона ҳолат бўйича изоҳ берди
Россия чегарачилари ўзбекистонликлардан эски фуқаролик паспортларини талаб қилмоқда. Россияга кириб бораётган ўзбек фуқароларида яшил тусли паспорти бўлмаса, қўшимча текширувга жалб қилинмоқда. Шунингдек, ID-карталари бор ўзбекистонликлар ҳам тўхтатилган. Россия чегарачилари бу ҳукумат буйруғи эканини айтган. Facebook ижтимоий тармоғидаги «Потребител.уз» саҳифасида қолдирилган постда шу ҳақда сўз боради.
«Яқин орада Москвага боришни режалаштираётган барчани огоҳлантиришни истардим. Онам Шереметьево аэропортига учиб келди. Москвадаги паспорт назоратида хорижга чиқиш паспортидан ташқари иккинчи, ички паспортни ҳам талаб қилишган. Кимда яшил паспорти бўлмаса, қўшимча текширувга юборилган. Алалоқибат, онам 3,5 соат ўтказган. Унга жавоб беришганида, текширув пунктида яна кўпчилик қолган», – деб ёзган фойдаланувчилардан бири.
Маълум бўлишича, ID-картаси бор ўзбекистонликлар ҳам ушлаб қолинган. ID-карталар яшил паспортга алмаштирилган ҳужжат, деган изоҳларга эътибор бермаган. Чегарачилар бу ҳукумат буйруғи асосида амалга оширилаётганини айтишган.
Фойдаланувчи Ўзбекистондан борувчиларда ҳар иккала паспорти ҳам бўлиши кераклигини айтмоқда.
«Навбатда транзит рейсда учадиганлар кўп бўлган, улар парвозга кечиккан. Кузатувчи билан келган оғир хаста бемор ҳам бўлган. Чегарачилар бир қизнинг авиачиптаси ўтириш талонини олиб, йўқотиб қўйишган. Шу боис, у талонсиз чиқарилмаган. Ўзингиз билан икки паспортни ҳам олинг ва ўзингизни эҳтиёт қилинг», дейилади хабарда.
Kun.uz мухбири ушбу хабар юзасидан Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ахборот хизмати билан боғланди.
Элчихона вакили Шереметьево аэропортидаги ҳолат ҳақиқатан ҳам бўлганини тасдиқлар экан, Россия Ташқи ишлар вазирлигига воқеа юзасидан изоҳ сўраб нота юборилганини билдирди.
У, шунингдек, ҳолат юзасидан қуйидагиларни қўшимча қилди:
«Ўзбекистонда хорижий мамлакатларга чиқиш учун янги паспорт амалга киритилгач, ўзбекистонликлар фаол равишда халқ тилидаги «қизил» паспортни ола бошлади. Улар орасида Россияга келиб, депорт бўлганлар ҳам бор эди. Улар янги паспорт билан Россияга кириб кела бошлаган. Депорт бўлганларнинг айримлари, ҳатто фамилиясини хотинининг фамилиясига ҳам ўзгартириб, сўнгра «қизил» паспорт олиб, Россияга боришга ҳаракат қилишган.
Шу билан улар ўзларининг эски исм-шарифлари киритилган депортация рўйхатидан чиқиб кетишни режалаштиради», деди элчихона ходими.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 1 январдан эътиборан Ўзбекистон фуқаролари чет элга фақат хорижга чиқиш учун бериладиган янги намунадаги биометрик паспорт билан чиқа олади. Халқаро меъёрларга жавоб берадиган ушбу паспорт 10 йил муддатга берилади.