Жаҳон | 18:15 / 18.11.2021
14265
2 дақиқада ўқилади

Жо Байден янги электрон Hummer'ни ҳайдаб кўрди (видео)

Фото: General Motors

АҚШ президенти Жо Байден General Motors компаниясининг Детройтдаги янги GM Factory Zero заводи очилишида иштирок этди. Бу маросим давомида Байден компания ишлаб чиқарган янги электрон Hummer пикапини ҳайдаб кўрди. Байденга GM бош директори Мэри Барра ва тансоқчиси ҳамроҳлик қилди.

Байден тест-драйв учун мўлжалланган майдонча кичик бўлишига қарамай, машинани ишонч билан бошқариб, кескин ҳаракатларни ҳам амалга оширди. АҚШ президенти янги Hummer'даги махсус Crabwalk режимини ҳам синаб кўрди. Бу режимда машинанинг тўртта ғилдираги бирданига бурилади. Бу тор жойларда машинани буриб олишда қулайлик яратади.

«Бу пикап мендаги Corvette'дан уч баравар оғир, лекин анча тезкор. Hummer – жуда зўр машина», деб Байденнинг сўзларини келтирмоқда Reuters.

Электрлаштирилган GMC Hummer EV 2020 йил якунида намойиш қилинганди. Машинанинг энг зўр версияси умумий минг от кучига эга учта агрегатдан иборат. Машинанинг аккумулятори бир тўлдирилганда 550 км ҳаракатланиш учун етарли бўлади. Машинанинг нархи ҳозирча 110 минг долларга баҳоланган ва кейинчалик арзонлашиши кутилмоқда.

Мавзуга оид