Жамият | 11:50 / 18.11.2021
8288
2 дақиқада ўқилади

Қибрайда фермер хўжалигининг 1,9 гектар ери учун 605 минг доллар талаб қилган шахслар қўлга олинди

ДХХ 3та ҳудудда ер сотиш эвазига жами 700 минг долларга яқин пул талаб қилган фуқароларни қўлга олди.

Скриншот / ДХХ ахборот хизмати

Тошкент шаҳри, Хоразм ва Тошкент вилоятларида ер сотиш эвазига катта миқдорда пул талаб қилиб, унинг бир қисмини олган бир неча киши қўлга олинди.

ДХХ ахборот хизмати хабарида маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи икки фуқаро ўзганинг ишончига кириб, Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган фермер хўжалиги балансида бўлган 1,9 гектар ер майдонини олиб бериш эвазига ундан 605 минг АҚШ доллари талаб қилишади.

ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг шаҳар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, улар сўралган пулдан 60 минг АҚШ долларини аванс сифатида олган вақтида ушланди.

Шунингдек, Хива шаҳрида яшовчи фуқаро тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган шахсдан Урганч шаҳри ҳудудидан 2 сотих ер майдони олиб бериш учун 30 минг АҚШ доллари талаб қилган. У 20 минг доллар олган вақтида қўлга олинди.

Тошкент вилоятининг Чиноз туманида яшовчи фуқаро эса ўғлига тегишли бўлган фермер хўжалигининг 1,8 гектар ер майдонини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 25 минг доллар талаб қилган.

ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармалари ўтказган тезкор тадбирда, у олдиндан 10 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Скриншот / ДХХ ахборот хизмати

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

  • Аввалроқ, Наманган вилоятидаги туманлардан бирининг Давлат солиқ инспекцияси раҳбари, Хоразм вилоятида эса Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими ер сотиш эвазига катта миқдорда пул олаётган вақтда қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид