Ўзбекистон | 07:23 / 22.11.2021
4234
3 дақиқада ўқилади

Аксилкоррупция агентлигига қамоқда сақлаш жойларига монеликсиз кириш ҳуқуқи берилди 

Фото: Getty Images

«Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди

«Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида»ги қонун 23-1-модда билан тўлдирилди, унга мувофиқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари коррупциянинг сабаблари ва шарт-шароитларини ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш учун ўз ваколатлари доирасида қамоқда сақлаш жойларига монеликсиз кириш ва зарур ҳужжатлар билан танишиш ҳуқуқига эга.

«Парламент назорати тўғрисида»ги, «Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида»ги, «Олий Мажлиси Сенатининг регламенти тўғрисида»ги қонунлар тегишли равишда 8-2-, 25-2-, 26-2-моддалар билан тўлдирилди, уларда республикада коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузани кўриб чиқиш тартиби белгиланди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳар йили миллий маъруза тайёрлайди, у агентлик директори томонидан Олий Мажлис палаталарига тақдим этилади. Фракциялар, Олий Мажлис палаталарининг қўмиталари миллий маърузани дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқади, улар Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг мажлисларида мажбурий равишда ҳамда ҳар томонлама муҳокама қилинади. Миллий маърузани кўриб чиқиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси ва Сенат қарорларни қабул қилади, уларда республикада коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар бўлиши мумкин, ушбу қарорлар Коррупцияга қарши курашиш агентлигига юборилади.
 
«Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонун 12-3-модда билан тўлдирилди, унда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ваколатлари белгиланди.

ЖИКнинг 18-моддаси 3-қисм билан тўлдирилди, унда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимларига ўз ваколатлари доирасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаблари ва шарт-шароитларини ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш мақсадида жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз кириш, зарур ҳужжатлар билан танишиш ҳуқуқи берилиши белгиланган.

Мавзуга оид