Ўзбекистон | 19:42 / 23.11.2021
40262
2 дақиқада ўқилади

«Таълим билан тиббиётни биринчи бўлиб ўзгартирамиз» — президент

Президент халқ таълими вазири нега ўқитувчи эмаслигига изоҳ берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур туманидаги мактабга ташрифи чоғида Халқ таълими вазирлигида рўй берган сўнгги ўзгаришлар хусусида гапирди. 

«Мактабларимизни ўзгартиришимиз керак. Нега фарзандларимизга репетитор билим беради? 11 йил ўқиб нега мактабда ўрганмайди? Мактаб масъулиятни ўз бўйнига олиши керак.

Мактаблардаги ҳолат менга маъқул эмас. Биз болаларимизни – бойлигимизни уларга ишониб беряпмиз. Мактаблар энди мурожаатлар қабул қилади.

Таълим билан тиббиётни биринчи бўлиб ўзгартирамиз. 

Икки соҳада ҳам вазирларни ўзгартирдик. Янги тажриба тариқасида халқ таълими вазири лавозимига Хитой элчисини тайинладик. Кимдир ҳайрон бўлиши мумкин – нега бу лавозимга ўқитувчи-педагог тайинланмаганига. Ўқитувчи бўлиш шарт эмас вазир бўлиш учун, фидойи-ватанпарвар бўлиш керак», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда  Kun.uz мухбири.

Президент мактаблардаги спорт заллари, ошхоналарнинг ҳолатидан кўнгли тўлмаганини таъкидлади. 

«Ҳеч ким келиб бизга қилиб бермайди. Дунёқарашимизни, маънавиятимизни, маданиятимизни ўзгартирмасак ҳеч нарса ўзгармайди», деди Шавкат Мирзиёев.

  • Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойи бошида Давлат солиқ қўмитасининг собиқ раиси, шу вақтгача бош вазирнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган Беҳзод Мусаев соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланди.
  • Кўп ўтмай турли йилларда Вазирлар Маҳкамаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида турли лавозимларда ишлаган, сўнгги беш йилда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси бўлган Бахтиёр Саидов Халқ таълими вазирлиги раҳбари бўлди.

Мавзуга оид