Жамият | 15:25 / 29.11.2021
12804
7 дақиқада ўқилади

«Қишлоқ мактаби мени таржимон сифатида кашф этди» — нуроталик ёш ўқитувчи ҳикояси

Фото: KUN.UZ

Сардор Салимов – Навоий вилояти Нурота туман марказидан 15 км узоқликдаги Чўпонобод қишлоқ мактабида рус тили ўқитувчиси. У Kun.uz’га «1985» асарининг таржимаси ҳақида гапириб берди.

«Қишлоқ мактаби мени таржимон сифатида кашф этди»

Болалигидан шеър қоралаб, мақола ёзиб юриб, илк китоби бадиий таржима йўналишида чоп этилиши ўзининг ҳам хаёлига келмаган эди. Уни туман марказидан 15 км узоқда жойлашган қишлоқ мактаби таржимон сифатида кашф этди.

«Таржимонликни бошлаганимга кўп бўлмади. Олийгоҳнинг сўнгги йилида Александр Файнбергнинг ўзимга маъқул бўлган бир-икки шеърини ўзбекчага ўгиришга ҳаракат қилгандим. Албатта, илк машқларда ютуқлардан кўра камчиликлар кўпроқ эди. То Энтони Бёржесснинг «1985» романи таржимаси менга топширилгунча, атиги иккита шеър таржима қилганман. Қолгани – қоғозда қолиб кетган машқлар.

Соҳада билимимни ошириш, катта асарларни ўзбек китобхонига тақдим этиш ниятим бор; ярим йўлда ташлаб кетиш ниятим эса йўқ ва албатта, қачонки таржима қилишга арзийдиган бирор нарса ёзганимда ўзимнинг ижодий ишларимни ҳам таржима қилиш ниятим бор», —дейди у.

«1985» гача йўл...

«Шу йилнинг апрел ойида навоийлик ижодкор Феруз Неъматуллаев «1985» романини телеграм тармоғи орқали ташлаб, мана шу асарни бир ўгириб кўрмайсизми, қўлингиздан келадиган иш, гонорари ҳам яхшигина, деб қолди. Кейинчалик маълум бўлишича, «Забаржад-медиа» нашриёти раҳбари Маъмура Қутлиева асарни таржима қилиб беришни Феруз Неъматуллаевга таклиф қилган, у эса айрим сабабларга кўра таклифни рад этиб, Маъмура опага мени тавсия қилган. Нашриёт раҳбари билан телефон орқали боғландик.

Дастлабки бетларини таржима қилиб жўнатдим. Ишим маъқул келгач, бутун асарни таржима қилиш вазифаси каминага топширилди», — дея таржимонлик соҳасига қандай кириб келганини ҳикоя қилди Сардор Салимов.

«1984» ва «1985»: уларнинг қандай боғлиқлиги бор?

Асар номи шундай ва Оруэллнинг машҳур романига боғлиқлик жойи ҳам бор. Китоб икки қисмдан иборат. Биринчи – «1984» қисмида ёзувчи Энтони Бёржесс «1984» романини таҳлил қилади, Оруэллнинг ютуқ ва камчиликларини санаб ўтади, келажак, сиёсат, жамият ҳақида ўз қарашларини баён этади.

«Эътиборли жиҳати — Бёржесс таҳлилнинг ноанъанавий йўлларидан фойдаланган. Асарнинг иккинчи қисми эса «1985» дея номланган бўлиб, Бёржесснинг шу номдаги романини ўз ичига олади. Китоб 1978 йилда ёзилган.

Асар воқеалари эса 1984 йилнинг охиридан — Рождество байрами кунларидан бошланади. Бу ерда маркетинг масаласида қаттиқ бош қотирилмаган, деб ўйлайман. Сабаби романда глобал миқёсдаги мавзулар қамраб олинади. Бу эса, ҳар қандай китобсеварни бефарқ қолдирмаслиги шубҳасиз. Қолаверса, асар номининг ўзи тайёр реклама. Лекин роман «1985» деб номланмаган тақдирда ҳам, ўз ўқувчисини топа олишига ишонаман», — дейди у.

«Мени таъсирлантирган парча»

«Мен шоирман. Шоирлар ҳиссиёт кишиларидир. Баъзан ақлнинг ўрнига юракка қулоқ солиб юборадилар. Шу боисдан бўлса керак, бош қаҳрамон Бев Жонснинг рафиқаси вафот этган эпизод ва руҳий касаллар шифохонасида унинг ўз жонига қасд қилиш жараёнидаги ҳолати мени тўлқинлантирди.

Лекин асарда бир инсон ҳаётидан кўра муҳимроқ масала — таназзулга учраётган жамият тақдири қаламга олинган. Алоҳида эпизодлардан кўра, китобхон айнан шу жиҳатга эътибор қаратиши афзалроқ, деган ўйдаман», — дейди таржимон.

«Асарни иложи борича аслиятда ўқиган афзал»

«Ҳар қандай адабий асарни иложи борича аслиятда ўқиган афзал. Мабодо бунга имкониятингиз бўлмаса, таржимага мурожаат қиласиз. «1985» ни ўзбекчалаштириш жараёнида инглиз тилини билмаганим учун ўзимдан жуда ранжидим. Агар аслиятдан таржима қилганимда яна ҳам яхшироқ бўларди, деган ўйлар ҳам кечди.

Ахир китобхон уни учинчи тилда ўқийди ва бу ҳолатда асар мазмуни аслидан анчагина узоқлашиши турган гап. Шундай бўлса ҳам, иложи борича асар руҳиятини, ёзувчининг услубини сақлаб қолишга ҳаракат қилдим. 100 фоиз деёлмайман-у (бунинг иложи ҳам йўқ), 80 фоиз мақсадимга эришдим, деб ҳисоблайман Айтишим лозимки, таржима жараёни жуда қийин кечди ва катта мактаб вазифасини ўтади», — деди Сардор Салимов.

«Таржимага танқидлар бўлмаган»

«Таржимага танқидлар ҳозирча йўқ. Боиси китоб яқиндагина чиқди. Ҳозирча кенг миқёсда тарқалгани ҳам йўқ. Масалан, ҳали бизнинг вилоятимизга етиб келмади. Мутолаага киришганлар ҳали китобни ўқиб тугатмаган бўлишса ҳам керак. Атрофдагилардан ҳозирча фақат ижобий фикрлар эшитяпман. Мабодо, ўринли танқид бўлса, албатта, уни қабул қиламан», — дейди ўқитувчи-таржимон.

Иқрор…

«Китобнинг тайёр вариантини ўқиб чиқиш жараёнида кўп маротаба ичимдан «Эҳ, мана бу жойда мана бу сўзни қўлласам бўлар экан, мана бу сарлавҳани сал ўзгартирса бўларкан, бу диалог озгина маромига етмапти...», каби ўйлар кечди ва бу ҳаммада бўладиган нормал жараён. Қолган асарларда бу камчиликларни такрорламасликка ҳаракат қиламан».

«Китобхон эътибор бериши керак бўлган қисм»

«Ўзбек китобхони 1-қисмга эътибор бериши керак, деб жавоб бераман. Сабаби, биринчи қисмда тилга олинган мулоҳазалар анчагина ўйга толдиради одамни. Оригинал фикрлар ўртага ташланган.

Асарнинг киришида ёзувчининг келажак ҳақидаги башоратларидан киши озгина қўрқувга тушса-да, ноодатий фикрлар барибир ўқувчини ўзига оҳанрабодек тортади».

Китоб таржимасидаги қийинчиликлар

Китоб таржимасида қийинчиликлар етарли бўлди. Асосий мураккаблик, романдаги инглизча руҳни сақлаб қолишга ҳаракат қилиш жараёнида бўлди, дейди Сардор Салимов.

«Чунки, китобни рус тилидан таржима қилаётгандим. Русчага ўгирилиш жараёнида ҳам табиийки китоб инглизча «қиёфа»нинг катта қисмидан айрилган. Шу боисдан инглиз менталитети, сўзлашув манерасини ўзбек китобхонига иложи борича бузмасдан етказиш вазифаси турарди олдимда. Бу вазифани уддалай олдимми-йўқми, баҳони китобхон беради», — дейди таржима муаллифи.

Умида Сатторова суҳбатлашди.

Мавзуга оид