Ўзбекистон | 10:35 / 29.11.2021
3741
2 дақиқада ўқилади

Урганчда кураш бўйича Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган мусобақа якунланди

Хоразм вилояти, Урганч шаҳрида ёшлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган Марказий Осиё халқаро кураш турнири ўтказилди.

Фото: Хоразм вилояти ҳокимлиги

Мусобақа «Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори ижроси доирасида, 26-28 ноябрь кунлари ташкил қилинди. Унда Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистондан 30 га яқин, Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан 200 га яқин полвон кураш гиламига чиқди. Эркаклар 6 та вазн тоифасида, аёллар 4 та вазн тоифасида ғолиблик учун курашдилар.

Турнир ўзбекистонлик спортчиларнинг яққол устунлиги остида ўтди. Улар 10 та олтин, 10 та кумуш, 18 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгалладилар. Тожикистон ва Қозоғистон курашчилар 1 тадан бронза медалини қўлга киритишди.

Олтин медал қўлга киритган спортчилар – Хуршид Чориев (-55 кг), Мирфайз Баҳриддинов (-66 кг), Алимардон Абдулахатов (-73 кг), Абдулазиз Абдулазизов (-81 кг), Жаҳонгир Маматраҳимов (-90 кг), Муҳаммадқодир Мансуров (+90 кг), Ситора Элмуродова (-52 кг), Оля Ҳамидова (-63 кг), Шаҳноза Бозорова (-70 кг), Покизахон Камолиддинова (+70 кг).

Ўзбекистон миллий жамоаси таркибида иштирок этган хоразмлик спортчилар 1 та кумуш ва 9 та бронза медалига эга бўлишди. Кураш федерациясининг Хоразм вилоят бўлимига эса «Damas» русумли автомашина совға қилинди.

Мавзуга оид