Ўзбекистон | 14:07 / 01.12.2021
43424
15 дақиқада ўқилади

«Дунё сувсиз қолса, туяга не ғам» ёхуд Сув хўжалиги вазирлиги нега уйқуда?

Ўзбекистонда сув ресурсларидан фойдаланиш даражаси таҳликали нуқтага етган бир пайтда ҳаракатлари туяга ўхшаб келаётган Сув хўжалиги вазирлиги «панада ва уйқуда».

Фотоколлаж: Kun.uz

Туя — сувсизликка энг чидамли, асосан чўлларда учрайдиган, оғир-босиқ ва энг муҳими унча-мунчага овози чиқавермайдиган жонивор.

Бугун биз ҳаракат (ҳаракатсизлик)лари билан шу жониворни эслатиб юборувчи вазирлик ҳақида сўз юритамиз.

Қуруқ иқлими туфайли ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди ҳар қандай цивилизациянинг яшаб қолиши ва тараққий этиши учун асосий омил бу сув ресурсларидан тўғри фойдаланиш бўлиб келган.  Минтақадаги дастлабки йирик шаҳарлар: Самарқанд ва Бухоро Зарафшон дарёси бўйида, Термиз, Урганч ва Хива Амударё бўйида барпо этилгани ҳам бежиз эмас. Ушбу ҳудудлардаги давлатлар сув туфайли минтақада устун мавқега эга эди, тарихан ҳам сув минтақада барқарорликни таъминлашда энг муҳим восита бўлиб келган.

Охирги йилларда сув манбаларидан нотўғри фойдаланиш натижасида турли жиддий муаммолар пайдо бўлмоқда ва Орол денгизининг бугунги ҳолати бунга аянчли бир мисолдир.

Қишлоқ хўжалигида сувнинг исрофи туфайли бутун бир денгиздан маҳрум бўлган мамлакатмиз. Орол денгизининг қуриши оқибатида Ўзбекистоннинг катта қисми чўллашишга маҳкум бўлди ва бу жараён ҳануз давом этаётгани ҳақида такрор-такрор бонг уриляпти.

Бироқ амалда обиҳаётни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш бобида ҳолатимиз ўта ёмон.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FАО) экспертларининг ҳисоботларида қайд қилинишича, Ўзбекистонда сув ресурсларидан фойдаланиш даражаси таҳликали нуқтага етган. Мамлакат ўз сув захираларининг 169 фоизидан фойдаланмоқда. Бу даҳшатли кўрсаткич.

Хўш, Ўзбекистонда сув манбаларидан тўғри фойдаланиш ва уларнинг сарфи бўйича ваколатли давлат ташкилоти ҳисобланган Сув хўжалиги вазирлиги нима билан банд?

Сув тақчиллиги ва сув захиралари шиддат билан камайиб бораётган бир пайтда Сув хўжалиги вазирлиги - таҳдидлар ҳақида бирор марта оғиз очмади.

Вазирликнинг расмий сайтида бериб борилаётган янгиликларнинг сўнгги бир ойлигига эътибор қаратадиган бўлсак, асосан кадрлар малакаси оширилаётгани, кўчат экиш ишлари бажарилаётгани, “экскаваторчиликнинг меҳнати оғир нони эса жуда тотли” экани, қаердадир ўрдак боқиш йўлга қўйилгани, қаердадир сувчиларга қулай шароит яратилаётгани ҳақидаги хабарларни учратиш мумкин.

Вазирлик эрмак учун тузилмаган…

Давлат раҳбарининг ташаббуси билан бежиз 2018 йил 12 февралда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибидан ажратилиб, алоҳида Сув хўжалиги вазирлиги тузилгани йўқ. Бундан кўзланган асосий мақсад соҳага илм-фан ютуқлари, сувни тежовчи замонавий технологияларни жорий қилиш, жамийки сув ресурсларининг хавфсизлигини таъминлаш эди.

«Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорида белгиланишича, вазирликнинг асосий вазифаси сув ресурсларини бошқариш, сувларнинг ҳисоби ва балансини шакллантириш соҳасида ягона сиёсатни амалга ошириш, шунингдек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, сувларнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиришдан иборат.

Шунингдек, аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва атроф-муҳитнинг сувга бўлган муттасил ошиб бораётган эҳтиёжларини қондириш учун шарт-шароитлар яратиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш ҳам вазирлик зиммасига юклатилган.

Тўғри, вазирлик ўзининг функционал вазифалари эсга тушиб, “ташвишли” баёнот ҳам берган.

«Ўзбекистонда фойдаланилаётган жами сув ресурсларининг 20 фоизи мамлакат ичкарисида, 80 фоизи эса қўшни Тожикистон ва Қирғизистон ҳудудида шаклланади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, сўнгги 40 йилда Тожикистонда мавжуд бўлган 8 мингдан ортиқ музликлар майдонининг 30 фоизи, Қирғизистондаги 10 мингга яқин музликлар майдонининг 16 фоизи эриб кетган. Асрий музликларнинг қисқариш тенденцияси давом этяпти. Шу билан бирга, охирги 20-30 йилда минтақада ёғингарчилик миқдори ҳам сезиларли даражада камайди. Бу эса сув ресурслари ҳажмига ўз таъсирини кўрсатяпти. Ёғингарчилик нисбатан кам бўлган 2021 йилда мамлакатимизда сув танқислигининг олдини олиш, иқтисодиёт тармоқлари, қишлоқ хўжалиги ва аҳоли томорқаларига сувни етказиб бериш учун Сув хўжалиги вазирлиги томонидан барча зарурий чора-тадбирлар кўрилмоқда»,дейилган баёнотда.

Бу баёнотни ҳам Энергетика вазирлиги томонидан сув захиралари камайиши гидроэлектр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқаришнинг 23 фоизга қисқаришига сабаб бўлгани ҳақидаги хабаридан кейин беришга мажбур бўлишган чамаси – икки баёнотнинг ораси 14 дақиқа... Мажбуран тақдим қилинганга ўхшайди.

Хабар вазирлик сайтида бор-йўғи 36 марта ўқилган, холос.  Вазирлик бу баёнотини ўзининг телеграмдаги расмий каналида эълон қилишни-да лозим топмаган.

Вазирликлардан қайси бирини тугатиш бўйича Xushnudbek.uz телеграм каналида ўтказилган сўровномада респондентларнинг 34,9 фоизи Сув хўжалиги вазирлигини кераксиз деб ҳисоблашини билдирган. Нега одамлар вазирликка нисбатан бундай муносабатда?

Соҳага бюджетдан триллионлаб пул ажратилади

Агар рақамларга эътибор қаратиладиган бўлса, вазирликка 2021 йилда 2,82 трлн сўм маблағ ажратилган. 2022 йилда бу миқдор 3,44 трлн сўмгача оширилиши кўзда тутилмоқда.

Таққослаш учун, келаётган йилда Соғлиқни сақлаш вазирлигига 3,06 трлн сўм пул ажратилиши кутиляпти.

Кўриб турганингиздек, вазирлик давлат бюджетидан энг кўп миқдорда пул ажратилаётган соҳалардан бири ҳисобланади. Аммо кўзга кўринадиган ишларини деярли кузатмаяпмиз.

Сув сарфи, айниқса беҳуда оқиб кетаётган сув кўлами шунчалар каттаки, уни кичик рақамларда ифодалаш имконсиз. Миллион, миллиардлаб куб сув шунчаки оқизиб юборилади. Негадир бунга вазирлик жуда ҳам кам эътибор қаратяпти.

Сув танқислиги шароитида экинларни кўллатиб суғориш ва сувни зовурга ташлаб қўйишнинг ҳар бир ҳолати фавқулодда вазият сифатида баҳоланиши керак эмасми аслида. Аммо фермер хўжаликларининг асосий қисмида бунга деярли амал қилинмайди. Баъзи оқова сув танқис жойларда эса одамлар артизан қазиб, ичимлик сув учун яроқли ресурслардан ҳам экинларни суғоришда фойдаланмоқда.

Ноқонуний карьерлар муаммоси

Карьерларнинг тинимсиз фаолияти натижасида дарёлар ёнидаги яшил табиат масканлари қуриб боряпти, сув сатҳи пасаймоқда ва аҳоли турли хил оғир муаммоларга дучор бўляпти. Хусусан, айнан карьерлар туфайли Зарафшон дарёсида сув сатҳи пасайиши оқибатида Самарқанддаги қатор ҳудудларда сув танқислиги кузатила бошланган. Жойларда нафақат экин майдонлари, балки аҳолини ҳам сув билан таъминлашда жиддий муаммолар аллақачон бошланиб бўлган. Айрим аҳоли яшаш пунктларида қудуқлар қурий бошлаган. Марказлашган ичимлик сув таъминотида ҳам узилишлар ортиб бормоқда.

Зарафшон дарёси ёқалаб, бир неча километр масофада дарёнинг исталган жойи тўсилиб, у ердаги исталган жойдан тош-шағал олинмоқда. Дарё суви айрим жойларда ниҳоятда кенгайиб, айрим жойларда қисқариб оқмоқда. Баъзи жойларда сув қирғоқдан 200 метргача олислаб кетган, дарё ўз ўзанини ўзгартирган, қирғоқдаги дов-дарахт ва буталар қуриб, йўқ бўлиб кетмоқда. Зарафшон дарёси узра солинган Самарқанд шаҳри яқинидаги иккита кўприк ҳам чўкиб, янгидан барпо қилинди. Бунга бирдан бир сабаб — дарё ўзанидан хўжасизларча тош-шағал қазиб олинишидир.

Тошкентнинг асосий сув манбайи бўлган Чирчиқ ва Жиззахнинг Сангзор дарёларида ҳам шу аҳвол.

Ушбу ҳолат юзасидан Сув хўжалиги вазирлиги томонидан бирор марта рейд тадбирлари ўтказилганлиги, сув манбаларига зарар етказилиши  билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари ўрганилганлиги ҳақида маълумотларга дуч келмадик. Вазирлик шу зайлда ишлашни давом этса, ҳали-бери дуч келмасак ҳам керак.

26 ноябрь куни АОКА мажлислар залида Экология қўмитаси мутасаддилари жамоатчиликнинг доимий эътирозларига сабаб бўлаётган бўлса-да, фаолиятини тўхтатиш борасида бирор иш қилинмаётган Зарафшон дарёсидаги карьерлар масаласига тўхталиб ўтганди.

«Карьерларнинг тинимсиз фаолияти натижасида дарё ёнидаги миллий табиат боғидаги дарахтлар қуриб қоляпти. Лекин бундан ҳам хавфли бир ҳолат борки, бу — аҳвол шу зайлда давом этса, дарёнинг чап тарафидаги сув тўсқичлардан ҳам сув қочади. Агар улардан сув қочса, Самарқанд шаҳри сувсиз қолади», — дея таъкидлаб ўтган Экология қўмитаси раисининг ўринбосари Исломбек Боқижонов. Сув хўжалиги вазирлиги эса сукут сақлашда давом этмоқда.

Сув тақчиллиги ортидан юзага келадиган таҳдидлар

Биринчидан, қурғоқчилик ва сув танқислиги қишлоқ хўжалиги экинларининг қисқаришига ва чорва молларининг нобуд бўлишига олиб келади.

Агар 2020 йилдаги статистик маълумотларга қарайдиган бўлсак, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 26,1 фоизи қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжаликларига тўғри келган. Бундан ташқари, республика экспортининг 30 фоиздан ортиғини қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари билан боғлиқ маҳсулотлар ташкил этади.

Норасмий маълумотларга кўра, қишлоқ жойлардаги аҳолининг 20 фоиздан кўп қисми қишлоқ хўжалигидаги соҳалар орқали иш билан таъминланган ва тирикчилик қилади. Йилдан йилга сув тақчиллиги ортиши эса озиқ-овқат маҳсулотлари нархи қимматлашишига, инфляция ва ишсизлик кўрсаткичлари ортишига олиб келади.

Иккинчидан, Марказий Осиё давлатлари сув ресурслари нуқтаи назаридан иккига ажратилади. Қозоғистон ва Ўзбекистон каби давлатлар «қуйи оқим», Тожикистон ва Қирғизистон эса «юқори оқим» мамлакатлар сифатида кўрилади. Сув танқислигининг ортиб бориши сабаб юқори оқимдаги давлатлар ва қуйи оқимдаги давлатлар ўртасида қуйидаги масалаларда муаммоли вазиятлар юзага келиши мумкин:

  • трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан бир томонлама ва келишилмаган ҳолда бошқаришга интилишнинг кучайиши;
  • сувни тижоратлаштириш ва унга товар сифатида муносабат бўлиш кайфиятининг ортиши;
  •  ички энергетик эҳтиёжларни таъминлаш учун юқори оқимдаги мамлакатлар томонидан Амударё ва Сирдарёнинг асосий трансчегаравий ирмоқларида янги йирик гидроэлектрик сув омборларини қуриш истагининг ошиши.

Учинчидан, ўтган асрнинг 60 йилларида сувга жуда талабчан пахтанинг эҳтиёжларини қоплаш учун интенсив суғориш тизимига ўтиш натижасида Орол денгизига қуйиладиган икки дарё суви сезиларли даражада қисқарди ва шу билан денгизга сув тушмай қолди. Денгизнинг қуриган қатламидан келиб чиққан чанг ва тузли бўронлар суғориладиган ерларга ҳам, аҳоли соғлиғига ҳам таъсир қилмоқда ва бу ичимлик суви танқислиги, хавфли касалликлар тарқалиши, яшаш шароитлари оғирлашиши натижасида аҳоли миграциясини йилдан йилга кучайтирмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, фақатгина Марказий Осиё давлатларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари Орол денгизининг янада қуриб кетишининг олдини олиши мумкин. Афсуски, минтақа давлатлари умумий декларация ва меморандумларни имзолашдан нарига ўтмаяпти. Орол денгизи муаммосини ҳал қилишдаги муваффақиятсизликларнинг асосий сабаби сифатида, унинг асосан Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудида жойлашгани ва бу республикаларнинг «ички денгизи» ҳисобланиши билан изоҳлаш мумкин. Қолган республикалар эса ўзларининг ички гидроэнергетик сиёсати ва интенсив қишлоқ хўжалигини ривожлантиришдаги мақсадлари сабаб юзага келаётган катастрофик вазиятга етарли даражада эътибор қаратаётгани йўқ.

Иқтисодий тараққиёт маркази директори Юлий Юсуповнинг фикрича, иқлим ўзгариши минтақадаги асосий дарёларга сув етказиб берувчи тоғдаги музликларнинг эришига олиб келмоқда. Сўнгги 50-60 йилда музликларнинг майдонлари тахминан 30 фоизга қисқарган. Тахминларга кўра, ўртача йиллик ҳарорат 2 даражага кўтарилган тақдирда музликлар ўз ҳажмининг 50 фоизини йўқотиши мумкин, ҳарорат 4 даражага кўтарилган тақдирда эса — бу ҳажм 78 фоизгача етади. Натижада, мавжуд сув ресурслари ҳажми ҳам қисқаради.

Масалан, Ўзбекистон фойдаланадиган сувнинг йиллик ҳажми сўнгги йилларда ўртача 51-53 млрд куб метрни ташкил қилади, бу эса ўтган асрнинг 80-йилларига қиёслаганда 20 фоизга камдир. Шу билан бирга, мамлакат аҳолиси ушбу муддат ичида 1,5-2 баравар ўсган.

Йилдан йилга ўсиб бораётган сув танқислиги муаммосини икки ҳолат оғирлаштиради. Биринчидан, Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлардан келадиган сув таъминотига боғлиқлиги юқори даражада (истеъмол қилинадиган сувнинг 80 фоизи ташқаридан келади). Шунинг учун ҳам сув танқислиги муаммосини ушбу давлатлар билан келишмасдан ҳал этиб бўлмайди.

Иккинчидан, Ўзбекистонда ичимлик сув жуда самарасиз сарф қилинади, айниқса, мамлакатдаги сув ресурсларининг 90 фоизини истеъмол қилувчи қишлоқ хўжалигида. Сув истеъмолчиларга етказиш вақтида ва истеъмол жараёнида ҳам йўқотилади. Чунки ўта эскирган ва чириган инфратузилма сабабли суғориш тизимларидаги йўқотишлар 35-40 фоизни ташкил қилади, суғориладиган ерларнинг жуда кам қисмида сув тежовчи технологиялар татбиқ этилган.

Бу ҳолатларнинг биринчиси ҳукуматлараро масала бўлса, иккинчиси, айнан Сув хўжалиги вазирлиги томонидан бевосита қилиниш керак бўлган ишлар қаторидаги энг устуворлари ҳисобланади.

Яна бир бор туяга қиёслаганимиз – вазирлик ҳақида

Вазир Ҳамроев Шавкат Раҳимович, 2018 йил 12 февраль бери сув хўжалиги вазири лавозимида ишлаб келмоқда. Унинг 3 та ўринбосари бор: Азимжон Назаров (вазирнинг биринчи ўринбосари), Акмал Мирзаев, Рустам Қаршиев. Битта вазир ўринбосарининг ўрни айни пайтда вакант.

Шавкат Ҳамроев

Шавкат Раҳимовичнинг Янги Зеландиядан келган маслаҳатчиси ҳам бор – Жон Райт. У давлат-хусусий шериклик ва рақамли технологияларни ривожлантириш ишларига масъул.

(Чапдан) Азимжон Назаров, Акмал Мирзаев, Рустам Қаршиев ва Жон Райт.

Вазирликнинг марказий аппаратида 82 та ходим ишлаши кўзда тутилган.

Ҳудудларнинг ҳар бирида Ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, Мелиоратив экспедициялар, Насос станциялари ва энергетика бошқармалари каби ташкилотлари бор ва соҳада минглаб одамлар ишлашади.

Биргина 2021 йил октябрь ойи иккинчи ярми учун Сув хўжалиги вазирлиги тизимида ишловчи ходимларга 37 млрд 626 млн сўм маблағ ажратилган (маълумот Молия вазирлигидан олинди).

Шу ўринда Сув хўжалиги вазирлигига бир нечта савол билан мурожаат қилмоқчимиз.  

Ҳурматли Шавкат Раҳимович, 3 нафар ўринбосарингиз ва хорижий маслаҳатчингиз билан келажаги буюк деб айтилаётган Ўзбекистон халқини сувсизликдан қутқариш учун нималар қилдингиз, нималар қиляпсиз, нималар қилмоқчисиз? Келгусидаги экологик хатарларнинг олдини олиш бўйича ҳукуматга ёки давлат раҳбарига қандай аниқ режалар киритдингиз? Ўзбекистон аҳолиси учун яна неча йиллик сув захираси қолди?

Илтимос, шулар ҳақида аниқ ва асослантирилган жавоблар берсангиз. Зеро, миллионлаб ўзбекистонликларнинг келажакдаги осуда ва фаровон ҳаётига айни дамда сизлар бошқалардан кўра кўпроқ масъулсизлар.

PS: Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Kun.uz'нинг интервью бериш ҳақидаги таклифига розилик билдирган, бироқ интервью шу йилнинг баҳоридан буён ортга суриб келинмоқда.

Достон Аҳроров

Мавзуга оид