Жаҳон | 17:22 / 01.12.2021
62850
12 дақиқада ўқилади

«Омикрон»: Ваҳимага ҳожат борми?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 24 ноябрь куни ЖАРда қайд этилган коронавируснинг янги варианти «Омикрон» билан боғлиқ умумий глобал хавфни жуда юқори деб баҳолаган. 

Фото: EPA

ЖССТ ташкилотнинг барча 194 аъзосини хавф гуруҳида бўлганларни эмлашни жадаллаштиришга ҳамда тиббиёт муассасаларига бўладиган навбатдаги оқимга тайёр туришга чақирди.

Бугунги кунда ковиднинг янги варианти туфайли бирорта ўлим ҳолати қайд этилмаган бўлса-да, ЖССТ «омикрон»да рўй берган кўплаб мутациялар унга эмланган ёки ковиднинг бошқа штаммларига чалиниб тузалган одамларнинг иммун тизимини четлаб ўтишга ёрдам бериши мумкинлигини таъкидлаган.

«Касалликнинг қай даражада оғир кечишидан қатъи назар, касалланиш ҳолатлари сони ортиши соғлиқни сақлаш тизимларига қўшимча юклама олиб келиши, бу эса ўз навбатида ўлим ҳолатлари сонини кўпайтириши мумкин. Шунинг учун, айниқса вакцинация даражаси паст бўлган мамлакатларда хавф гуруҳига мансуб бўлганлар зарба остида қолиши мумкин», дея огоҳлантиради ЖССТ.

Бугунги кунда «омикрон» қайд этилган мамлакатлар сони 20дан ошди: Австралия, Австрия, Ботсвана, Бельгия, Буюк Британия, Бразилия, Дания, Германия, Ҳонгконг, Исроил, Италия, Испания, Канада, Нидерландия, Нигерия, Португалия, Саудия Арабистони, Швеция, Швейцария, ЖАР, Чехия ва Япония.

Байден ваҳима қилмасликка чақирмоқда

Фото: Getty Images

Якшанба куни Шимолий Америка ҳудудида, Канадада «омикрон»нинг илк ташувчиси қайд этилди, душанба куни эса АҚШ президенти Жо Байден бу штамм «хавотирга сабаб бўлиши, аммо ваҳима қилиш керак эмаслиги» ҳақида гапирди.

Оқ уйда чиқиш қилган Байден «Омикрон» АҚШга ҳам кириб келишидан қочиб бўлмаслигини айтган.

АҚШ душанба кунидан қуйидаги мамлакатлардан авиарейсларни бекор қилди: ЖАР, Ботсвана, Зимбабве, Намибия, Лесото, Эсватини, Мозамбик ва Малави. Жо Байден бу тақиқлар орқали АҚШ янги штаммни ўрганиш учун вақтдан ютиши мумкинлигини таъкидлади.

«Бизда - дунёдаги энг яхши вакцина, энг яхши дори-дармонлар, энг яхши олимлар ва биз ҳар куни ўрганишда давом этамиз», деган АҚШ президенти.

ЖССТ огоҳлантиришларига қарамай, Қўшма Штатлар қатъий локдаунга қайтмайди.

«Ҳозирча ваҳимага ҳожат йўқ»
Николай Воронин, BBC’нинг илмий масалалар бўйича корреспонденти

PA MEDIA

Чегаралар зудлик билан ёпилганига қарамай янги штамм бир ҳафта муддат ичида ўнлаб мамлакатларга тарқалгани ҳайрон қоларли ҳолат эмас. 

Илмий ёндашув олдинги кузатувлар натижаларини таҳлил қилишга асосланади ва шунинг учун доимий ўзгаришда бўлган реалликдан ортда қолади. Айниқса гап бир неча кундан кейин ўзини намоён қиладиган, баъзи ҳолларда эса умуман симптомларсиз қоладиган инфекция ҳақида кетганда бу ўринлидир.

Ўтган йил февралида, ЖССТ экспертлари ҳамон Хитой янги касаллик тарқалишини ўз ҳудудида бўлмаса-да, Шарқий Осиё минтақасидан ташқарига чиқармасликнинг уддасидан чиқишига умид қилаётганида, вирус, кейинроқ маълум бўлганидек, аллақачон Америкага ҳам, Европага ҳам етиб борганди.

Ҳозирда ҳам айнан шу каби ҳолат бўлиши мумкин. Жанубий Африкадан Нидерландияга келган икки рейс йўловчилари бўлган ўнлаб кишиларда янги штамм аниқланди. Ой бошидан буён ЖАРдан Европанинг ўзига тахминан 300 рейс амалга оширилган - бу 100 мингга яқин йўловчи деганидир.

Шунинг учун, бутун дунёда чегаралар ёпилиши ва бошқа чеклов чоралари кучайтирилишидан мақсад - вирус тарқалишини тўхтатиш эмас (бу умуман имконсиз иш), балки унинг тарқалишини секинлаштириш эканини тушуниш керак. Вақтдан ютиш орқали янги вариантнинг хусусиятларини яхшироқ ўрганиш ва унинг аввалги штаммларга қараганда қанчалик хавфли экани, умуман хавфли ёки хавфли эмаслиги борасида хулосалар қилиш мумкин бўлади.

Ҳозирда мутахассислар бир овоздан ҳозирча ваҳима қилишга эрта экани ҳақида айтишмоқда. Бугунги кунда биз ушбу штаммга чалинганда касаллик оғир кечиши, ўлим даражаси юқори бўлиши ва таблоидлар ўқувчиларини қўрқитаётган бошқа оқибатлар уёқда турсин, ҳатто янги вариант нисбатан тез юқувчан экани ҳақида аниқ маълумотга эга эмасмиз.

Шу билан бирга, мавжуд далиллар ҳозирча «айбланувчи» фойдасига эмас. «Омикрон»ни олимлар Жанубий Африкада янги тўлқин бошлаганига эътибор қаратишганида аниқлашди. Бу мамлакатда сўнгги уч ҳафтада янги ташхис қўйилганлар сони 13 баробарга кўпайди - уч ҳафта олдин кунлик ҳолатлар сони 275та бўлган, эндиликда кунига ўртача 3700 ҳолат.

Мантиқан тахмин қилиш мумкинки, касаллик бундай авж олиши сабаби - вирус қобиғидаги тожга ўхшаш тиканлар - спайк-оқсилда бирйўла ўттиз мутация борлиги бўлган, айнан шулар вирус инсон ҳужайраларига кириб олишида ёрдам беради. Шу билан бирга, бу версия ҳозирча лаборатория текширувларида расман тасдиқлангани йўқ, янги тўлқинни эса бошқа сабаблар билан ҳам изоҳлаш мумкин.

Масалан, ЖАРда катта ёшли аҳолининг тўртдан бир қисми ҳам вакцина олмаган, шундай экан, ЖССТ бу мамлакатда касаллик авж олиши бирор йирик оммавий тадбир вақтида рўй берганини ҳам истисно этмайди.

Шунингдек, бошқа хавотирлар борасида ҳам тахминан шундай фикрлар билдириш мумкин: ҳозирда «омикрон» ўлим даражасини ошириши ҳам, янги штамм вакцина ҳосил қилган иммун ҳимоясини четлаб ўтиши ҳам ҳозирча илмий тасдиқларга эга эмас ва яқин ҳафталарда ҳам бундай тасдиқ бўлиши даргумон.

Ҳозирча, экспертларнинг фикрига кўра, аниқ айтиш мумкин бўлган нарса шуки, «омикрон» Covid-19га чалиниб бўлганларга осонроқ юқиши кузатилмоқда.

Эҳтиёткорона оптимизм
Шу билан бирга, оптимизм учун бир неча сабаблар мавжуд. Биринчидан, ЖАР янги патогенларни аниқлаш учун юқори даражадаги тизим ва яхши жиҳозланган лабораториялар эвазига «омикрон»ни жуда тез аниқлашга эришди - бу эса ўз вақтида чеклов чораларини киритиш имконини берди, бу сафарги чоралар «альфа» ва «дельта» аниқланган вақтдагига қараганда самаралироқ бўлиши тайин.

Иккинчидан, агар мавжуд вакциналар янги вариант билан зарарланишга қарши етарли даражада самарали бўлмаса ҳам (бу ҳозирча тахмин, бу тахмин ҳозирда Pfizer/BioNTech лабораторияларида текширилмоқда), иммун тизимининг касалликнинг оғир кечиши ва ўлимдан ҳимоялаш қобилияти юқорилигича қолади. Pfizer вакиллари ҳатто 100 кун ичида янги вариантга мослаштирилган янги версиядаги вакциналарнинг илк партиясини етказиб беришни ваъда қилишган.

Учинчидан, дастлабки маълумотларга кўра, «Омикрон»дан зарарланганда касаллик кечиши «Дельта» билан боғлиқ ҳолатлардан енгилроқ кечмоқда.

Reuters агентлиги жанубий африкалик шифокорларга асосланган ҳолда хабар беришича, беморларнинг шикоятлари асосан бош оғриғи, толиқиш ва мушаклардаги оғриқлар билан боғлиқ. Янги вариант билан зарарланиш ҳолатларида ҳозирча таъм сезиш ёки ҳид билиш қобилияти йўқолиши билан боғлиқ аломатлар қайд этилмаган.

Аммо асосийси - янги ковид беморларининг ҳеч бирида қондаги кислород даражаси кескин пасайиб кетиш ҳолати кузатилмаган. Бу шуни англатадики, беморни шифохонага жойлаштиришга зарурат бўлмайди: бундай ҳолатда уйда даволаниш ҳам мумкин.

Шу билан биргаликда, ЖАРда қайд этилган ҳолатларнинг аксари 40 ёшгача бўлган кишилар билан боғлиқ, бу ёш тоифасидагилар эса Covid-19ни кекса ёшдагиларга нисбатан енгилроқ ўтказади.

Дунёда яна нима гаплар?

Фото: Getty Images

Штаммнинг тезлик билан кенг тарқалиши кўплаб мамлакатлар ҳукуматларини зудлик билан қўшимча ҳимоя чораларини кўришга, биринчи навбатда чегарада назоратни кучайтиришга ундамоқда.

Шотландияда олти кишида ушбу штамм аниқлангач, биринчи вазир Никола Стержен аҳолини уялмасликка ва тез-тез тест топширишга чақирди. Маълум бўлишича, касалланганларнинг айримлари сафарларга чиқмаган ва уйидан узоқлашмаган ҳолда вирус юқтириб олган. Шу билан бирга, уларнинг ҳеч бирига стационар даволаниш (шифохонада ётиш) зарурати бўлмаган ва барча зарарланганлар ўзини иҳоталаган.

Стержен ва унинг уэльслик ҳамкасби Марк Дрейфорд расмий Лондон хориждан Буюк Британияга кириб келувчиларга янги, янада қатъийроқ бўлган талаблар қўйилишини исташмоқда, аммо Даунинг-стрит ҳозирча кескин чоралардан тийилмоқда.

Айни вақтда шотландиялик шифокорлар касалланиш манбасини аниқлаш учун, шунингдек, яна кимлар касалланиши мумкинлигини ҳисоблаш учун беморларнинг барча контактларини кузатмоқда. Янги штамм аниқланганлар билан сўнгги кунларда алоқада бўлганларга вакцина олган-олмаганидан қатъи назар ўзини 10 кунга иҳоталаш тавсия этилмоқда.

Стержен янги вариант аниқланган ҳудудларда қўшимча тестлар ўтказишни ташкиллаштиришни ваъда қилган ва инфекция жиловланиши ёки у кенг тарқалиб кетиши ҳақида гапиришга ҳали эрта эканини қўшимча қилган.

Нидерландияда карантиндан қочган жуфтлик ҳибсга олинди

REUTERS

Нидерландия полицияси Схипҳол аэропортида карантиндан қочиб, Испанияга учиб кетмоқчи бўлган жуфтликни қўлга олди.

Аввалроқ Жанубий Африкадан Амстердамга учиб келганлардан 13 нафарида олинган тест намуналари уларда коронавируснинг янги варианти борлигини кўрсатганди.

Ҳукумат карантиндан қочмоқчи бўлган жуфтлик (Испания ва Португалия фуқаролари) ҳам Африкадан келганига аниқлик киритмаган, аммо карантинни улар ҳам ЖАРдан келган йўловчилар билан бир жойда ўтаётган бўлган. Қоидабузарлар карантин тўғрисидаги қонунни бузгани учун суд қилинади.

Нидерландияда пандемия бошидан буён ковид билан боғлиқ ўлим ҳолатлари сони 20 мингдан ошган, бу ўлим кўрсаткичи бўйича Ғарбий Европадаги энг паст кўрсаткичдир.

Австралия чегараларини очишга шошилмаяпти

Австралия беш нафар йўловчида янги вариант аниқлангач, мамлакатга келувчи хорижликлар учун бўлган чекловларни юмшатишга шошилмасликка қарор қилди.

Сиднейдаги халқаро аэропортда йўловчилар рейсга чиқишдан олдин текширилмоқда

1 декабрдан мамлакатга эмланган меҳнат муҳожирлари ва хорижлик талабаларни киритиш мўлжалланаётганди, аммо «омикрон» пайдо бўлиши бош вазири Скотт Моррисонни чоралар юмшатилишини икки ҳафта кейинга суришга мажбур қилди.

Яқин вақтларгача Австралияда дунёдаги энг қатъий назорат текширувлари сақланиб қолаётганди, унга кўра мамлакат фуқароларига ҳам жиддий сабаб кўрсатилмаганда хорижга чиқиш тақиқланганди.

Расмийлар Австралия қалъаси тактикасини инфекцияни жиловлашдаги аҳамиятини юқори баҳолашган, аммо бу чоралар жамоатчиликда норозиликлар келтириб чиқарган - бу чоралар кўплаб оилаларни кўп вақтга бир биридан айро қилди.

Шу билан биргаликда, чоралар юмшатилишини кечиктиришга қарор қилингани ҳукумат қатъий чораларни қайтармоқчилигини англатмайди. Бугунги кунда Австралия ўз фуқароларини мамлакатга киритади, шунингдек, Янги Зеландия ва Сингапурдан ҳам вакцина қабул қилган саёҳатчилар келишига рухсат бор.

Душанба куни Япония ҳам ЖССТнинг «омикрон»нинг глобал таҳдиди ҳақидаги огоҳлантиришига реакция бериб, барча хорижликларга мамлакат ҳудудига киришни тақиқлади, кўп ўтмай мамлакатга янги вариант кириб бўлгани маълум бўлди.

Бош вазир Фумио Кисида бу чоралар қачонгача амал қилишига аниқлик киритмаган, аммо у журналистларнинг саволларига жавобан уни «ҳаддан ташқари эҳтиёткор» деб атагувчилар билан баҳслашишга тайёрлигини билдирган

«Бу вақтинча, истисно тарзидаги хавфсизлик чоралари, биз бу чораларни «омикрон» тўғрисида батафсил маълумотлар пайдо бўлгунига қадар киритдик», деган у.

Мавзуга оид