Ўзбекистон | 18:19 / 01.12.2021
6223
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ва Кобул ўртасидаги авиарейслар тикланиши мумкин

KamAir авиакомпанияси директори Замари Камгар келаси ҳафтадан бошлаб, ҳафтасига 2 марта Тошкент-Кобул ва Кобул-Тошкент авиарейслари йўлга қўйилишини маълум қилган.

Фото: Ukrinform/Shutterstock

«Толибон» расмийлари Ўзбекистон томонига иқтисодий ва транзит лойиҳалари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан барча шартларни бажарган. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев ва Афғонистон муваққат ҳукумати вакили – бош вазир ўринбосари Абдулғани Биродар ўртасидаги учрашувда таъкидланган.

Учрашувда қатнашган яна бир муваққат ҳукумат аъзоси Абдул Салом Ҳанафий мамлакатда инвестор ва тадбиркорлар учун барча зарурий шароитлар яратилгани, шунингдек, ўзбек тили қўллаб-қувватланиши ҳақида гапирган.

«Спутник Афғонистон» нашрига кўра, KamAir авиакомпанияси директори Замари Камгар келаси ҳафтадан бошлаб, ҳафтасига 2 марта Тошкент-Кобул ва Кобул-Тошкент авиарейслари йўлга қўйилишини маълум қилган.

«Ўзбекистон ҳаво йўллар» авиакомпанияси матбуот котиби Kun.uz билан суҳбатда KamAir авиакомпанияси Тошкент-Кобул ўртасидаги рейсларни амалга оширишини тасдиқлади. Лекин рейслар сони ва қачондан бошланиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Транспорт вазирлиги матбуот хизмати эса, ҳозирча Тошкент-Кобул ўртасидаги рейслар очилиши ҳақида маълумот йўқлиги, бу фақат Афғонистон томонининг таклифи эканлигини айтди.

Ташқи ишлар вазирлиги ушбу масала юзасидан қўшимча изоҳ бермаган.

Вазирликнинг Кобулдаги учрашув юзасидан берган расмий ахборотда  ҳам икки давлат ўртасида авиқатновларни тиклаш борасида ҳеч қандай маълумот берилмаганди. Расмий релизда Афғонистон томони Сурхон – Пули-Ҳумри электр узатиш линияси ва Мозори Шариф-Кобул-Пешовар темир йўли қурилиши каби инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни имкон қадар тезроқ бошлашга тайёрлиги, Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларига Афғонистон ҳудудидан таҳдид келмаслигига ишонтирилгани ҳақида гап боради.

18 ноябрь куни «Толибон» ҳукумати ахборот ва маданият вазири ўринбосари Забиҳулла Мужоҳид Россия ва бошқа мамлакатлар билан мунтазам авиақатновларни тиклаш устида ишлар олиб борилаётганини маълум қилган эди.

Мавзуга оид