Иқтисодиёт | 13:17 / 02.12.2021
41255
3 дақиқада ўқилади

Автомобил олди-сотдисини расмийлаштирганлик учун тўлов миқдорини камайтириш бўйича қонун ишлаб чиқилди

Фото: Kun.uz

“Давлат божи тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид қонун лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Лойиҳада айрим давлат божи ставкалари бирлаштириш ҳисобига камайтириш назарда тутилмоқда.

Хусусан, автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш шартномасини тасдиқлаганлик учун бож миқдори БҲМнинг 3 баравари (810 минг сўм) миқдорида белгиланмоқда. Амалдаги тартиб бўйича бож миқдори транспорт воситаси ишлаб чиқарилган йили ва от кучига қараб (автомобил қуввати 110 от кучидан ортиқ ва ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган ҳолларда) БҲМнинг 10 баравари (2,7 млн сўм)гача белгиланган.

Кўчмас мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни расмийлаштиришда давлат божини Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида мол-мулкнинг квадрат-метридан қатъи назар БҲМнинг 1,5 баравари (405 минг сўм), бошқа ҳудудларда БҲМнинг 1 баравари (270 минг сўм) миқдорида белгилаш кўзда тутилмоқда. Бунинг натижасида майдони 100 кв/мгача бўлган мулк учун давлат божи 50 фоизга (марказларда 33 фоизга) кўпаяди, 200 кв/мгача бўлган мулк учун ўзгармайди (марказларда 33 фоизга камаяди), 200 кв/мдан ортиқ мулк учун 33 фоизга (марказларда 2 баробарга) камаяди.

Шунингдек, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф қилиш ҳуқуқини берувчи ишончномаларни ва автомототранспорт воситаларидан текин фойдаланиш шартномаларини расмийлаштиришда мулкдорга бегона шахслар учун давлат божи миқдорини БҲМнинг 3 баравари (810 минг сўм)дан 2 баравари (540 минг сўм)га камайтириш таклиф этилмоқда.

  • Аввалроқ, Kun.uz сайтида одамларни кўпдан бери қийнаётган масала — эски автомашиналарни расмийлаштиришдаги божлар қайта кўриб чиқилиши лозимлиги, иккиламчи бозордаги автомобилни харидор номига расмийлаштириш ҳаддан зиёд қимматлиги, шунингдек, яширин харид сифатида нотариал тасдиқланадиган ва нисбатан арзонроқ бош ишончнома келтириб чиқараётган хатарлар ҳақида мақолалар эълон қилинган эди.
  • Кейинроқ, депутат Дониёр Ғаниев ўз сўровига жавоб олганини, унда сотиб олинган автотранспорт воситасини ДЙҲХХда рўйхатдан ўтказиш учун транспорт воситасининг от кучи ва ишлаб чиқарилган санасидан келиб чиққан ҳолда фуқаролардан ундириладиган йиғимни бекор қилиш, шунингдек нотариал идорада ундириладиган давлат божини пасайтириш назарда тутилаётгани маълум қилинганини билдирганди.
  • 2022 йил учун Давлат бюджети лойиҳасида иккиламчи бозордан сотиб олинган автомобилни расмийлаштириш харажатлари кескин камайтирилиши назарда тутилганди. Ҳисоб палатаси эса тўловларни янада камайтириш бўйича таклиф берди.

Мавзуга оид