Ўзбекистон | 08:00 / 04.12.2021
5274
2 дақиқада ўқилади

Бухорода 5 кунда 3 та қотиллик жинояти содир этилди

Ғиждувон туманида 27 ноябр куни 46 ёшли фуқаро ўз турмуш ўртоғининг қотилига айланди. Бу 5 кун ичида вилоятда ўзаро келишмовчилик оқибатида содир этилган инсон ўлими билан боғлиқ учинчи жиноят бўлди.  

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳолат 27 ноябр куни туманнинг Зарангари маҳалласида содир бўлган. Мазкур маҳаллада яшаган, 1978 йилда туғилган Р.Н. ва унинг турмуш ўртоғи, 1975 йилда туғилган Р.З. ўзаро келишмовчилик сабаб жанжаллашиб қолишган. Жанжал вақтида Р.З. ошхона пичоғи билан турмуш ўртоғининг кўкрак қафасига 1 маротаба урган. Бунинг оқибатида оғир тан жароҳати олган Р.Н. вафот этган.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Ҳолат юзасидан судга оид тиббий, криминалистика ҳамда биология экспертизалар тайинланган. Туман прокуратураси томонидан фуқаро Р.З.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва гумон қилинувчи Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Зарангари маҳалласида Бухоро вилояти прокурори Маҳмуд Истамов, вилоят ИИБ бошлиғи Шуҳрат Алиев ва тегишли масъуллар иштирокида жиноят муҳокамаси ўтказилган. Муҳокамада жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинган ҳамда келгусида бу каби жиноятларнинг олдини олиш учун масъулларга аниқ кўрсатмалар берилган.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Бухорода 24 ноябр куни 70 ёшли фуқаро қўшнисини ўроқ билан уриб, 28 ноябр куни эса 50 ёшли фуқаро турмуш ўртоғининг жиянини пичоқлаб ўлдирганди.  

Мавзуга оид