“Ҳомийлик ниқоби остида хизмат кўрсатиш...” – Акмал Бурҳонов шаҳар ҳокимлигига совға қилинган Mercedes ҳақида
Халқаро пресс-клубнинг 2 декабрь куни бўлиб ўтган сессиясида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов Тошкент шаҳар ҳокимлиги фуқародан Mercedes-Benz С500 автомобилини совға сифатида қабул қилганига тўхталиб, қонунчиликда бу масала очиқ қолганини таъкидлади.
“Жамоатчилик вакиллари ва блогерлар томонидан бу масала кўтарилаётгани – коррупцияга қарши курашиш бўйича идораларга сигнал. Афсуски, охирги пайтларда ҳақиқатан ҳам айрим давлат хизматчилари, айниқса, маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари томонидан мана шундай дабдабага берилиш ёки бўлмаса қайсидир ҳомийлар орқали ёхуд ҳомийлик ниқоби остида қанақадир қурилишларни амалга ошириш, хизматларни кўрсатиш ҳолатлари ҳам кузатиляпти. Албатта, буларнинг барчасида ҳам ғараз ниятлар, мақсад бўлмаслиги мумкин. Лекин айримларида афсуски шунақа ҳолатлар ҳам бор.
Тан олиб айтиш керак, Ўзбекистонда мана шу масала очиқ қолган. Яъни совға сиёсати, давлат хизматида совғаларни олиш-бериш, ҳомийлик масаласи, энг кўп кўтариладигани бу – давлат хизматида манфаатлар тўқнашуви масаласи. Бу ҳам ишга қабул қилишдаги, мансаб пиллапояларидан кўтарилишдаги ёки бўлмаса харидларни амалга оширишдаги манфаатлар тўқнашувини кўп кўряпмиз.
Бир нарсани алоҳида таъкидламоқчиманки, бу масала давлат раҳбарининг алоҳида диққат-марказига тушди ва биз давлат раҳбаридан бу масалаларни кескин тартибга солиш бўйича аниқ топшириқ олдик. Бу бўйича дастлабки натижаларимиз бор. Яъни ҳозир ишлаб чиқилаётган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунга совға сиёсати деб номланган алоҳида боб киритилмоқда. Унда давлат хизматчиларига бериладиган совғаларнинг миқдори белгиланмоқда, умуман, бу жараён тартибга солинмоқда.
Иккинчиси, манфаатлар тўқнашуви. Куни кеча ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйдик бу масалани. Яъни давлат хизматига қабул қилишда қариндош-уруғчилик, непотизмнинг олдини олиш, Меҳнат қонунчилиги ва бошқа қонун ҳужжатларини ўзгартириш, энг муҳими, бунга йўл қўйганлик учун жавобгарликни белгилаш масаласи ҳам қўйиляпти.
Яқинда Европада хизмат сафарида бўлдик. Хорижий ҳамкорларимиз билан Германия тажрибаси асосида Ўзбекистонда айнан давлат хизматчиларига, умуман, давлат хизматида ҳомийлик масаласини тартибга солиш ҳам кун тартибида турибди. Яъни бугун жамоатчилик буни кўтарди ва энг муҳими бунга жавоб берадиган, реакция қиладиган тараф борлиги, сиёсий ирода борлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Ўйлайманки, бу масала яқин кунларда тартибга солинади, қонунчиликдаги бўшлиқ тўлдирилади”, деб айтган агентлик раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, интернетда 30 ноябрь куни Зиёда Латипова исмли фуқаро Тошкент шаҳар ҳокимлигига 250 000 доллар турадиган Mercedes-Benz S500 автомобилини совға қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу хабар жамоатчилик фаоллари ўртасида муҳокамаларни келтириб чиқарди.
Жумладан, блогер Умид Ғафуров Жаҳонгир Ортиқхўжаев 10 октябр куни MotorFest тадбирига айнан шундай рақамли машинада ташриф буюрганига эътибор қаратиб, шаҳар ҳокими ўз машинасини шу йўл билан ҳокимлик балансига ўтказганини тахмин қилганди.
Мазкур ҳолат амалдаги қонунчиликка қанчалик мувофиқлигини текширган Аксилкоррупция агентлиги директори Акмал Бурҳонов Gazeta.uz’га Тошкент шаҳар ҳокимлигига Mercedes-Benz совға қилинишида қонун бузилиши ҳолати бўлмаганини маълум қилганди.
Мавзуга оид
19:53 / 10.09.2024
Коррупцияга қўл урган 566 нафар шахс давлат ишига қайтадан кириб, яна коррупцияга қўл урган
13:52 / 15.06.2024
Учтепа туманида Mercedes-Benz микроавтобусида ёнғин келиб чиқди
14:58 / 26.05.2024
Mitsubishi Fuso’дан BharatBenz’гача – Mercedes-Benz юк автомобиллари ишлаб чиқарувчи нечта компанияга эгалик қилади?
18:40 / 26.04.2024