Ўзбекистон | 21:50 / 07.12.2021
13490
9 дақиқада ўқилади

Иттифоқчилик муносабатлари, эришилган келишувлар ва 10 млрд долларлик марра – Қозоғистонга ташриф якунлари ҳақида

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга амалга оширган давлат ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатларни кейинги даражага кўтариши кутилмоқда. Ташриф давомида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация, 20дан ортиқ турли шартномалар, савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказиш борасида келишувларга эришилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Сиёсий соҳада эришилган энг катта ютуқ бу – Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация имзоланиши бўлди. Қозоғистон - Ўзбекистон иттифоқчилиги нафақат бу икки давлат, балки минтақадаги барқарорлик учун ҳам жуда муҳимлиги қайд этилди.

Иттифоқчилик тўғрисидаги декларацияда айнан нималар назарда тутилгани ҳозирча маълум эмас. Расмий релизда ушбу ҳужжатда қардош халқларнинг ҳаётий муҳим ва узоқ муддатли миллий манфаатлари, кўп қиррали шериклик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсад қилингани айтилмоқда. 

Бундан ташқари, Тўқаев ва Мирзиёев стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон ва Қозоғистон Давлатлараро Олий Кенгаши, Парламентлараро ҳамкорлик кенгаши ва Ташқи ишлар вазирлари кенгашини таъсис этиш бўйича келишувга эришди.

Ўзбекистон ҳозирга қадар фақат Россия Федерацияси билан 2005 йил 14 ноябрда Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолаган эди, лекин очиқ манбалардан Қозоғистон расман иттифоқдош бўлган мамлакатлар сони борасида маълумотлар мавжуд эмас.

Шунингдек, ташриф аввалидан Қозоғистон нашрига интервью берган Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда сиёсий мулоқот ва давлатлараро яқинлашув жараёнлари учинчи давлатлар манфаатларига қарши қаратилмагани, балки очиқ ва конструктив характерга эгалигини билдирганди.

Ташрифда эришилган иқтисодий соҳадаги энг катта ютуқ – Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларгача ошириш бўйича келишувга эришилгани бўлди. Бундай натижага эришиш учун ўзаро савдо алоқалари тез фурсатда ривожланиши ва божхона сиёсати либераллаштирилиши талаб этилади. Бу ўз навбатида икки давлат тадбиркорлари учун манфаатлидир.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ташрифда жорий йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмининг рекорд даража – 4 миллиард долларга етиши кутилаётгани айтилди. Шунингдек, яқин беш йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш бўйича Амалий ҳаракатлар режаси имзоланди.

Нур-Cултонда бўлиб ўтган IV Ўзбекистон-Қозоғистон бизнес-форуми ва Ўзбекистон-Қозоғистон ишбилармонлар кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида умумий қиймати 5,9 миллиард долларга тенг бўлган қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича савдо шартномалари ва икки томонлама битимлар имзоланди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Лекин, Ўзбекистон тарафининг баёнотидан фарқли равишда, Қозоғистон тадбиркорлар миллий палатаси ушбу форум доирасида жами қиймати 2 миллиард доллар бўлган 15 шартнома, Туркистон вилоятида икки давлат тадбиркорлари учрашуви якуни бўйича эса 600 миллион долларлик қўшма келишувлар имзоланганини билдирди.

Бундан ташқари, ташриф давомида ўзаро ва учинчи давлатлар бозорларига чиқишни таъминлайдиган янги йўлакларни шакллантириш масаласи ҳам кўтарилди. Давлат раҳбарлари «Учқудуқ-Қизилўрда» темир ва автомобиль йўлини ҳамда «Туркистон-Чимкент-Тошкент» юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган темир йўл қурилиши лойиҳаларини тезлаштиришга келишди.

Учрашувда иқлим масалалари, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Оролбўйида дарахтзорлар барпо этиш масалаларига тўхталиб ўтилган.

Фото: Оқ ўрда

Қозоғистон президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, президентлар ва расмийлар делегация вакиллари томонидан қуйидаги ҳужжатлар имзоланган.

- Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида озодликдан маҳрум қилинган шахсларни алмашиш борасида;

- Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида фавқулодда вазиятлар тўғрисида хабар бериш ва уни бартараф қилиш борасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишув;

- Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида фазодан тинчлик мақсадларида фойдаланиш ва тадқиқотлар олиб бориш бўйича келишув;

- Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида чегарадан энергетика ресурсларини олиб ўтишда биргаликдаги божхона назорати тўғрисида;

- 2022-2023 йилларга мўлжалланган икки давлат Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорлик дастури;

- «Марказий Осиё» саноат кооперацияси халқаро марказини яратиш концепцияси;

- «Марказий Осиё» саноат кооперацияси халқаро марказини яратиш бўйича тадбирлар қўшма режаси;

- «Туркистон-Чимкент-Тошкент» юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган темир йўл қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича қўшма режа;

- 2021-2025 йилларга мўлжалланган «Учқудуқ-Қизилўрда» темир ва автомобиль йўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш қўшма режаси;

- Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми;

- икки мамлакат энергетика вазирликлари ўртасида энергетика соҳасида ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум;

- икки давлат Адлия вазирликлари ўртасида суд-экспертиза соҳасида ҳамкорлик бўйича англашув меморандум;

- икки давлат меҳнат вазирликлари ўртасида ижтимоий-меҳнат соҳасида ҳамкорлик қилишга ният қилиш бўйича меморандум;

- Ўзбекистонга тўғридан-тўғри, хорижий хусусий инвестицияларни киритишнинг асосий шартлари бўйича келишув;

- лойиҳалари биргаликда амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилишнинг асосий шартлари бўйича меморандумлар имзоланган.

Шунингдек, Тошкент ва Туркистон вилоятлари, Тошкент ва Нур-Султон шаҳарлари, Навоий ва Қизилўрда вилоятлари ҳокимликлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 2022-2023 йилларга мўлжалланган “йўл харита”лари қабул қилинди.

Ташриф давомида президентлар Нур-Султон шаҳрида янги қурилган Ўзбекистон элчихонаси биноси очилишида ҳам қатнашди. Бир неча йил аввал Тошкентда Қозоғистон элчихонаси биноси ҳам янгидан қурилган эди.

Фото: Оқ ўрда

Шавкат Мирзиёев шунингдек, Нур-Султондаги Рақамли ҳукумат офисига ташриф буюрди. Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган АКТ вазири Шерзод Шерматов ташриф доирасида Қозоғистоннинг бир қатор IT-компаниялари билан Ўзбекистонда ўз филиалларини очиш бўйича келишувга эришилганини таъкидлади

Фото: Президент матбуот хизмати

Умуман олганда, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликнинг иттифоқчилик даражасига кўтарилиши ҳамда иқтисодий алоқаларни янада ошириш масаласи кенг жамоатчилик томонидан ҳам илиқ кутиб олинди.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрича, авваллари икки давлат ўртасидаги муносабатларда носоғлом рақобат, ишончсизлик ва совуқлик устувор кўринган. Лекин ҳозирги кунда геосиёсий вазият ва сиёсий қарашлар ўзгарган.

«...Кечаги сафарга «давлат ташрифи» мақоми берилди. Бу билан президент сайловидан кейинги биринчи давлат ташрифи Қозоғистонга тўғри келди. Нур-Султон шаҳрида Ўзбекистоннинг янги элчихонаси очилди. Баҳайбат ва жуда чиройли элчихона. Ўзбекистоннинг ташқи дунёдаги элчихоналари ичида энг каттаси, энг жозибалиси, Нур-Султонда бўлса керак...

Асосийси, икки давлат «иттифоқчилик муносабатлари» тўғрисидаги декларацияни имзолаган. Бу декларация, жуда катта сиёсий-рамзий аҳамиятга эга. Бу декларация икки давлатнинг ўзаро координацияси юқори даражада бўлиши кераклигини англатади. Бу декларация, агарки реал ҳаётда тўлақонли ишласа, Марказий Осиё минтақасининг геосиёсий мустақиллиги учун жиддий сиёсий платформа бўлиши мумкин», дейди сиёсатшунос.

Шунингдек, блогер ва иқтисодчи Отабек Бакиров Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шерикликни иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтариш имконияти мустақилликнинг илк йилларидаёқ бўлгани, лекин бу имкониятдан бир авлод умри давомида фойдаланилмагани ҳақида ёзди.

«Ўзбекистонликлар ва ўзбек бизнеси Қозоғистонда, қозоғистонликлар ва қозоқ бизнеси Ўзбекистонда ўзини уйидагидек ҳис этиши керак бўлган маррага етиб боришимиз зарур. Бу ўзбек ва қозоқ халқининг келажак авлод олдидаги бурчи ҳам.

Ўзбекистон ва Қозоғистон интеграциясининг боши бор, охири йўқ. Маданиятда, спортда, бизнесда, иқтисодиётда, ижтимоий ҳаётда, ҳуқуқда, ташқи сиёсатда биз бир-биримизни фақат тўлдирамиз ва янада яхшироқ қиламиз», деб ёзган блогер.

Маълум қилинишича, бугунги кунда Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокида 1000дан ортиқ, Қозоғистонда ўзбек капитали асосида 1400дан ортиқ корхоналар фаолият юритмоқда.

Шунингдек, ҳозирги кунда Қозоғистон Ўзбекистоннинг 179 давлат билан ташқи савдо алоқаларида Хитой ва Россиядан сўнг учинчи ўринда туради. 2021 йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистон Қозоғистондан – 2,2 млрд долларлик маҳсулот ва товарлар импорт қилган ҳамда 952,4 млн долларлик экспорт қилган. Икки давлат ўртасидаги асосий товар айланмасида қурилиш маҳсулотлари, автомобиль саноати, енгил саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари асосий ўринни эгаллайди.

Мавзуга оид