Ўзбекистон | 07:48 / 07.12.2021
2234
2 дақиқада ўқилади

Наманганлик фирибгар бухоролик фуқарони Telegram орқали чув туширди

Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро ғиждувонлик фуқарони Telegram ижтимоий тармоғи орқали алдаб, унинг 5,33 млн сўм пулини ўз пластик картасига ўтказиб олган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 15 сентябр куни номаълум шахс Telegram ижтимоий тармоғи орқали Ғиждувон туманининг Ғишти маҳалласида яшовчи, 40 ёшли Ж.Ш. билан алоқа қилиб, унга Туркиядан “Volvo” юк машинаси учун эҳтиёт қисмлари келтириб беришини ваъда қилган. Виртуал келишувдан сўнг фирибгар 5,33 млн сўм пулни ўзининг пластик картасига ўтказиб олган. Аммо на эҳтиёт қисмлар келтириб берилган, на пул қайтарилган. 

Ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тезкор техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилган. Жараёнда ушбу жиноятни Наманган шаҳрининг Орзу маҳалласида яшовчи, 1987 йилда туғилган У.О. содир қилганлиги аниқланган.  

Ҳозирда ушбу шахснинг бошқа худди шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш мақсадида тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Олдинроқ Наманганлик фуқаро Ғиждувонда савдо дўконидан 10 млн сўмлик тилла занжирни ўғирлаб кетганди.

Мавзуга оид