Жамият | 20:58 / 07.12.2021
12921
9 дақиқада ўқилади

«Тинч замонда болаларни йўқотяпмиз» — Пиёдалар йўлагида 14 ёшли болани машина уриб кетиши йўллардаги муаммони кун тартибига қайтарди

Икки йилда икки жияни ЙТҲга учраган журналистнинг пости ортидан интернетда болалар иштирокидаги авариялар кун мавзусига айланди.

Журналист Саидносир Усмонов Facebook’даги саҳифасида ўтган йили 11 яшар жияни ЙТҲ қурбони бўлгани, жорий йил 3 декабрь куни пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган 14 яшар жиянини машина уриб юборгани учун 4 кундан бери комада ётгани ҳақида ёзди. Ушбу пост ижтимоий тармоқда муҳокамаларга сабаб бўлди ва болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари яна кун мавзусига айланди.

«Қачон уйғонамиз?!»

«…Хизмат сафаридан қайтдим. Минг бир алам ва шум хабар исканжасидаман. Бундан бир йил аввал опамнинг 11 ёшли ўғли ЙТҲ қурбони бўлган эди. Энди синглимнинг 14 ёшли ўғли йўл-транспорт ҳодисасига учраб, касалхонада кома ҳолатида ётибди.

3 декабрь куни тахминан соат 18:30да «Малика» савдо мажмуаси ёнида «Нексия» автомобили пиёдалар яшил чироғида ўтиб кетаётган болани уриб юборган. Айтилишича, шу йўлда бўлган тез тиббий ёрдам машинаси болани 7-шаҳар клиник шифохонасига олиб борган. Аҳволи оғирлашгач, бола Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ўтказилган.

Эрталабгача синглим билан куёвимнинг бормаган жойи қолмаган. ИИБ ходимлари касалхонада бола аварияси билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлмаганини маълум қилишган. Фақат жиянимнинг сумкасидаги дафтарда ёзилган мактаб рақами ва исм-фамилиясини ҳамширалар телеграм каналларига тарқатибгина синглимни хабардор қилишган.

Эрта тонгдан карахт ҳолатда синглим касалхонага борган ва не кўз билан кўрсинки, жигаргўшаси оғир аҳволда жонлантириш бўлимида ётибди. Қанчалар аламли изтироб...

Ҳар куни ўнлаб пиёдалар, мурғак қалб эгалари машина ғилдираклари остида қолиб кетмоқда. Йўллардаги тартибсизлик, билиб-билмасдан машина ҳайдаётганлар касрига кимдир яқинидан, жигаргўшасидан айрилмоқда ва бу ҳолатлар юзлаб одамларнинг умрбод мажруҳ бўлиб қолишига сабаб бўлмоқда.

ҚАЧОН? ҚАЧОН? ҚАЧОН УЙҒОНАМИЗ? Қачон хайрихоҳлик нима эканлигини ўрганамиз? Қачон 10 соат ўтса ҳамки, тезкорлик билан ЙТҲ ҳақидаги ҳолатга ойдинлик кирита олмайдиган ИИБнинг айрим ходимлари фаолиятини ўнглай оламиз. Саволлар кўп. Жавоб эса мавҳум. Ҳайдовчи эса фақат ўзини оқлаш учун турли важларни ўйлаб топиш билан овора.... Илоҳим жигаримнинг нуридийдасига Аллоҳ шифо берсин», деб ёзган Саидносир Усмонов.

«Тинч замонда минглаб одам ва болаларни йўқотяпмиз»

Ушбу пост интернетда болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ муҳокамаларни қайта жонлантирган. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва блогерлар вазият кундан кунга аянчли тус олаётганига эътибор қаратишган.

«Худди шу ҳамкасбимизнинг бошқа жияни ўтган йили йўлда ҳалок бўлгани ва айбдор топилмагани (чора кўрилмагани) ҳақида кўп ёзганман. Бир оиланинг иккита боласи ЙТҲ қурбони. Бу ахир даҳшат-ку!

Тинч замонда минглаб одам, болаларни йўқотяпмиз. На профилактика бор, на стратегия бор, на жиноятга жазо бор! Ё Аллоҳ, болажонга шифо бер!» — деб ёзган Телеграмдаги «Микрофон кўтарган аёл» канали муаллифи, журналист Азиза Қурбонова.

«Мактаб ва боғчалар олдида рухсат этилган тезлик меъёри 30-40 км бўлиши керак»

«Жамоат хавфсизлиги концепциясига оид президент фармони билан тасдиқланган стратегияга кўра, мактабгача таълим ва умумтаълим муассасаларига ёндош йўлларда тезлик меъёрларини кескин камайтирган ҳолда, ушбу меъёрлар барча жойлар учун ягона этиб қатъий белгиланади.

Бу жуда тўғри қарор. Мактаб ва боғчалар қаерда жойлашганидан қатъи назар (у хоҳ марказий кўча бўйида, хоҳ маҳалла ичида бўлсин), тезлик меъёрини ёки 30, ёки 40 км/соат этиб белгилаш керак. Бундан норози бўлиб, «вой-вууууй, нафас олишга рухсат борми ўзи» деб минғирлайдиган айрим ҳайдовчиларга эса эътибор бермаслик керак. Чунки инсон ҳаёти, айниқса мурғак болаларимиз соғлиғи барча нарсадан устун. Токи ўзимизнинг бошимизга тушишини кутиб ўтиришимиз шарт эмас. Юқоридаги воқеада айтилганидек, фарзанд доғида куйган юзлаб оилаларнинг дард-у фиғони, кўз ёшлари ҳаммамизга сабоқ бўлиши керак.

Мактаб ва боғчалар олдида тезликни шунчаки чеклаш билан ҳам иш битмайди. Имконини топиб барча таълим муассасалари атрофига камера-радарлар қўйиш керак. Давлат бюджетидан бунча харажат қилиш имкони бўлмаса, унда онлайн-аукционларда ўша жойларни хусусий тадбиркорларга сотиш керак. Мактаб ва боғча атрофига камера ўрнатганларга яна қанақадир қўшимча имтиёз ва бонуслар бериш керак. Токи тадбиркорларда мактаблар ёнига камера қўйишга қизиқиш ва мотивация бўлиши керак. Яъни оддий йўлларга ўрнатиладиган камера билан мактаб ва боғчалар олдида ўрнатиладиган камеранинг устуворлиги фарқ қилиши керак.

Бу ишларни кўп чўзиб ўтирмасдан қилиш керак. Яна кимнингдир фарзанди йўлларда ҳалок бўлишини кутишга ҳожат йўқ», деб ёзган ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев.

«Усмон Шарифхўжаев [Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари – таҳр.] билан яқинда шу масала бўйича гаплашган эдик. Бу муаммонинг олдини олиш учун республикадаги ҳамма (!) мактаб дарвозасининг у ёғидан 50 метр, бу ёғидан 50 метр масофада йўлда баландроқ қилиб мослама ўрнатиш керак. Афсуски, бу Ички ишлар вазирлиги билан келишиладиган иш.

Шунда «мактаб борми — тўсиқ бор», деган тушунчани ҳайдовчилар миясига қуярдик, хоҳласа-хоҳламаса тезлигини пастлаб ўтарди.

Бир мактаб билан гаплашдим, мактаби қандайдир канал кўпригидан ўтилса бошланаркан, у томондан келадиган машиналар «Qatar rally»сида қатнашаётгандек катта тезликда келиб, 4 оёғи осмонда учгандек кўприкдан сакраб мактаб олдидан ўтиб кетаркан. Бир йил ичида бир, икки бола вафот этаверган экан автоҳалокатдан...

Шундай тўсиқ қўйгач (ҳаа, секинламайсан-а, секинламайсан), ҳаммаси «жим» ўтмоқда экан, бир йилдан буён бирор нохушлик қайд этилмабди мактаб олдида, мактабдан ташқари йўлларда эса... Билмадим, унга нима чора кўрса бўлади.

Ҳеч бўлмаса мактаб олдида болаларимизни ҳурмат қилиб (аслида машинасини авайлаб секин) ўтадиган қилсак ҳам, шу иш билан республика миқёсида бир болани автоҳалокатдан асрасак ҳам катта иш бўлар эди», дея ёзган ХТВ ҳузуридаги Республика таълим маркази директори ўринбосари, блогер Исроил Тиллабоев.

10 ойда болалар иштирокида 1268та ЙТҲ содир бўлган

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг маълум қилишича, 2021 йилнинг 10 ойи мобайнида 7681та ЙТҲ рўй берган. Уларда 1964 киши ҳаётдан кўз юмган, 6886 киши турли даражада тан жароҳати олган.

Бироқ ЙҲХББ «авария» туфайли ҳалок бўлганларнинг қанчаси болалар эканига ойдинлик киритмаган. Июнь ойида АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник Эрали Бозоров Ўзбекистонда 2021 йил январь–апрель ойларида ЙТҲда ҳалок бўлган болалар сони 64,5 фоизга ошганини айтганди. Бироқ у аниқ рақамларга тўхталмаган.

Қайд этилишича, 3441та ЙТҲ пиёдалар иштирокида рўй берган, 1268та ҳодиса болалар иштирокида содир бўлган. Аварияларнинг катта қисми, яъни 5187таси сутканинг ёруғ вақтига тўғри келган. Тунги вақтларда 2497та ЙТҲ рўй берган.

Фото: ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати

Хориж тажрибаси

Ёнсеи университети фалсафа доктори Шоҳрух Авазовнинг ёзишича, Жанубий Кореяда мактаб зоналарида автомобиль ва бошқа турдаги транспорт воситаларининг ҳаракат тезлиги максимум 30 км/с этиб белгиланган, мактаб зоналари ва болалар кўп бўлган махсус ҳудудларда йўл ҳаракати қоидалари бузган ҳайдовчилар одатдагига нисбатан 2 ёки 3 баробар кўпроқ жарима тўлашади.

«Кореяда болалар орасида йўл-автотранспорт ҳодисалари қурбонларининг камайиши бўйича эришилган ютуқлар ҳақида гапирганда, фуқаролик жамияти институтларининг роли ва самарали фаолиятини ҳам ёдга олиш жуда муҳим», дея таъкидлайди тадқиқотчи.

Аввалроқ Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилишида Ўзбекистондаги пиёдалар ўтиш жойлари қониқарсиз ташкил қилингани, республикада ҳайдовчиларни тайёрлаш ва имтиҳон тизими умуман издан чиқиб кетгани, кўчаларимизда бир кун ҳам ўқимасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини олган юз минглаб потенциал қотиллар юргани танқид қилинган эди.

Бироқ ҳозирча бу танқидлардан ҳеч қандай натижа бўлгани йўқ.

Жамшид Ниёзов тайёрлади.

Мавзуга оид