Ўзбекистонга 11 ой давомидаги картошка импорти 2020 йилги кўрсаткичдан ошиб кетди
2021 йил январь ойи бошидан ноябрь ойи охиригача Ўзбекистон 455,8 минг тонна картошка импорт қилди, дея хабар бермоқда EastFruit таҳлилчилари Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги маълумотларига таяниб.
Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобига кўра, 2021 йилнинг 11 ойи давомида ушбу маҳсулотлар импорти ҳажми бутун 2020 йилдаги импортдан 8 фоизга ошиб кетган.
Олдинги рекорд ўтган йили қайд этилган эди: EastFruit таҳлилчилари маълумотига кўра, 2020 йилда Ўзбекистонга картошка импорти 421 минг тоннани ташкил қилган, бу ундан аввалги йилга нисбатан қарийб бир ярим баробар кўп.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги бир неча йил ичида картошка Ўзбекистонда мева-сабзавотчилик тармоғининг асосий импорт позициясига айланди, 2017 йилдан бошлаб унинг импорти ҳажми кескин ошди, бунгача картошка импортининг йиллик ҳажми 50 минг тоннадан ортиқ бўлмаган.
2021 йилда Ўзбекистонга картошкани асосан Эрон, Қозоғистон, Покистон, Қирғизистон ва Нидерландия етказиб берган бўлиб, улар умумий импортнинг 95-99 фоизини ташкил қилади.
Бироқ, 2021 йил ноябрь ва декабрь ойи бошларида импорт ҳажми бўйича рейтингнинг дастлабки уч поғонасини эгаллаб турган ва Ўзбекистонга ушбу маҳсулотларни етказиб берувчиларга нисбатан салбий хабарлар пайдо бўлди.
2021 йил 12 ноябрь куни Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги 25 сентябр кунидан бошлаб Эрон ва Покистондан олиб кирилган картошка маҳсулотларида Ўзбекистон ҳудуди учун карантин аҳамиятига эга хавфли зарарли организмлар – олтинранг ва нимранг нематодалар билан зарарланиш ҳолатлари тизимли равишда аниқланаётганини хабар берди.
Олтинранг ва нимранг нематодалар картошка ёки бошқа турдаги полиз экинлари ҳосилдорлигини 80-90 фоизгача йўқ қилувчи хавфли организм саналади. Нематодаларнинг бутун дунё миқёсида қишлоқ хўжалиги экинларига йиллик зарари 100 миллиард доллардан ортиши ҳисоблаб чиқилган.
Жорий йилнинг август ойидан 11 ноябрь кунига қадар республика ҳудудига 110 минг тонна истеъмол картошкаси олиб кирилган бўлиб, шундан 104 минг тонна маҳсулотга талабларга мувофиқлиги тўғрисида фитосанитар сертификатлар тақдим этилган. Нематодалар аниқланган истеъмол картошка маҳсулотининг 3 525 тоннаси (3,2 фоиз) экспортёр давлатга қайтарилган. 775 тонна маҳсулот эса (0,7 фоиз) тадбиркорлик субъектлари томонидан қайтариш имконияти йўқлиги туфайли махсус объектларда йўқ қилинган.
Картошка импорти бўйича яна бир ёмон хабар декабрь ойи бошида пайдо бўлди. Қозоғистон 3 ой муддатга мамлакатдан картошка ва сабзи олиб чиқишни вақтинчалик тақиқламоқда. Ушбу қарор ички бозорда тақчиллик юзага келишини бартараф этиш ва нархларни барқарорлаштириш мақсадида қабул қилинди. Чекловлар декабрь ойи охирида кучга киради. 2021 йилнинг 9 ойида Қозоғистоннинг Ўзбекистонга картошка импорти умумий ҳажмидаги улуши 29 фоизни ташкил этди.
2021 йилнинг январь ойи бошидан сентябрь ойи охиригача жорий йил ҳосилидаги картошканинг ўртача улгуржи нархи динамикаси ўтган йилга ўхшаш бўлиб, нархлар тахминан 2020 йилги даражада бўлди. Аммо Россия картошка бозоридаги ажиотаж туфайли 2021 йил сентябрь ойи охирида Ўзбекистонда картошка нархи домино эффекти билан қимматлаша бошлади. Орадан уч ҳафта ўтиб, бор-йўғи бир ҳафта ичида – 2021 йил 14 октябрдан 21 октябргача ушбу маҳсулотнинг ўртача улгуржи нархлари бир килограммга 3 500 сўмдан 5 000 сўмга (0,33 доллар – 0,47 доллар) ошди, яъни 43 фоизга.
Шу билан бирга, картошка нархининг янада ўсишини чекловчи омил сифатида 2021 йил 21 октябрда Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси Солиқ кодексига бир қатор маҳсулотлар, шу жумладан картошкани импорт қилиш ва сотишда қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) нолга тенглаштиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Ҳужжатга кўра, 2021 йил 10 октябрдан 31 декабргача кўрсатилган товарларни олиб кириш ва сотиш ҚҚСдан озод қилинган.
2021 йил 4 ноябрдан жорий санага қадар Ўзбекистонда картошканинг ўртача улгуржи нархи 4 500 сўм/кг (0,42 – 0,51 доллар)ни ташкил этади. 3 декабрь ҳолатига картошканинг ўртача улгуржи нархи 5000 сўм/кг (0,46 доллар)ни ташкил қилди, бу 2020 йилнинг шу санасига нисбатан 43 фоизга ва 2019 йилнинг шу санасига нисбатан 2,2 баравар юқори.
Мавзуга оид
13:07 / 18.11.2024
Пискент полигонидаги навбат электрон шаклга ўтказилди
14:00 / 15.11.2024
2025 йилдан Ўзбекистонга айрим қуёш панеллари импорти чекланади
15:10 / 09.11.2024
Россияда картошка ва сариёғ нархи кўтарилишда давом этмоқда
15:11 / 05.11.2024