Ўзбекистон | 17:51 / 09.12.2021
67461
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёдаги қарийб 1,5 трлн сўмлик лойиҳага пудратчи тендерсиз танланган. Пудратчи – Абдуғани Сангиновнинг ўғли

To‘palang HPD Platinum МЧЖнинг ягона таъсисчиси To‘palang HPD Holding ҳисобланиб, компания улушининг катта қисми «Ўзбекгидроэнерго» бошқарув раиси Абдуғани Сангиновнинг ўғли Ислом Абдураҳмоновга тегишли. Жорий йилнинг ўзида бош пудратчи билан 527,4 млрд сўмлик шартнома имзоланган.

Фото: Kun.uz

Бугунги кунда Сурхондарё вилояти аҳолисининг 46 фоизи марказлашган ичимлик сув билан таъминланмаган. 218та сув иншооти ва 3 минг километрдан зиёд тармоқлар таъмирга муҳтож. Вилоятнинг жанубий туманлари ва Термиз шаҳрида сув минерализацияси миқдори ошган. Шу сабаб давлат раҳбарининг 2 июнь куни Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Тўпаланг сув омборидан ичимлик сув тармоғи тортиш бўйича кўрсатма берилиб, дастлабки лойиҳа ҳам ишлаб чиқилганди.

Телеграмдаги davletovuz каналининг эътибор қаратишича, 1,7 млн аҳолининг ичимлик сув таъминотини яхшилайдиган ушбу мега лойиҳа бўйича жорий йилнинг ўзида бош пудратчи билан 527 млрд 428 млн сўмлик шартнома имзоланган.

Бундан 317 млрд 428 млн сўми Россиядан пўлат қувурлар келтиришга йўналтирилади. Лойиҳани 2023 йилда якунлаш кўзда тутилган бўлиб, ҳукумат қарори билан To‘palang HPD Platinum бош пудратчи сифатида тендерсиз танлаб олинган.

Маълумот учун, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг 59-моддасига кўра, товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати бир шартнома бўйича БҲМ (базавий ҳисоблаш миқдори)нинг 25 минг баравари – 6 млрд 750 млн сўмдан ортиқ миқдорни ташкил этганда, давлат хариди тендер ўтказиш йўли билан амалга оширилиши керак.

Очиқ маълумотларга кўра, To‘palang HPD Platinum МЧЖнинг ягона таъсисчиси To‘palang HPD Holding МЧЖ ҳисобланади. Мазкур ҳолдинг улушининг катта қисми — 61,7 фоизи Ислом Абдуғаниевич Абдураҳмоновга тегишли. У «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти бошқарув раиси Абдуғани Абдураҳмонович Сангиновнинг ўғли бўлади.

138 млн долларлик лойиҳанинг техник-иқтисодий асослантирилиши «Гидропроект» АЖ томонидан ишлаб чиқилган. «Гидропроект»нинг 71,86 фоиз овоз берувчи акцияларига «Ўзбекгидроэнерго» АЖ эгалик қилади.

Аввалроқ, 2020 йилнинг 1 май куни Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида техноген фалокат юз бериб, ўн минглаб аҳолининг турар жойлари ва қишлоқ хўжалиги далалари сув остида қолганда ҳам «Ўзгидроэнерго» АЖ раиси Абдуғани Сангинов ва унинг ўғли, 2018 йилдан буён To‘palang HPD systems МЧЖга директорлик қилиб келаётган Ислом Абдураҳмонов ижтимоий тармоқларда танқидлар остида қолганди. Кейинчалик «Ўзгидроэнерго» расмий баёнот билан чиқиб, Сардоба сув омбори 2010-2017 йиллар мобайнида барпо этилгани, ташкилот эса сув омбори фойдаланишга топширилганидан кейин тузилгани, Абдуғани Сангинов 2017 йилнинг май ойида раҳбарликка келганини маълум қилганди.

Мавзуга оид