Тошкент вилояти прокуратураси ҳовлисида фаввора қурган ишчилар пулини ололмаяпти
Фаввора 80 фоиз битган пайтда буздириб ташланган. Қурилиш раҳбарига кўра, фавворанинг қиймати қарийб 500 млн сўм бўлган; айни пайтда ишчиларнинг 45 млн сўм ҳақи тўланмай қолмоқда.
Kun.uz'га Тошкент вилоятида янги қурилаётган “Nurafshon city” мажмуасида ишлаган ишчилардан мурожаат келиб тушди.
Ишчилар гуруҳи бошлиғи Бахтиёр Ҳасановнинг маълум қилишича, 2021 йил май-ноябрь ойларида “Nurafshon city”да қурилаётган Тошкент вилояти прокуратурасининг янги биноси ҳовлисида ишлаган қашқадарёлик ва жиззахлик 11 нафар ишчи ҳалигача иш ҳақларини тўлиқ ололмаяпти.
Улар “Тошкент вилоят махсус-монтаж қурилиш” МЧЖ билан келишув асосида вилоят прокуратураси янги биносининг ҳовлисида фаввора қуришган.
Кейинроқ, вилоят прокуратурасининг янги қурилаётган биносини кўриш учун борган Бош прокуратура масъулларининг талаби билан деярли қуриб битказилган фаввора бузиб ташланган. Ишчилар бу ерда ҳар бир кв/метр учун 90 доллардан келишган ва жами 116 кв/м майдонда иш олиб боришган. Лекин пудратчи ташкилот – “Тошкент вилоят махсус-монтаж қурилиш” МЧЖ ишчиларга келишилган пулларни тўлиқ бермаган.
“Иш бошлаган вақтимизда аванс сифатида 3850 доллар олдик. Қурилиш давомида бир неча марта фавворага сув улаб, ишлатиш учун насос қурилмаси олиб беришларни сўрадик. Лекин роса чўзиб юришди ва охири насосни олиб беришмади. Ўзларининг айби билан иш охирига етмагани учун умумий келишув – 10 440 доллардан 20 фоизини (2100 доллар) чегириб қолишадиган бўлди. Бунга ҳам рози бўлдик.
Шунингдек, ўзларининг талаби билан 3 марта фаввора қурилишида ўзгаришлар бўлди, охири Бош прокуратурадагилар келиб кўришганидан кейин деярли 80 фоизи тайёр бўлган фавворани бузиб ташладик.
Фавворада ишлатилган тошлар қимматбаҳо бўлгани учун уларни ўзимиз бузиб берсак, ҳақимизни беришимиз айтилганди. Лекин қолган 4500 долларни (2021 йил 13 декабрдаги Марказий банк курси бўйича тақрибан 48,6 миллион сўм) ҳам, фавворани бузганимиз учун ҳам ҳақимиз берилмаяпти.
“Тошкент вилоят махсус-монтаж қурилиш” раҳбари Азиз исмли шахс олдига бир неча марта бордим, лекин у мени уриб-сўкиб: «Хоҳлаган жойингга боравер, барибир пулингни бермайман” деб ҳайдаб юборди”, – дейди қурувчилар бошлиғи Бахтиёр Ҳасанов.
Бахтиёр Ҳасанов шундан кейин Бош прокуратурага мурожаат қилган. Лекин деярли 40 кундан буён мурожаати юзасидан тайинли жавоб ололмаган. Шунингдек, у бир неча ҳафта олдин ҳолат юзасидан президент порталига ҳам мурожаат қилган. Бу ташкилотдан ҳозирча мурожаатга жавоб келмаган.
“Қўлимда ишлаган йигитлар дастидан уйимга боролмай қолдим. Охири иккитасига уйимдаги энг охирги ҳайвонимни сотиб пулини бервордим. Баъзилари устимдан Қашқадарё вилоят прокуратураси, Нурафшон шаҳар прокуратурасига ёзишган. Ҳам пулимни ололмаяпман, ҳам ташкилотлар орасида сарсон бўлиб юрибман”, – дейди мурожаатчи.
Пудратчи “Тошкент вилоят махсус-монтаж қурилиш” МЧЖ Kun.uz'га берган изоҳида қурувчилар ишни охирига етказиб топширмагани, шунинг учун келишилган пул тўлиқ берилмаганини билдириш билан кифояланди. Корхона бошқа изоҳ берилмаслигини маълум қилди.
Очиқ маълумотлар порталига кўра, турар жой биноларини қуриш фаолияти билан шуғулланувчи “TOSHKENT VILOYAT MAXSUS MONTAJ QURILISH” МЧЖ 2014 йилда ташкил қилинган. Устав капитали 2,5 миллиард сўмдан ортиқ бўлган корхонанинг асосий таъсисчилари икки нафар фуқаро. Шунингдек, “O'ZMAXSUSMONTAJQURILISH” АК ҳам 1 фоиздан кичик улуш билан таъсисчилар қаторида бор.
Ҳолатга изоҳ берган вилоят прокуратураси матбуот котиби Арслонбек Тошпўлатов Бош прокуратура бу объектнинг буюртмачиси эмаслигини маълум қилди.
“Буюртмачи Тошкент вилояти ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ҳисобланади. Бош прокуратура у ташкилотдан объектни қабул қилиб олади. Фуқаронинг мурожаати эса тегишли тартибда ўрганилиб, натижаси юзасидан жавоб берилади”, – деди Kun.uz билан суҳбатлашган Тошкент вилояти прокуратураси матбуот хизмати бошлиғи.
Айни пайтда фаввора қурилишида ишлаган қурувчиларнинг ҳақидан ташқари фаввора қурилиши харажатлари кимнинг ҳисобидан бўлгани очиқ қолмоқда. Қурувчига кўра, ўлчамлари 9,5х9,5х1,8 метр бўлган 8 қиррали фавворанинг тахминий қиймати 500 млн сўм атрофида бўлган.
Kun.uz билан суҳбатлашган Тошкент вилояти ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси раҳбари Аброр Раҳмонов қурилишда ишлаган ишчилар билан бўлган ҳодисани рад қилмади, лекин ишчилар ташкилотга мурожаат қилмаганини билдирди.
У Kun.uz сўровидан кейин пудратчи қурилишда ишлатган ишчилар бошлиғи билан ҳисоб-китоб қилмоқчи эканини айтди.
Шунингдек, Раҳмонов қурилиш сметасида фаввора қурилиши назарда тутилмагани, фавворани “TOSHKENT VILOYAT MAXSUS MONTAJ QURILISH” МЧЖ ўз ҳисобидан қуриб берган бўлиши мумкинлигини айтди.
Агар “Ягона буюртмачи хизмати” ИК раҳбарининг сўзларига ишониладиган бўлса, сметада бўлмаган бундай катта харажатли қўшимча дабдабанинг қурилиб, қайта бузиб юборилиши яна саволларни кўпайтирмоқда.
Мавзуга оид
23:07 / 21.12.2024
Тошкент вилоятида чиқинди полигонлари хизмат нархи оширилади
16:16 / 17.12.2024
Тошкент вилоятида 8,7 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган цех фош этилди
20:14 / 16.12.2024
Тошкент вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
12:49 / 16.12.2024