Ўзбекистон | 21:50 / 15.12.2021
11230
3 дақиқада ўқилади

2 йил олдин 81 туп дарахт кесилгани учун терговга тортилган “замҳоким”га қандай чора кўрилгани нега яширилмоқда?

Қонунга кўра, дастлабки тергов муддати 3 ой. Аммо қарийб икки йилдирки, мораторий даврида 81 туп дарахтнинг бошига етган Яккасарой ҳокими ўринбосари ва тадбиркорга нисбатан қўзғатилган жиноят иши тергови натижаси маълум эмас. Айбдорлардан ундирилган пул тартибга зид ҳолда Тошкент шаҳар прокуратурасида қолмоқда.

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси

2020 йил 21 феврал куни Яккасарой туманида қурувчи ташкилот томонидан мораторийга зид равишда 81 туп дарахтнинг кесиб ташланиши оқибатида Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Яккасарой тумани ҳокими ўринбосари А.Саттаров ва «Building And Supplies» МЧЖ раҳбари А.Қодиров жиноят иши бўйича айбланувчи тариқасида жалб қилинганди. Етказилган зарар қонунбузарлардан 3 баробар (1 млрд 891 млн сўм) қилиб ундирганди.

Маълум бўлишича, ундирилган сумма Тошкент шаҳар прокуратурасининг банкдаги депозит ҳисоб рақамига қабул қилинган ва ҳамон ўша ерда сақланмоқда. Жиноят ишининг тақдири ҳам номаълум.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сонли қарорига мувофиқ, ўсимлик дунёсига зарар етказилган тақдирда жарималар ва етказилган зарарни қоплашдан тушадиган барча сумма «Биоинспекция» (Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси)нинг махсус ҳисоб рақамига тушади, тушган сумманинг 60 фоизи республика бюджетига ўтказилади.

Тартибга мувофиқ, ҳисоб-китоб қилиб кўрилса, ундирилган сумманинг 60 фоизи – 1 млрд 134 млн 780 минг сўми республика бюджетига, қолган 40 фоизи – 756 млн 520 минг сўми «Биоинспекция»нинг махсус ҳисоб рақамига ўтказилиши кераклиги маълум бўлади.

Kun.uz жиноят ишининг якуни, шунингдек Экоқўмитага ўтказиб берилмаётган пуллар бўйича изоҳ олиш мақсадида Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов билан боғланди. Ҳаёт Шамсуддинов Бош прокуратуранинг расмий саҳифаларини кузатишни тавсия қилди.

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев тергов жараёни ва ундирилган сумма тақдири номаълум экани ҳамда бу ҳақдаги мурожаатини Тошкент шаҳар прокуратураси жавобсиз қолдираётгани ҳақида ёзди.

Аммо кўп ўтмай, бу пост ўчириб ташланди.

Депутат пост ўчирилиши сабаби билан қизиққан Kun.uz мухбирига буни айтолмаслигини билдирган.

Маълумот учун, Жиноят-процессуал кодексининг 351-моддасига биноан дастлабки тергов жиноят иши қўзғатилган кундан бошлаб 3 ойдан ошмаган муддатда тамомланиши лозим. 

Мавзуга оид