Ҳеч қачон хафа бўлмайди, ҳеч қачон жазавага тушмайди. Германиянинг янги канцлери ҳақида
Олаф Шолц расман Германия канцлери лавозимини эгаллади. У бунгача ҳам қарийб 20 йил давомида немис сиёсатининг юқори доираларида эди. Бироқ жорий йилга қадар ўзига у қадар эътибор жалб этмаганди.
Унинг канцлер лавозимида пайдо бўлиши 1999 йилда йўқ жойдан пайдо бўлган Владимир Путинни ёдга олишга ундайди.
Шолцни эксцентрик вазирлар бошида турган консерватор ва зоҳид сифатида, тизимда авторитар қоидаларга эга етакчи сифатида тасвирлаш мумкин. У сайловларда барча харизматик рақибларини ортда қолдирди.
У ҳатто Ангела Меркелдан ҳам хотиржамроқ ва вазминроқ. Шолц раҳбарлигининг илк кунларидаёқ инқирозларни ҳал этишига тўғри келади. Улардан биринчиси – коронавирусга қарши мажбурий эмланишни жорий этиш.
8 декабрь куни Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ўз қароргоҳида Социал-демократик партиясидан номзод Олаф Шолцга унинг канцлер этиб тайинланиши тўғрисидаги фармонни – немис бургути туширилган тўқ кўк рангдаги папкани топширди. Саросимага тушиб қолган Шолц иккиланиб қолди, ҳужжатни нима қилишни билмади. «Келинг, фармонни камералар олдида очиқ ҳолда қолдирамиз», — деди унга партиядош бўлган Штайнмайер вазиятдан чиқишига ёрдам берган ҳолда. Шолц итоаткорлик билан журналистлар олдида папкани очди. Маросим бир дақиқага яқин давом этди. «Жаноб канцлер, чин қалбдан табриклайман», деди президент. Шолц бунга жавобан ҳеч нима демади. Эҳтимол, канцлерга осон бўлиши учундир, маросимда унинг сўзлаши шарт эмасди.
Шолц тўғрисида китоб ёзилмаган (Германия учун бу ноодатий ҳолат). У сайловолди пойгаси аутсайдери сифатида кўрилганди
Олаф Шолц — паст бўйли, тепа сочи йўқ, қомати спортчиникига ўхшаш, қулоқлари диккайган эркак. Омма олдида ўзини ноқулай ҳис этаётган ўсмир каби тутса ҳам, ГФРнинг урушдан кейинги даврдаги энг кекса канцлеридан бири бўлди. Ёши 63да. 1963 йилда ҳукуматга раҳбар бўлганида ёши 66да бўлган Людвиг Эрҳардгина ундан каттароқ. Узоқ сиёсий карьерасига қарамай, канцлерлик лавозимини карьерасининг мантиқий якуни деб айтиб бўлмайди. Сиёсатшунослар мўъжиза ҳақида гапиришмоқда. Жорий йил сайловларида канцлерлик лавозимига «Яшиллар»дан Анналена Бербок ва христиан-демократлардан Армин Лашет каби икки номзод жиддий даъвогарлик қилаётганди. Уларнинг фонида Шолц аутсайдер бўлиб кўринарди. Социал-демократлар баҳордаёқ ҳар икки рақиб партияга рейтингларда ютқазганди.
Шолц немис сиёсати юқори лигасида 2000-йиллар бошидан бери мавжуд. Бироқ жорий йилга қадар уни ҳеч ким сезмаган. Германия – китоблар мамлакати. Немислар ўз сиёсатчилари тўғрисида ўқишни яхши кўришади. Бироқ китоб дўконларида янги канцлер ҳақида битта ҳам китоб йўқ. Шолцнинг ўзи карьерада навбатдаги муваффақиятсизлигидан кейин ёзган китобни нашр эттириш учун ношир топа олмаган. Шолцнинг сири шундаки, у билан ҳеч ким қизиқмаган ёки эътиборсиз қолдирилганида ҳам тушкунликка тушмаган ва навбатдаги имкониятини кутган.
Янги канцлер ёшлигида НАТО ва капитализмга қарши курашган
Олаф Шолц Ҳамбургнинг ишчилар районида катта бўлади. 17 ёшида Социал-демократик партияга аъзо бўлиб киради ва 30 ёшгача унинг капитализм ва НАТО блокига қарши чиқадиган чап қанотида сиёсий карьера қилишга интилади. Шолц исёнчи ҳам, харизматик ҳам эмасди. Шунинг учун унда сўлчиларнинг зўравон етакчисига айланиш имконияти йўқ эди. 90-йилларда меҳнат ҳуқуқи соҳасида ҳуқуқшунос бўлиб фаолият юритди. Меҳнаткашлар жамоалари билан мулоқотда бўлиб, марксизм билан хайрлашди ва ҳозирги жойи – социал-демократларнинг ўта ўнг, консерватив қанотига ўтди.
Шолц ўзининг юқорига кўтарилишида ёрдам берган Герҳард Шрёдердан қарздор. Миш-мишларга кўра, меҳнат ҳуқуқи масалалари муҳокама қилинаётган учрашувлардан бирида Шолц канцлерга шундай деган: «Бу мавзуни озгина бўлса-да билишингиз, бизга ёрдам берган бўларди». Германияда меҳнат бозорини (муваффақиятли) ислоҳ этаётган Шрёдер бу беадабни Берлинга, партиядаги марказий лавозимлардан бири – бош котибликка олиб кетади.
2005 йилда Шрёдер сайловда Меркелга ютқазгач, партия томонидан қўлловга эга бўлмагач, Шолцнинг рейтинги ҳам қулайди. Бир неча йил ўтиб у Меркель кабинетида меҳнат вазири лавозимига эга бўлди (Меркель кўп йиллик сиёсий анъанага қарши бориб, бунгача христиан демократларининг асосий рақиби саналган социал-демократлар билан иттифоқ тузди). Мазкур лавозимда Шолц икки йил ишлади ва сиёсий доирадан яна ғойиб бўлди. Ҳамбург раҳбари лавозимида эса унинг сиёсий карьераси қайта туғилди. Ўша вақтдан бери Ҳамбургдаги офисида Шолцнинг асосий шиори осиғлиқ туради: «Ҳеч қачон хафа бўлмаймиз, ҳеч қачон жазавага тушмаймиз».
Ҳамбургдан кейин яна Берлин – 2018 йилда у Меркелнинг сўнгги ҳукуматида молия вазири бўлди. Вице-канцлер лавозимини олди – шарафли, бироқ тан олинган етакчи соясида деярли кўринмас эди. Бир йилдан кейин навбатдаги мағлубият: партия ички сайловларида унинг ўрнига сўлчилар Заския Эскен ва Норберт Вальтер-Борьянсни (социал-демократлар гендер мувозанат учун партия етакчиси лавозимига эркак ва аёлдан иборат дуэтни олға суради) афзал билишди.
Аслида айнан шу мағлубиятда бўлажак ғалаба калити яширинган эди. Шолц партияни ўз руҳиятига мос тарзда ўзгартиришдан воз кечиб, уни сўлчиларга қолдирган, деб ҳисобланди. Партия ичидаги мақсадларини эса ўша сўлчилар томонидан канцлерлик лавозимига қўллаб-қувватланишга алмаштирди. Социал-демократлар ҳақиқатан ҳам Шолцни сайловларда қўллаб-қувватлашган бўлса-да, бу актив деярли фойдасиз бўлиб туюларди. Кўп йиллар давомида ГСДП сўл қанотда «Яшиллар» сиқиб чиқарадиган сиёсий партия бўлиб кўринарди. Кутилмаганда айнан шу ставка иш берди.
Шолцнинг аскетик имижи – сўнгги йиллар топилмаси. Эксцентристлар кабинетида у оқ қарға каби бўлади
Шолц — ўз партияси билан муаммолари бўлган биринчи канцлер эмас. Ангела Меркел ҳам бу ҳолатни аъло даражада билади. Унинг сўл либерал тажрибалари у бошқарган консерваторларни тез-тез ҳайратга солган. Энди эса вазият тескарисига ўзгариши мумкин. Меркел «консерваторларни бошқарган сўлчи» бўлса, Шолц эса кўпроқ «сўлчиларга раҳбарлик қиладиган консерватор»га ўхшайди. У 2000-йиллар бошида ўсмирлик хаёлларидан бутунлай воз кечган ҳолда, партия ҳужжатларидан «демократик социализм» иборасини олиб ташлашга ҳаракат қилганди.
Шолц ўзини ўзи одам қилди. Сўнгги йигирма йил давомида Берлин — Ҳамбург поездларида сиёсий фалсафа ва социология бўйича китобларни ўқиб, мустақил равишда илм олиш билан шуғулланди (У ҳақидаги яна бир эътиборли маълумотга кўра, 2000-йиллар охирида вазирлик лавозимида бўлганида у тунни Берлинда ўтказмасди, бир ярим соат поездда юриб, Ҳамбургдаги уйига кетарди). Буни унинг ташқи кўринишидан ҳам билса бўлади: 20 йил муқаддам тўладан келган, юзлари қизил бўлган Шолц, 40 ёшида югуриш билан шуғулланишни бошлади, эшкак эшишга қизиқди, ичкиликни ташлади ҳамда жорий сайловларга бор вақтини ишга бағишлайдиган аскет образида келди. Пандемия даврида бу немисларга ёқди. Шолцнинг фарзанди йўқ. У 40 ёшида уйланган. Рафиқаси Бритта Эрнст Бранденбург ери таълим вазири. Сўнгги йилларда улар Бранденбургнинг маъмурий маркази Потсдам ва Берлин шаҳри чеккасида яшашган.
Бу аскет ва деярли очиқ консерватор ўз фонида эксцентрик бўлиб кўринадиган вазирларни бошқаради. «Яшиллар»дан чиққан Қишлоқ хўжалиги вазири Жем Ўздемир Германия тарихида келиб чиқиши турк бўлган биринчи вазир. У етти йил муқаддам балконида туриб, гул тувагидаги марихуана бутаси ёнида устидан муздек сув қуяётгани акс этган видеони эълон қилганди (ана шундай челленж бўлганди).
Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Россиянинг энг ашаддий танқидчиси сифатида танилган. Вице-канцлер Роберт Ҳабек сиёсий карьерагача ёзувчилик қилган. Эркин демократлардан чиққан молия вазири Кристиан Линднерни жасур ғоялари сабаб «Германия учун альтернатива» партияси учун «муқобил» деб аташган. Уларнинг бари мақсадлари жуда юқори, муҳими, харизматик шахслар. Уларнинг барчаси ўзини канцлер ролида тасаввур этиши мумкин. Улар ниҳоят, ҳақиқий ҳокимиятга етиб келишди ва тиришқоқ ижрочилар ролига рози бўлишлари даргумон.
Шолц кўпчилик немислар каби мажбурий эмлаш тарафдори. Бироқ унинг жорий этилиши сиёсий тизим учун оғир синов бўлиши мумкин
Шолц ҳақидаги барча маълум нарсалар ва унинг Ҳамбургдаги бошқарув услуби қаттиққўл раҳбарлиги, етарлича ўзига ишониши ва такаббурлигини кўрсатади. «Шолцнинг кучли жиҳати харизма, жозиба ёки чиройли гаплар эмас. У мустаҳкам бошқарувчи. Тушунишимча, мақсадлари улкан бошқарувчи. Эҳтимол, авторитар ҳамдир, авторитар жиҳатларга эга. Табиийки, демократияда бу жиҳатлар хушланмайди», дейди Deutsche Welle шарҳловчиси Андрей Гурков «Медуза»га.
Аниқ бир нарса дейиш қийин, эҳтимол бироз юмшоқ (ҳеч бўлмаганда ташқи томондан) Меркелдан кейин немисларга Шолцнинг қаттиққўллиги маъқул келиши мумкин. Бундан ташқари, уч партия коалициясининг махсус шароитларида ўта хавфли авторитар жиҳатлар юзага чиқишининг деярли имкони йўқ. Биринчи синов – мажбурий эмлашнинг жорий этилиши бўлиши керак. Шолц ана шундай чора тарафдори.
Германияда, дунёдаги деярли барча жойларда бўлгани каби эмлаш масаласи жамиятни иккига бўляпти. Мамлакат шимолида, Саксонияда деярли ҳар куни коронавирусни енгиш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсатига қарши кўп сонли ва рухсат берилмаган (ҳудудда касалланишлар кўрсаткичи юқори бўлгани учун 10 кишидан ортиқ гуруҳ бўлиб тўпланиш тақиқланган) митинглар бўлиб ўтмоқда. Ўтган ҳафтада Берлин яқинидаги Кёниг-Вустерҳаузенда эмланишга қарши бўлган ва телеграмдаги фитна каналларнинг фаол ўқувчиси ҳамда унинг оила аъзолари жонсиз ҳолда топилган. Рафиқасининг иш берувчиси унинг эмланганлик тўғрисидаги сохта маълумотномадан фойдаланганини билиб қолгач, у рафиқаси, уч нафар фарзанди ва ўзини ўлдирди. Ўлими олдидан ёзиб қолдирган хатда у фарзандларини тортиб олишларидан қўрққанини ёзган.
Мажбурий эмланишни жамиятнинг катта қисми қўллаб-қувватлашига қарамай, унинг қаттиққўллик билан амалга оширилиши – журналист Мориц Гатманнинг сўзларига кўра – «фойдадан кўра кўпроқ зарар келтириши мумкин». Ва анъанавий тарзда ҳукуматни демократияга ҳужум қилишда айблаб келадиган, эндиликда эса «катта фарма»га хизмат қилишда айблаши мумкин бўлган «Германия учун альтернатива» партиясидан бўлган ўнг популистларнинг янада мустаҳкамланишига олиб келиши мумкин. Энг ёмон ҳолатда мажбурий эмлаш Шолц учун Меркелнинг 2015 йилдаги миграцион инқирози каби бўлиши эҳтимоли бор. Ўшанда Меркелнинг рейтинги «бу масалани ҳал этиш»га берган ваъдасидан кейин энг паст кўрсаткичга тушиб кетганди. Бироқ Шолцда бу инқироз бошқарувнинг илк даврларига тўғри келади.
Мавзуга оид
10:30
Германия Киевга кенг қамровли янги қуроллар пакетини тақдим этади
18:40 / 21.12.2024
Шавкат Мирзиёев Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайерга таъзия йўллади
08:03 / 21.12.2024
Германияда машина рождество бозоридаги кишилар устига ҳайдалди
15:01 / 20.12.2024