Қотилликлар, ҳалокатли очарчилик, болалар савдоси. БМТга Афғонистондаги ҳозирги вазият бўйича ҳисобот берилди
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича агентлиги 14 декабрь куни янги ҳукуматнинг халқаро коалиция кучлари билан ҳамкорлик қилган аҳолини таъқиб қилмаслик тўғрисидаги ваъдаларига қарамай, Афғонистондаги тинч аҳолининг толиблар томонидан оммавий ўлдирилгани тўғрисидаги маълумотлар ўз тасдиғини топаётганини маълум қилди.
БМТ маълумотларига кўра, агентлик ходимлари август ойида толиблар ҳокимиятга келганидан бери суд ва терговсиз амалга оширилган 100дан ортиқ қотилликларни исботлашга муваффақ бўлган.
Қурбонларнинг бари – Афғонистоннинг аввалги ҳукумати ва хавфсизлик хизматининг собиқ ходимлари. Human Rights Watch ташкилоти ҳисоботига кўра, сўнгги ҳафталарда 47 киши ўлдирилган.
«Айрим ҳолларда жасадлар оммага кўрсатилган, бу эса аҳолининг муайян гуруҳлари қўрқувини оширган», дейди БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссар ўринбосари Нада ал-Нашиф Афғонистондаги ҳозирги ҳолатга бағишланган махсус йиғилишда.
Афғонистон ТИВ вакили Абдул Қаҳҳор Балхий БМТ хулосаларини кескин рад этиб, янги ҳукумат собиқ ҳукуматнинг барча собиқ ходимлари ва уларнинг хорижий иттифоқчилари амнистияси тўғрисидаги ваъдасини бажараётганини маълум қилди.
«Амнистия тўғрисидаги фармонни бузган ҳар бир шахс жиноий жавобгарликка тортилади ва жазоланади», деган ТИВ вакили.
У барча самосуд ҳолатлари синчковлик билан ўрганилишини қўшимча қилиб, Ғарбни ҳақиқатни миш-мишлардан ажрата олишни ўрганишга чақирди.
«Толибон» ҳаракати матбуот котиби Қори Сайёд Хўстий ҳам HRW маърузаси тасдиқланмаган маълумотга асосланганини айтди. Унинг сўзларига кўра, собиқ полициячи ёки ҳарбийларга нисбатан алоҳида репрессия ҳолатлари рўй берган. Бироқ уларнинг бари муайян шахсларнинг шахсий адовати бўлган ёки уруғ-аймоқ адоватидан келиб чиққан.
БМТ йиғилишида Нада ал-Нашиф Нангарҳор вилоятида Афғонистондаги толибларнинг асосий душмани ИШИДнинг бир қисми саналган «Хуросон-ИШИД» гуруҳига алоқадорликда гумонланган ўнлаб кишилар ўлдирилганини ҳам маълум қилди. Ал-Нашифнинг сўзларига кўра, бу гуруҳ аъзоларига нисбатан толиблар дорга осиш ёки бошини олиш каби қатлнинг энг шафқатсиз усулларини қўллашади. Мурдалар узоқ вақт давомида жамоат жойларида кўринадиган жойда қолдирилади.
Ҳалокатли очарчилик
14 декабрь куни бўлиб ўтган БМТ йиғилишида Афғонистондаги гуманитар инқироз кутилмаган ҳолат эмаслиги, тахмин қилинганидан кўра тезроқ суръатларда ривожланаётгани қайд этилди.
Очлик афғонларни омон қолиш учун мисли кўрилмаган қадамлар ташлашга ундамоқда. Болаларни сотиш ҳолатлари сезиларли даражада ортган. Ўта эҳтиёжманд оилалар уй юмушлари бажара оладиган каттароқ фарзандлари қорнини тўйдириш учун кичик фарзандларини сотишмоқда. БМТ прогнозларига кўра, 23 миллиондан ортиқ афғонлар (бу мамлакат аҳолисининг ярмидан ортиғи) даҳшатли очликка дучор бўлади. Аввалроқ гуманитар фалокат авжи қиш фаслининг иккинчи ярмига тўғри келиши айтилганди, бироқ сўнгги маълумотларга кўра, мазкур ҳолат ҳозирнинг ўзида юз бермоқда.
Жаҳон озиқ-овқат дастури маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда қарийб 98 фоиз афғонлар тўйиб овқатланмаяпти.
БМТ аҳоли миграция ёки ҳалокатли очликдан бирини танлашига тўғри келиши ҳақида огоҳлантирмоқда. Бироқ озиқ-овқатсиз қиш ойларида миграция қилиш ўлим билан баробардир.
«Афғонистонга аввал мен ўз тажрибамда ҳеч қачон кўрмаган улкан очлик ва қашшоқлик ёпирилди», дейди Жаҳон озиқ-овқат дастури афғон бўлими раҳбари Мэри-Эллен Макгрегори.
Афғонистондаги гуманитар вазиятга икки ҳолат сабаб бўлмоқда: қурғоқчилик туфайли ҳосил етишмаслиги ва ҳокимиятга толиблар келгач, мамлакат хорижий активларининг блокланиши.
БМТ маълумотида айтилишича, «Толибон»га қарши курашда халқаро ҳамжамият қандай мураккаб сиёсий вазиятга тушиб қолганини тушунади. Ғарбнинг кўплаб мамлакатлари уларни террорчилар деб ҳисоблайди. Бироқ бутун бир бошли миллат учун ҳозирда бу ҳаёт-мамот масаласидир.
Мавзуга оид
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
14:12 / 06.11.2024
Ўзбекистон ва ЕИ афғон масаласи бўйича ўзаро маслаҳатлашувни давом эттиради
22:45 / 02.11.2024