Жамият | 23:28 / 16.12.2021
2575
1 дақиқада ўқилади

Деновда 10-синф ўқувчиси отасининг машинаси билан 1-гуруҳ ногиронини уриб юборди. Фуқаро вафот этди

Фото: ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати

Сурхондарё вилояти Денов туманида 10-синф ўқувчиси отасининг машинаси билан 1-гуруҳ ногирони бўлган шахсни уриб юборган. Оқибатда у вафот этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 13 декабр куни 4К-588 Денов-Вахшивор автомобил йўлининг Денов тумани Тотувлик маҳалласидан ўтган 1-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Денов тумани Ободон маҳалласида яшовчи, туман ХТБ тасарруфидаги 35-мактабнинг 10-синфи ўқувчиси тунда отасига тегишли бўлган машинани бошқариб кўчага чиққан.

Сўнг қўллари ёрдамида ҳаракатланиб йўлни кесиб ўтаётган 1-гуруҳ ногирони бўлган фуқарони уриб юборган. Оқибатда оғир тан жароҳатлари олган фуқаро вафот этган.

Мавзуга оид