Жамият | 13:05 / 16.12.2021
13935
6 дақиқада ўқилади

Синов қаршисида синмаган она, пинҳона яхшилик ва сарпо дардидаги аёллар — ҳаётий ҳикоя

Икки фарзанди ортидан эри ҳам касалликка чалинган, шунга қарамай тушкунликка тушмасдан ўз меҳнати билан қўлидан келганча бу қийинчиликлардан чиқишга интилаётган аёл ҳикояси – Kun.uz'нинг “Ҳаётий ҳикоялар” рукнида.

Фото: Getty Images

Қибрайлик Зулфия опа уч қиз фарзандни тарбиялаб, вояга етказмоқда. Улардан икки нафари хаста, камига турмуш ўртоғининг ҳам дардга чалиниши у учун кутилмаган зарба бўлган.

Эътиборимизни тортгани, аёлнинг умидсизликка тушмагани бўлди. Шу боис кўпчиликка ўрнак бўлишга арзийдиган замондошимиз билан суҳбатимизда тинглаганларимизни “Ҳаётий ҳикоялар” рукнида келтириб ўтамиз.

— Яхши орзу-ҳаваслар билан турмушга чиқдим. Уч нафар қиз фарзанд кўрдим. Ҳаётимиз тинч, болаларим саломат улғайишини кўриб чинакам бахтни ҳис қилардим. Фарзандларимнинг учаласи ҳам соғлом туғилган, аммо 2-қизим 2,5 ёшга етганда негадир бир оёғини қийшиқ босаётганини сездим, бу иккинчи оёғига ҳам ўтиб бора-бора иккала оёғи тиззасидан орқа тарафга қайрила бошлади. Бу унинг юришига таъсир қилар, юришга қийналар эди. Кейинчалик умуман юра олмай қолди. Шифокорлар унга БЦФ (болалар церебрал фалажи) ташхисини қўйишди.

“Қизимнинг мажруҳга айланишини кутиб туролмасдим

— Кўз олдимда унинг ўрнидан қимирлай олмайдиган мажруҳ инсонга айланиб боришини кутиб туролмасдим. Жон-жаҳдим билан уни тузатишга киришдим, соғайиши учун қўлимдан келган ҳамма имкониятларимни ишга солдим, бунинг учун йиллар давомида у билан шуғулланишга, соғлигини назорат қилишга тўғри келди. Хаста боламдаги ҳар битта ўзгаришни синчковлик билан кузатдим, ҳамма жойдан, турли мутахассислардан янги маълумотлар топиб ўзим ҳам қўллаб кўра бошладим. Қизимда 3 маротаба жарроҳлик амалиёти ўтказилди ва секин-аста тўғри қадам ташлай бошлади. Ҳозир у мустақил юра олади. Аввалги ҳолатини кўрганларнинг унинг шу даражада соғайганига ишонгиси келмайди.

“Бир болам соғайганда яна бири хасталанди”

— Тақдирни қарангки, иккинчи қизим оёққа туришига кейинги – кенжатой фарзандимда бошқа касаллик аломатлари кўрина бошлади. Бутун фикр-у зикрим опаси билан овора бўлиб, кенжасига эътиборни камайтириб қўйдим шекилли, деб ўзимни мунтазам айблайман. Бир боламнинг тузалишидан хурсандчилигим кўпга бормади. Кейингисига дард ёпишди. Соппа-соғ қизимда ақлий заифлик белгилари сезиларди.

4 йилдан бери шу болам тузалиши учун шифохонама-шифохона юраман. Беморнинг соғайиши учун фақат дори-дармон кифоя эмас экан. Қизим билан соатлаб гаплашаман, табиатни, ҳайвонларни, буюмларни таништираман. Натижада ниманидир кўрса додлаб йиғлайдиган болам ҳозирда мушук билан дўстлашиб, ўйнай бошлади. Расмларга, нарсаларга бироз бўлса ҳам қизиқиш билан назар соладиган бўлди. Буни кўриб менда умид уйғонади: демак, ҳаракат қилсам, қизим тузалиши мумкин дейман.

“Устма-уст келган ғам турмуш ўртоғимни тўшакка йиқитди”

— Бир эмас, икки қизимизнинг бундай дардга чалиниши бизни гангитиб қўйди. Айниқса, турмуш ўртоғим буни ўйлайвериб касалга чалинди. Энди оиламиздаги беморлар сони уч нафарга етган эди. Устига-устак шифокорлар эримнинг юрагини бир ҳафта ичида зудлик билан операция қилиш кераклигини айтишди. Йиллар давомида болаларим соғайиши учун ҳаммадан ёрдам олиб бўлганмиз, бошқа бирор ёрдам келадиган жойни кўрмасдим.

Қўлимда эса бор-йўғи охирги 200 минг сўм пулим қолган эди. Кимга айтишни, қаерга боришни билмайман. Қариндошлар ҳам ўзларидан ортгулик эмас. Хаста қизларим билан ёлғиз қолиш, уларни отасиз катта қилишни ўйласам, кўзимга дунё қоронғи бўлади.

“Яхшилар кўп экан...”

— Дунёда яхшилар кўп экан, ғойибдан шундай инсонга йўлиқтирди бизни. Аҳволимиз ҳақида яқин қариндошимиз орқали хабар топган бир яхши инсон операция учун керакли ҳамма пулни тўлаб берди. Қариндошимга эса шахсини ошкор қилмасликни илтимос қилибди. Ҳатто ўзини кўрсатишни ҳам истамаган нажоткор кимлигини билмайман, ҳеч кимга бу ҳақда айтмаслигимни илтимос қилган бўлса-да, шундай одамлар борлигини билдиргим келади. Операция яхши ўтди, хўжайинимнинг ҳаётини сақлаб қолишди.

Энг катта умидим ва орзум – қизларим соғайиб кетса бас. Мўъжизаларга ишониб яшаяпман. Улар тузалишига ишонаман ва шуни ўйласам ғойибдан куч келади.

“Айрим аёлларнинг “муаммо”ларига ҳайрон қоламан”

— Ёшлигимдан тикувчиликка қизиққаним учун шу ҳунарни анча-мунча ўзлаштирганман. Ҳозир пардалар тикаман, мижозларим кўп. Шунинг учун жуда кўп аёллар билан гаплашаман. Айрим аёлларнинг муаммоларини эшитиб ҳайратда қоламан: уйни янги жиҳоз билан безатиш, тўйда қилинадиган сарполар баҳси. Шунақа вақтда ўз ҳаётимдаги юз берган воқеалар бир-бир кўз олдимдан ўтади.

Баъзида ёнида турмуш ўртоғи бор, болалари соғ-саломат бўлатуриб ҳаётидан нолийдиган танишларимга ўзим дуч келган синовларни мисол келтираман. Лекин шахсан ўзимнинг ҳаётим, бу савдолар ўз бошимдан ўтаётганини айтмайман.

Уйимда уч нафар ногирон борлигини фақат ўз яқинларим билади, холос. Бошқа ҳеч кимга ўз ташвишим ҳақида гапиришни, билдиришни истамаганман. Доим ҳаётга тўғри кўз билан қараб, берган синовларига сабрни адо этишда куч топиб яшашга ҳаракат қиламан. Яратганнинг суйган бандаси эканмизки, шунча дард берди. Буларни кимгадир айтганим билан ҳеч нарса ўзгармаслиги маълум.

Гулмира Тошниёзова ёзиб олди.

Зулфия опага ёрдам қўлини чўзишни истаганлар учун унинг карта рақамларини келтиришни лозим топдик:

Uzcard: 8600 0304 7515 8824 (Зулфия Махсутова номида)

Мавзуга оид