Ўзбекистон | 07:43 / 17.12.2021
8517
2 дақиқада ўқилади

Айрим соҳалардаги корхоналарнинг давлат улушини хусусий секторга сотиш режалаштирилмоқда

Фото: Getty Images

Президентнинг “Рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатадиган тўсиқларни бартараф этиш ва тадбиркорлик фаолияти йўналишларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон президентининг “Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ:

  • Монополияга қарши курашиш қўмитаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда мамлакат иқтисодиётида ва ҳудудларда рақобат муҳитини яхшилаш, рақобат соҳасидаги стратегик устувор йўналишлар ва вазифаларни белгилашда, шу жумладан институционал ислоҳотларни амалга оширишда ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга ошириши белгиланган;
  • имтиёз, преференция ва эксклюзив ҳуқуқлар шаклида кўрсатилаётган давлат кўмагининг самарадорлиги устидан давлат назоратини амалга ошириш ҳамда улар рақобат муҳитига салбий таъсир этган тақдирда, уларни бекор қилиш бўйича таклифлар киритиши белгиланган.

2022 йил 1 июлдан бошлаб:

  • аэропортлар, йўл қурилиш, электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш, иссиқлик таъминоти, нефть маҳсулотларини сотиш ва бошқа соҳалардаги корхоналарнинг давлат улушлари босқичма-босқич хусусий секторга сотилиши;
  • рангли металларнинг парчалари ва чиқиндиларини сотиб олиш, қайта ишлаш, сотиш ва тайёрлаш фаолияти билан хусусий сектор шуғулланиши мумкинлиги белгиланади;
  • 2022-2026 йилларда хусусий секторни кенг жалб қилиш ҳамда эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш орқали мавжуд монополияларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланади.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси табиий монополиялар инфратузилмаларидан хусусий секторни тенг шароитларда фойдаланишини таъминлаш мақсадида  табиий монополия соҳаларини тартибга солиш ҳамда асосий фаолият тури табиий монополия бўлмаган субъектлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича янги тартиб ишлаб чиқади.

Мавзуга оид