Иқтисодиёт | 18:16 / 18.12.2021
24316
3 дақиқада ўқилади

Фуқаролардан ортиқча солиқ ундиргани учун 96 нафар раҳбар жазолангани айтилди

Ортиқча солиқлар йиғилиши ортидан солиқ органларидаги 29 нафар раҳбарнинг лавозими пасайтирилган, тизимдаги 6 нафар амалдор эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Фото: Getty Images

2021 йилнинг ўтган 9 ойи давомида солиқ органлари айрим раҳбарларига нисбатан фуқаролардан ортиқча солиқ ундирилгани учун жазо чоралари кўрилган. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев 15 декабрда ўтказилган Сенат мажлисида маълум қилди.

Қўмита мулозимига кўра, айрим туман ёки шаҳарларда солиқ органлари ходимлари тадбиркорлардан телефон орқали илтимос қилиб, бюджетга ортиқча солиқ тўловларини тушириш ҳолатлари мавжуд.  

“Бунинг учун 96 нафар раҳбар ходимга нисбатан жазо чоралари қўлладик, 29 нафарининг лавозими 1 поғонага пасайтирилди, 6 нафар раҳбар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди”, деди раис ўринбосари.

Қайд этилишича, жорий йил бошидан 1 октябрига қадар давлат бюджетига ортиқча тўловлар 35 млрд сўмга камайтирилган. Аммо умумий миқдор йил бошига нисбатан 116 млрд сўмни ташкил этди.

Май ойида очиқланган рақамларда эса бюджетга ортиқча ундирилган солиқлар 2021 йил 1 январ ҳолатига 150,7 млрд сўмни ташкил этгани ва у 2020 йил 1 январь (168,1 млрд сўм) ҳолатига нисбатан 17,4 млрд сўмга камайгани хабар қилинган.

Мубин Мирзаев кунлик солиқ тушумлари 11 трлн сўмни ташкил этиши ва ортиқча тўловларни камайтириш бўйича қатор ишлар олиб борилаётганини ҳам таъкидлади.

“Солиқ кодексининг 104-105 моддаларига асосан, ортиқча тўловларни қайтариш ва бундай тўловлар қилинишига йўл қўймаслик мақсадида 9 ой давомида 1,5 мингдан ортиқ тадбиркорларнинг муаммолари ўз вақтида бартараф этилди. Солиқ органлари томонидан инкассация орқали олдиндан тўлов олиш ҳолатлари бўларди. Биз буни тўлиқ автоматлаштирдик”, деди қўмита вакили.

Йиғилишда бу масала юзасидан тадбиркорлар сенаторларга ҳам мурожаат қилаётгани, ортиқча пул ундиришлар фуқароларга муаммо туғдираётгани айтиб ўтилди.

Аввалроқ, ортиқча тўланган солиқларни қайтариш ёки ҳисобга олиш муддатларини бузган ва ортиқча тўловларни қисқартириш юзасидан етарлича иш ташкил этмаганлиги учун 2020 йилда солиқ органларининг 79 нафар раҳбар ходимига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилгани айтилганди

Мавзуга оид