Кўмир ўрнига кўк водород. Аммо нима учун экология фаоллари Япония ҳукумати режаларидан даҳшатга тушмоқда?
2011 йилдаги Фукусимадаги фалокат Япония жамиятида атом энергетикасига нисбатан салбий муносабат шакллантирди. Ҳукумат таъкидлаётган янги энергия манбайи кўмирдан халос бўлишга ёрдам берадими? Фаоллар хавотирда.
Ғаройиб куз куни. Мен тепаликда туриб, Токио кўрфазига қарайман. Ёнимда етмишдан ошган жаноб Такао Саики. У доим хушмуомала ва хотиржам. Саики-сан бугун ғазабда.
«Бу кулгили!» дея ҳайқиради у тоза инглиз тилида.
Унинг ғазабига сабаб – кўрфаз манзарасини тўсиб қўйган улкан конструкция. Бу қурилиш ишлари давом этаётган, қуввати 1,3 млн киловатт бўлган кўмир ИЭС.
«Электр энергияси олиш учун кўмир ёқишда давом этаётганимиз сабабини тушуна олмайман. Мана шу биргина станциянинг ўзи бир йилда атмосферага етти миллион тонна карбонат ангидрид газини чиқаради», дейди Такао Саикининг дўсти Рикуро Судзуки.
Танишларим келтираётган сабаблар аниқ. Бироқ Япония (кўмир энергетикасининг иқлимга салбий таъсири бўйича бутун дунё ташвишланаётган бир вақтда) ушбу турдаги ёнилғи турини кўпайтириш эмас, камайтиришга қодирми?
Нима учун яна кўмир? Мазкур саволга жавоб – 2011 йилда Фукусимада юз берган ядровий ҳалокатдир.
2010 йилда мамлакатда энергиянинг учдан бир қисми тинч атом ҳисобига таъминланган. Янги станциялар қуриш режалаштирилганди. Бироқ станциялардан бирида содир бўлган жиддий авариядан кейин барча япон атом электр станциялари (АЭС) фаолияти тўхтатилди.
Орадан 10 йил ўтган бўлса ҳам уларнинг катта қисми консервация қилинган. Қайта ишга тушириш бўйича таклифлар жамиятда кучли қаршиликка сабаб бўлмоқда.
Табиий газда ишлайдан иссиқлик электр станциялари (ИЭС) тўлиқ қувватда ишлай бошлади. Аммо яқинда Буюк Британия ишонч ҳосил қилганидек, газ қиммат.
Шу боис, ҳукумат Австралиядан олиб келинадиган арзон кўмирда ишлайдиган 22та янги ИЭС қуришга қарор қилди. Иқтисодий нуқтайи назардан бу – тўғри. Бироқ экологик нуқтайи назардан эмас. Иқлим ўзгаришига қарши курашчилар Япония ҳукуматига босимни оширмоқда.
«Япония энергетика компанияларининг кўмир ИЭСларига киритган инвестициялари охир-оқибат «йўқотишлар» устуни остида ҳисобдан чиқарилиши мумкин. Бу эса банклар ҳамда пенсия жамғармаларига таъсир кўрсатади ҳамда Япония учун жиддий муаммога айланиши мумкин», дейди соҳа мутахассиси, Швециянинг Чалмерс техника университети профессори Томас Кабергер.
Қайта тикланувчи шамол ва қуёш энергиясига пул тикаётган Европадан фарқли равишда Японияда водород ва аммиак энг истиқболли йўналиш ҳисобланади. Улар ёқилганида карбонат ангидрид ҳосил бўлмайди. ИЭС конструкцияси янги ёнилғига ўтиш техник имкониятни ҳам ўз ичига олади.
Бироқ япон ҳукумати мақсадлари бундан ҳам каттароқ. У ерда Японияни дунёдаги биринчи «водород иқтисодиёти»га айлантиришни орзу қилишмоқда.
Мана шу ерда Toyota автогиганти ўйинга киради.
Қуёшли кунлардан бирида мен Токионинг марказий қисмида жойлашган янги водород ёнилғи қуйиш шохобчасига отландим. Катта «Лексус» ўлчамидаги ҳашаматли седан «Тойота Мирай»нинг чарм ўриндиғига ўтириб, «старт» тугмасини босдим ва кўча бўйлаб бир текисда ҳаракатландим. Машинани бошқариш осон, шовқинсиз ҳаракатланади, ундан қоладиган ягона из – асфальтдаги кичик сув кўлмакларидир.
«Мирай» япончасига «келажак» деган маънони билдиради. Бу зарарли чиқиндиларсиз биринчи «Тойота». Унга электрдвигател ўрнатилган, бироқ бошқа электрмобиллардан фарқли равишда поли остида оғир батареялар йўқ. Улар ўрнига капот остида ёнилғи элементи ва орқа ўриндиқ остида водородли баклар бор.
Ёнилғи элементида водород кислород билан аралашади, улар ёнганида электр токи ҳосил бўлади. Ойга миссиялар вақтида «Апполон» кемасини электр билан таъминлашда ана шу технологиядан фойдаланилган.
Ҳозирча бу кўпчиликка ғалати танлов бўлиб кўриняпти. Водородли двигател батареяларга қараганда қимматроқ ва тузилиши мураккаброқ. Илон Маск эса мазкур ғояни аҳмоқона деб атаган.
«Бундай эмас», дея эътироз билдирди Toyota PR бўлими раҳбари Хисаси Накаи. Унинг сўзларига кўра, концерн водородли двигателлар билан фақат автомобилларнигина жиҳозламоқчи эмас.
«Биламан, турли фикрлар мавжуд. Бироқ биз зарарли чиқиндиларни йўққа чиқарувчи энергия манбайи сифатида водороднинг самараси ва истиқболига ишонамиз. Ундан максимал даражада фойдаланиш учун мазкур технологияни такомиллаштиришда давом этамиз», дейди Накаи.
Унинг сўзларига кўра, Toyota ёнилғи элементлари ҳамма жойда – уйларда, офисларда, корхоналарда ишлайдиган келажакни режалаштирмоқда. Ана шу «водородли жамият»ни яратишда олдинги сафларда бўлишга ҳаракат қилади.
Мана шу ерда навбат асосий саволга келади: Япония шунча миқдордаги водородни қаердан олмоқчи?
Жавоб: «кўк водород»дан.
Қайта тикланувчи электр манбаларидан фойдаланган ҳолда сувдан водород олиш бизга яшил водород беради. Гидролиз жараёни (H2O’нинг водород ва кислородга ажралиши) анчадан бери маълум. Бироқ ҳозирча саноат миқёсида қўллаш учун жуда қиммат.
Ҳозирги кунда водороднинг катта қисми табиий газ ва кўмирдан олинади. Бу арзон. Бироқ натижада кўп миқдорда карбонат ангидрид ҳосил бўлади. Бироқ уни тутиб, боғлаб, кўмилса, орзу қилинган кўк водород олиш мумкин.
Японлар айнан шу иш билан шуғулланмоқчи.
Жорий йилда Япония ва Австралия Австралиянинг Виктория штатидаги Латроб-Валлида лигнит (қўнғир кўмир)ни водородга қайта ишлаш корхонаси қуришни бошлади. У кейин Цельсий бўйича -253 даражагача совитилади ва махсус транспорт кемасига суюқ ҳолда қуйилади ва Японияга етказиб берилади.
Ҳосил бўлган карбонат ангидрид билан қандай йўл тутилади? Ҳозирча у атмосферага кетади. Бироқ лойиҳа иштирокчилари уни тутиб, океан тубига кўмишга ваъда беришмоқда.
Иқлим ўзгаришларига қарши кураш фаол иштирокчиларини мазкур режа даҳшатга солмоқда. Улар технология охиригача ишлаб чиқилмагани ва Япония бир неча ўн йилда қўнғир кўмир қазиш ва ёқишда давом этишини айтмоқда. Профессор Кабергернинг фикрига кўра, лойиҳанинг энг кучсиз томони – унинг иқтисодий жиҳати.
«Техник жиҳатдан бунинг имкони бор. Бироқ органик ёнилғидан водород олиш ва чиқиндиларни кўмиш уни одатдаги усулда ёқишга қараганда қимматроқ бўлади. Шу билан бирга, сайёранинг кўп жойларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқиладиган электр энергиясининг нархи анъанавий ИЭСда ишлаб чиқариладиган электр энергиясига қараганда арзонроқ».
Кабергер япон ҳукумати кўк водородни ўн йил муқаддам асосий стратегия сифатида танлаган. Ўшанда шамол ва қуёш станциялари иқтисодий жиҳатдан ҳозиргига қараганда камроқ самарага эга эди. Ҳозир эса ўз қарорлари исканжасида қолган.
«Япония компаниялари рақобатбардош бўлиш учун арзон энергияга муҳтож. Халқаро миқёсда четга чиқариб қўймасликлари учун «тоза» энергия керак. Буни кечиктириш эса уларга қимматга тушиши мумкин», дейди эксперт.
Бу вақтда Токио кўрфазидаги қурилиш ишлари жадал давом этмоқда. Станция 2023 йилда фойдаланишга топширилиши керак. У 40 йил давомида хизмат қилиши режалаштирилган.
«Япония учун уятни ҳис этяпман. Ғазабдаман. Бошқа мамлакатларда ёшлар кўчада намойишга чиқишяпти, бизнинг халқимиз эса хотиржам. Менинг авлодим ва ниҳоят гапириши керак», дейди 21 ёшли фаол Хикари Мацумото.
Мавзуга оид
17:14
Япония дунёда биринчи бўлиб ёғоч сунъий йўлдошни коинотга учирди
22:37 / 04.11.2024
Япония ҳарбий алоқа сунъий йўлдошини орбитага чиқарди
17:26 / 04.11.2024
Наманганда аҳолига етказиб берилиши керак бўлган 13 тонна кўмир талон-торож қилинди
22:55 / 02.11.2024