Ўзбекистон | 15:26 / 20.12.2021
24118
3 дақиқада ўқилади

“Беш ташаббус”ни ўйин қилган Зангиота ҳокимлиги мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Тошкент вилояти прокуратурасининг Kun.uz’га маълум қилишича, Зангиота ҳокимлиги мансабдорларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Ерни аукционсиз тадбиркорга ажратиш тўғрисидаги ҳоким қарори судда бекор қилинган.

Фото: KUN.UZ

Зангиота ҳокимлиги ҳужжатлардаги сўз ўйинлари орқали аслида мактаб ва боғча қуриш учун мўлжалланган ерни турар жойлар қуриш мақсадидаги тадбиркорга нол қийматда бериб юборган. На аҳоли эътирози, на прокурор протести, на вазирлик ва на кадастр органининг қаршилиги ҳокимликка кор қилмаётганди.

Тошкент вилояти прокуратураси Kun.uz'га тақдим этган маълумотга кўра, Зангиота туман ҳокимининг 02.04.2020 йилдаги 217-сонли ҳамда 10.03.2021 йилдаги 314-сонли қарорларини (“Skytech-Line” МЧЖга ер ажратишни назарда тутувчи) бекор қилиш ҳақида 2021 йил 5 май куни Зангиота туман прокуратураси томонидан туман ҳокимига протест келтирилган.

Аммо протест туман ҳокими томонидан кўриб чиқилмаган ва жавоб берилмаган. Шундан сўнг қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида 2021 йилнинг июлида Нурафшон туманлараро маъмурий судига ариза киритилган.

Нурафшон туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 27 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан Зангиота туман прокуратурасининг аризаси рад қилинган.

Берилган апелляция шикоятига асосан Тошкент вилояти маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2021 йил 30 ноябрдаги қарорига асосан биринчи инстанция суди ҳал қилув қарори бекор қилиниб, Зангиота туман ҳокимининг “Skytech-Line”га ер ажратиш тўғрисидаги 2020 йил 2 апрелдаги 217-сонли ва 2021 йил 10 мартдаги 314-сонли қарорлари ҳақиқий эмас, деб топилган.

Тошкент вилояти прокуратураси маҳкамаси томонидан Зангиота туман ҳокимлиги мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” банди ва бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари Зангиота туман прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Назарбекда мактаб учун мўлжалланган ерда коттеж қураётган “Skytech-Line” МЧЖ таъсисчиси ва унинг раҳбари уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг биринчи ўринбосари – “Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раиси Саифназаров Соҳиб Исмоиловичга алоқадор бўлиб чиқди.

Маҳалла фуқароларининг Kun.uz'га маълум қилишича, ҳудудда ҳамон қурилиш ишлари тўхтагани йўқ.

Қолаверса, қурилиш вазири ўринбосари Н.Бобоев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳнинг бош вазир биринчи ўринбосари Раматовга йўллаган хатида мактаб ва боғча учун 1,15 гектар ер майдони ажратиш зарурлиги, қолган ер майдонини қонунчиликда белгиланган тартибда E-auksion электрон майдони орқали реализация қилиш таклифи билдирилган эди. Бу ҳақда ушбу муаммо юзасидан эълон қилинган илк мақолада батафсил тўхталиб ўтилган.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси Назарбек ҳудудининг 3та маҳалласи учун 1320 ўринли мактабга эҳтиёж борлигини маълум қилган.

Мавзуга оид