Жаҳон | 20:55 / 21.12.2021
11476
2 дақиқада ўқилади

Болтиқ мамлакатлари Украинага ҳарбий ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди

Литва мудофаа вазирининг маълум қилишича, Украинага ҳарбий-дала ҳоспитали тақдим этилиши мумкин, шунингдек, тепловизорлар етказиб берилмоқда.

Фото: Украина мудофаа вазирлиги

Болтиқ мамлакатлари мудофаа вазирлари Украина билан ҳамжиҳат экани ва бу мамлакатга ҳарбий ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.

“Ёрдам турлича – ҳам ҳарбий, ҳам ноҳарбий... Аммо ёрдам берилиши аниқ”, — деди Литва мудофаа вазири Арвидас Анушаускас.

У Латвия ва Эстония мудофаа вазирлари Артис Пабрикс ва Калле Лаанет билан минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди.

Литва мудофаа вазирининг маълум қилишича, Украинага ҳарбий-дала ҳоспитали тақдим этилиши мумкин, шунингдек, тепловизорлар етказиб берилмоқда.

Эстония мудофаа вазири Калле Лаанетнинг сўзларига кўра, Россия вазиятни юмшатишга уринмаяпти, аксинча, қўшинлар жойлаштиришда давом этмоқда ва “бемаъни” талабларини илгари сурмоқда. 

У бундай вазиятда Украинани қўллаб-қувватлаш устувор вазифа бўлиб қолишини ва Эстония мудофаа вазирлиги бу мамлакатга қўшимча мудофаа ёрдами бериш имкониятларини излаётганини айтди.

Пабрикс Украина ҳозирда Европа манфаатларини ҳимоя қилаётганини таъкидлади.

Мавзуга оид