«Иноагентлар», қийноқлар ва Навальний — Дмитрий Муратовнинг Нобел нутқи
Тинчлик учун Нобел мукофоти лауреати – Россиянинг «Новая газета» нашри бош муҳаррири Дмитрий Муратов мукофотни топшириш маросимида нутқ сўзлаб, замонавий дунёнинг энг оғриқли масалаларини тилга олди. Kun.uz нутқни тўлиқ равишда ўзбек тилида келтириб ўтади.
Ҳазрати олийлари! Қирол жаноби олийлари, Нобел қўмитасининг ҳурматли аъзолари, муҳтарам меҳмонлар!
8 октябр куни эрталаб менга онам қўнғироқ қилди. Нима янгиликлар, деб сўради.
— Мана, — дедим, — ойи, Нобел мукофоти олибмиз...
— Бу яхши. Яна нима янгилик бор?
...Ҳозир, онам, ҳаммасини сенга ҳикоя қилиб бераман.
* * *
«Аминманки, фикр эркинлиги бошқа фуқаровий эркинликлар қатори тараққиёт асоси саналади.
Мен инсонлар тақдири шаклланишида фуқаровий ва сиёсий эркинликлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлиги ҳақидаги тезис тарафдориман!
Аниқ аминманки, халқаро ишонч, <…> қуролсизланиш ва хавфсизлик жамиятнинг очиқлиги, ахборот, фикр эркинлиги ва ошкораликсиз мавжуд бўлолмайди <…>.
Тинчлик, тараққиёт, инсон ҳақлари — бу уч мақсад чамбарчас боғлиқ».
Булар — Ер сайёраси фуқароси, буюк файласуф, академик Андрей Сахаровнинг Нобел маросимидаги нутқидан парчалар.
Бу нутқни худди шу ерда, шу шаҳарда 1975 йилнинг 11 декабрида унинг рафиқаси Елена Боннер ўқиб берган.
Мен Сахаровнинг сўзлари шу ерда, бутун жаҳонга машҳур залда иккинчи бор янграшини зарурат дея санадим.
Нега бу нарса ҳозир биз учун, мен учун шу қадар муҳим?
Дунё демократияни ёмон кўриб қолди.
Дунё бошқарувдаги элиталардан ҳафсаласи пир бўлди.
Дунё диктатура томон қўл чўзди.
Тараққиётга инсон ҳақлари ва эркинликларига риоя қилиш билан эмас, технологиялар ва зулм билан ҳам эришса бўлади, деган сароб ҳосил бўлди.
Эркинликсиз мана шундай тараққиёт.
Сигирсиз ана шундай сут…
Диктатуралар ўзларига зулмдан осонгина фойдаланиш имкониятини яратиб олишди.
Бизнинг мамлакатда (нафақат бизда) шундай фикр оммалашган: қон тўкишдан қочадиган сиёсатдонлар — кучсиз инсонлар.
Дунёга уруш билан таҳдид солиш эса чинакам ватанпарварларнинг бурчи.
Ҳукумат уруш ғоясини фаол равишда сотмоқда.
Урушнинг агрессив маркетинги таъсири остида одамлар унинг содир бўлишига кўникишмоқда.
Давлат телевизион каналларида милитаристик риторика учун тўлиқ масъулият ҳукуматлар ва уларга яқин пропагандачилар зиммасида.
Бироқ мен ҳаққоний ва қўрқинчли тасвирларни намойиш этган бошқа телевизорни ҳам кўрганман.
Чечен уруши даврида вокзаллардан бирида бешта музлаткич-вагонлар рельсларда турарди. Улар тун-у кун қўриқланарди. Бу мудофаа вазирлиги 124-лабораториясининг ғилдиракли ўликхонаси эди.
Музлаткичларда аскар ва зобитларнинг ҳали таниб олинмаган жасадлари сақланарди.
Кўпларининг юзи ўқ тегишидан ва қийноқлардан таниб бўлмас даражага етганди. Лаборатория бошлиғи, 1-ранг капитани Шчербаков номаълум аскар қолмаслиги учун қўлидан келган ҳамма ишни қилаётганди. Вокзал яқинидаги кичикроқ уйчада телевизор ўрнатилганди. Кутиш залидагидек ўриндиқларда бедарак йўқолган аскарларнинг оналари ва оталари ўтиришарди. Видеокамера кўтарган оператор эса ўликхонадан бирин-кетин жасадларнинг тасвирини экранга трансляция қиларди. Бирин-кетин. 458 марта. Минус 15 даража ҳароратда «Уруш — Ўлим» йўналишида келган сўнгги поезд вагонларидаги токчаларда айнан шунча ҳарбийларнинг жасади ётарди.
Чеченистоннинг тоғлари ва дараларида ойлаб ўз ўғлини ахтарган оналар экранда фарзандининг юзини кўриб, бақиришарди: «Бу ўғлим эмас! Бу ўғлим эмас-ку ахир?!»
Лекин у ўғли эди.
Ҳозирги мафкурачилар Ватан учун яшаш эмас, Ватан учун ўлиш ғоясини яна илгари суришмоқда. Бу телевизорга яна ўзимизни алдашга қўйиб бермаслигимиз керак. Ғилдиракли ўликхона олдидаги телевизор нималарни кўрсатганлигини унутмаслигимиз керак.
Гибрид ҳарбий ҳаракатлар, «Boeing MH-17» билан боғлиқ фожиали, бадкирдор ва жинояткорона кечмиш Россия ва Украина муносабатларини бузди, келгуси авлодлар бу алоқаларни тиклай олишадими-йўқми, бунисини билмайман... Боз устига, геосиёсатчиларнинг касал бошларида Россия ва Украина ўртасида уруш имконсиз эканлиги йўқ бўлиб улгурди.
Лекин бир нарсани аниқ биламан — урушлар ўлган аскарларни таниб олиш ва асирларни алмашиш билан якун топади. Чечен урушида «Новая газета» ва бизнинг шарҳловчимиз майор Измайлов 174 кишини асирликдан қутқаришга муваффақ бўлган эди. Агар мен ҳозир ўзимнинг янги сифатимда ҳали тирик асирларни уйларига қайтариш учун нимадир қила оладиган бўлсам, айтинглар. Мен тайёрман.
* * *
Мен шу залда 1990 йилда Тинчлик учун Нобел мукофотини қўлга киритган яна бир инсонни ёдга олмоқчиман.
Москва. Кремль. 1988 йилнинг 18 апрели. Сиёсий бюро йиғилиши кетмоқда. Совет вазирларидан бири қўшинларни Афғонистонда қолдиришни талаб қила бошлайди, Михаил Горбачёв унинг сўзларини кескин бўлади: «Қирғийча қичқиришни бас қилинг!»
«Қирғийча қичқиришни бас қилиш!»
Бу сиёсат ва журналистика учун замонавий дастуруламал эмасми — ҳаётни «қорахат»ларсиз йўлга қўйиш?
* * *
Лекин Европанинг марказида Украина шарқидаги воқеаларга президент Лукашенконинг катта қон тўкилиш ёқасидаги ўйинлари ҳам қўшилди. Унинг ҳарбийлари автомат қўндоқлари остида Яқин Шарқдан келган қочқинларни Европа иттифоқи чегарасини қўриқлаётган автоматли аскарлар занжири томон қувишмоқда. Томонлар бир-бирларини айблашмоқда, ақл-ҳушини йўқотган инсонлар эса том маънода икки ўт орасида сарсон бўлишмоқда.
Биз — журналистлармиз, ишимиз тушунарли: факт ва ёлғонни ажратиб бериш. Профессионал журналистларнинг янги авлоди катта ҳажмдаги маълумотлар, ахборот базалари билан ишлашни билишади. Биз ҳам уларни ўргандик, қочқинларни зиддият нуқтасига кимнинг бортлари етказаётганини топдик. Фақат фактларни келтираман.
Беларус самолётлари шу йилнинг кузида Минскдан Яқин Шарққа рейслар сонини тўрт мартадан ҳам кўпроққа оширган. 2020 йилнинг август–ноябр ойларида олтита рейс бўлган, шу йилнинг шу ойлари эса рейслар 27 тага етган. Беларус авиакомпанияси чегарани эҳтимолли ёриб ўтиш учун шу йил 4,5 минг инсонни олиб келган, ўтган йили келганлар сони 600 нафар бўлган. Яна шунча инсон — 6000 қочқинни Ироқ авиакомпанияси Минскка етказган.
Ҳарбий провокация ва зиддиятлар ана шундай ташкиллаштирилади. Биз, журналистлар, бунинг қандай келиб чиқишини аниқлаб, ўз ишимизни қилиб бўлдик. Қолгани — сиёсатчиларнинг иши.
* * *
Халқ давлат учунми ёки давлат халқ учун? Бу бугунги куннинг энг асосий зиддияти.
Бу зиддиятни Сталин оммавий қатағон билан ҳал қилган.
Тергов чоғида ва қамоқхоналарда қийноққа солиш амалиёти замонавий Россияда ҳам ҳамон сақланиб турибди. Шафқатсиз муносабат, номусга тегиш, ўта ёмон сақлаш шароитлари, учрашувлар ва оналарнинг туғилган кунида қўнғироқ қилиш учун тақиқлар, ҳибс остида ушлаш муддатини чексиз узайтириш. Судгача оғир касалликларга дучор бўлган инсонларни панжара ортига улоқтиришмоқда, улар бемор фарзандларни гаровга олишмоқда, ҳеч қандай исботсиз айбга иқрор бўлишни талаб қилишмоқда.
Сохта айбловлар билан очилган жиноий ишлар кўпинча бизда сиёсий характерга эга. Мухолифатдаги сиёсатчи Алексей Навалнийни Франциядаги йирик парфюмерия компаниясининг россиялик директорининг сохта чақуви бўйича лагерда ушлаб туришибди. Директор ариза ёзган, лекин у судга чақирилмаган ва ўзини жабрланувчи деб тан олмаган... Навалний эса ўтирибди. Парфюмерия компаниясининг ўзи эса бу ишнинг иси улар чиқараётган маҳсулот ифорига таъсир қилмаслигидан умид қилганча, четга чиқишни маъқул кўрди.
Биз маҳбуслар ва маҳкумларга қўлланилаётган қийноқларни тез-тез эшитмоқдамиз. Инсонларни синдириш, ҳукмдан ташқаридаги жазо қатъийлигини кўпайтириш учун қийнашмоқда. Бу ваҳшийлик.
Мен вазифаси дунёнинг турли чеккаларида ва давлатларида қийноқлар қўлланилаётгани ҳақида маълумот тўплаш бўлган қийноқларга қарши Халқаро трибунал тузиш ташаббуси билан чиқаман. Токи бундай жиноятларга алоқадор жаллодлар ва уларнинг хожалари кимлиги аниқлансин.
Албатта, биринчи навбатда бутун дунёдаги суриштирувчи журналистлардан умид қиламан.
Қийноқлар инсонпарварликка қарши ўта оғир жиноят сифатида тан олиниши керак.
Дарвоқе, «Новая газета» ҳамон қоғозда чоп этилмоқда. Бизни қамоқхоналарда ҳам ўқий олишлари учун: у ерда интернет йўқ.
* * *
Россияда ҳозир иккита тенденция орасида кураш кетмоқда.
Бир томондан, Россия президенти академик Сахаровнинг 100 йиллигига атаб ҳайкал ўрнатишга хайрихоҳлик қилмоқда.
Иккинчи томондан, худди шу бизнинг мамлакатда Бош прокуратура «Мемориал» жамиятини тугатишни талаб қилмоқда. «Мемориал» Сталин қатағонлари қурбонларини реабилитация қилиш билан шуғулланади. Прокурорлар жамиятни «инсон ҳақларини бузиш»да айблашмоқда! Балким мамлакатимизда ФСБ яқинда Сталин терговчилари ва жаллодлари номини яна махфийлаштиргани учундир?
Эслатиб ўтаман, «Мемориал»ни Сахаров тузган.
Балким тирик ва фаолият кўрсатаётган лойиҳасидан кўра ўлган Сахаровга ҳайкал қўйиш хавфсизроқдир?
«Мемориал» — «халқ душмани» эмас.
«Мемориал» — халқ дўсти.
* * *
…Биз, албатта, тушунамиз: бу мукофот — ҳақиқий журналистларнинг бутун профессионал ҳамжамиятига берилмоқда.
Ҳамкасбларим пул ювиш технологияларини фош қилиб, бюджетга миллиардлаб ўғирланган пулларни қайтаришди, офшорларни очишди, Сибир ўрмонларини кесилишдан асраб қолишди. Давлат алалоқибат «Новая газета», «Эхо Москвы», «Дождь» ва бошқа ҳамкасбларимизнинг жаҳондаги энг қимматбаҳо дориларга зор, ноёб дардларга дучор бўлган болаларни даволаш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.
(Дарвоқе, мен умид қиламанки, орфан касалликлар (жумладан, орқа умуртқа мушак атрофияси)га дучор бўлган болалар ва ёшлар тақдири уларга боғлиқ бўлиб турган фармакология саноти вакиллари биз билан битта стол атрофига ўтиришади. Балким улар дорилар ва эрта ташхис-скрининг учун белгилаган нархни туширишар?
Балким, бадавлат дунё ҳали баданида тириклик аломатлари кўриниб турган бир неча ўн минг ўғиллар ва қизларга пул топа олар?)
Биз бу мукофотни бемор инсонларга ёрдам учун, мустақил журналистикани қўллаб-қувватлаш учун сарфлаймиз.
* * *
Бироқ ҳозир Россияда журналистика ўзининг қора кунларини бошидан кечирмоқда. Сўнгги бир неча ой ичида юздан ортиқ журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, медиа ва ННТ вакилларига «чет эл агенти» статуси ёпиштирилди. Россияда бу — «халқ душмани» дегани. Кўплаб ҳамкасбларимиз ишсиз қолишди. Баъзилар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди.
Инсоннинг одатдаги ҳаёт тарзини номаълум муддатга тортиб олишди. Балким, умрбод бўлиши ҳам мумкин... Бунақаси тарихимизда аввал ҳам бўлган.
Келгуси йил 29 сентябрда Санкт-Петербургдан Германиянинг Штеттен бандаргоҳига «файласуфлар пароходи» йўл олганига — болшевиклар Россиядан 300 га яқин энг кўринарли интеллектуал элита вакилларининг чиқариб юборилганига 100 йил тўлади. Oberburgermeister Haken пароходида вертолётларнинг бўлажак ихтирочиси Сикорский, телевидение яратувчиси Зворикин, файласуфлар Франк, Ильин, Питирим Сорокин чиқариб юборилади. Йирик файласуф Николай Бердяев ҳам ўшалар сафида бўлган. Барча қатори унга ҳам пижама, иккита кўйлак, икки жуфт пайпоқ, қишки палтосини олишгагина рухсат берилган. Шундай қилиб, Ватан ўзининг буюк фуқаролари билан хайрлашган: нарсаларингни ташлаб кетинглар, мияларингни ўзларинг билан олиб кетишларинг мумкин, дегандек.
Журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари билан бугунги манзара такрорланмоқда.
Энди «файласуфлар пароходи» ўрнига «журналистлар самолёти» учиб кетмоқда.
Албатта, бу истиора, лекин ўнлаб ҳамкасбларимиз Россияни тарк этмоқда.
Бироқ кимларнидир шу имкониятдан ҳам маҳрум қилишган.
Россиялик журналистлар Орхан Жамол, Кирилл Радченко, Александр Расторгуевни улар Россия хусусий ҳарбий компанияси фаолиятини суриштириш учун борган Марказий Африка Республикасида шафқатсизларча отиб ташлашди. Орханнинг беваси Ира Гордиенко бизда, «Новая газета»да ишлайди. Қотиллик юз берган сана — 2018 йилнинг 30 июнидан буён у расмий тергов ёлғонини фош этиш билан машғул. Мана сизга биттагина детал: бебаҳо ашёвий далиллар — ўлдирилганларнинг кийимлари шунчаки МАР полицияси томонидан ёқиб юборилган! Россия тергови ҳеч қандай натижага эриша олмаган. Халқаро тергов ҳам. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш терговда кўмак кўрсатилишини ваъда қилган эди. Унинг эсидан ҳам чиқиб кетган бўлса керак. Мана, эслатяпман.
…Менга, албатта, ҳар доимгидек савол беришлари мумкин: нега ҳамкасбларингиз у ерга боришган?
Гувоҳлик бериш учун. Исботлаш учун. Ўз кўзлари билан кўриш учун. Буюк ҳарбий фотосуратчи Роберт Кап айтганидек, «Агар сенга ўзинг туширган фотосурат ёқмаса, демак сен етарли даражада яқин бўлмагансан».
«Қўрқинчли эмасми?» — ҳамкасбларимга энг кўп бериладиган савол.
Бу уларнинг миссияси. Ҳукуматлар мудом ўтмишни яхшилаш пайида бўлса, журналистлар келажакни яхшилаш ҳаракатида бўлишади.
* * *
Бу мукофот эса — бутун ҳақиқий журналистикага аталган. Бу мукофот «Новая газета»даги ҳалок бўлган ҳамкасбларим — Игор Домников, Юрий Шчекочихин, Анна Политковская, Анастасия Бабурова, Стас Маркелов, Наташа Эстимировага аталган. Бу мукофот тирик ҳамкасбларим, ўз профессионал бурчини давом эттираётган ҳамжамиятники ҳам.
…Бу мукофот эълон қилинишидан бир кун аввал биз Анна Политковскаянинг ўлдириб кетилганига 15 йил тўлгани муносабати билан йиғилдик. Қотилларга адолатли ҳукм ўқилди, бироқ қотиллик буюртмачиси топилмади, жиноятнинг даъво муддати эса битди. Расман баёнот бераман: «Новая газета» таҳририяти бу муддатни тан олмайди.
* * *
…Рус тилида, инглизчада ва бошқа тилларда ҳам шундай мақол бор: «Ит ҳурар, карвон ўтар» — The dog barks, but the caravan goes on. Уни шундай тушунтиришади: карвоннинг олға қадам ташлашига ҳеч нарса халақит бера олмайди. Айрим вақтларда ҳукумат журналистлар борасида менсимасдан шу мақолни ишлатади. Улар ҳурганича қолади, лекин ҳеч нарсага таъсир қила олмайди.
Мен эса яқинда билиб қолдим, мақолнинг маъноси бутунлай тескари экан.
Карвон итлар ҳургани учун олға қадам ташлар экан.
Тоғларда ва чўлларда ваҳший ҳайвонларга ириллаб ташланишади. Олға ҳаракат улар карвонга ҳамроҳ бўлган ҳолатдагина мумкин бўлади.
Ҳа, биз ириллаймиз ва тишлаймиз. Бизнинг сўйлоқ тишларимиз бор ва тишлаб олган жойимизни осонликча қўйиб юбормаймиз.
Бироқ биз — ҳаракатнинг шартларидан биримиз.
Биз — зулмга қарши зидди-заҳармиз.
***
P.S. Мен бир дақиқа иқтисод қилишни истадим.
Келинглар, барчамиз ўрнимиздан турамиз ва Мария Рессе иккимизнинг шу касб учун ҳаётини қурбон қилган репортёр ҳамкасбларимиз хотираси учун, таъқибларга мубтало бўлаётганларни қўллаб-қувватлаб, сукут сақлаймиз.
Мен журналистлар қариб-қартайиб оламдан ўтишини истайман.
Мавзуга оид
18:10 / 16.10.2024
Демократиянинг иқтисодий қийматини очган трио. Иқтисодиёт бўйича Нобел кимларга берилди?
19:03 / 15.10.2024
“Рақобат сиёсати керак” – Нобел мукофоти лауреати Ўзбекистон иқтисодиёти ҳақида
16:05 / 11.10.2024
Тинчлик учун Нобел мукофоти Ҳиросима ва Нагасакидаги атом бомбасидан омон қoлганларни бирлаштирган ташкилотга берилди
20:17 / 10.10.2024