Тарих, бугун ва келгуси режалар — Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби билан суҳбат
Ноябрь ойида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши давлат раҳбарларининг Туркияда бўлиб ўтган йиғинида Кенгаш Туркий давлатлар ташкилотига айлантирилди. Kun.uz мухбири ташкилот фаолияти ва келгусидаги режалар, минтақа ва дунёдаги ўрни борасида бош котиб Бағдод Амреев билан суҳбат уюштирди.
— Туркий давлатлар ташкилотининг шаклланиш ва ривожланиш босқичларини қандай тавсифлаган бўлардингиз? “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши” нима сабабдан “Туркий давлатлар ташкилоти” деб номланди?
— Дарҳақиқат, бу ўринли савол. Туркий давлатлар ташкилотининг халқаро ташкилот сифатида шаклланиш жараёнига назар ташлайдиган бўлсак, ўтган асрнинг 90-йилларидан бошланган ривожланиш босқичларини санаб ўтиш лозим деб ҳисоблайман.
Биринчи босқич СССР парчаланганидан ва 1992 йилда Анқарада Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон президентлари иштирокида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар раҳбарлари саммитидан кейиноқ бошланди.
Мазкур учрашувлар самарали бўлгани боис президентлар бундай саммитларни ўтказиш амалиётини давом эттирди. 1994, 2001 ва 2010 йилларда Истанбул, 1995 йилда Бишкек, 1996 йилда Тошкент, 1998 йилда Остона, 2000 йилда Боку, 2006 йилда Анталияда учрашувлар бўлиб ўтган.
Иккинчи босқични ҳамкорлик механизмимизни ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш деб аташ мумкин. 2009 йилда Нахичеванда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ташкил этилди. Ундан кейинги йилларда биз соҳавий ҳамкорлигимизни институциялаштириш ва ТуркПА, Туркий Академия ва Туркий тиллар маданияти ва мероси жамғармаси каби аффилланган платформаларни яратишга муваффақ бўлдик. Ушбу босқич Ўзбекистон тўлақонли аъзо сифатида кириши ҳисобига тузилмамизнинг кенгайиши билан якунланди.
Жорий йилнинг ноябрь ойида Истанбулда бўлиб ўтган тарихий саммит билан туркий оиламиз учун ташкилотнинг муҳим бурилиш нуқтаси сифатида ёдда қоладиган учинчи босқич бошланди, аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатлар изчиллик ва ҳар томонлама ҳамкорликнинг янги даврига кирди.
Саммит давомида туркий давлатлар президентлари Туркий кенгаш номини “Туркий давлатлар ташкилоти” деб ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу унинг реал салоҳиятини рўёбга чиқариш, аҳамиятини ошириш ва халқаро ҳамжамиятдаги ролини кучайтиришга хизмат қилади. Дарвоқе, номни ўзгартириш сабаби ҳақида. Юридик нуқтайи назардан, Туркий кенгаш ҳамиша халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб келган. Бу ўзгариш ташкилотнинг ҳуқуқий тусига таъсир қилмайди. Аммо сиёсий нуқтайи назардан, бу қадам туркий мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилгани ва бутунлай бошқача мазмун касб этганини билдиради.
Аввалгисидан фарқли равишда, ҳозирги ном мамлакатларимиз халқларининг муҳим аҳамиятга эга бўлган умумий тил, тарих, кўп асрлик анъаналар, маданият ва маънавий қадриятлар билан тавсифланадиган ягона хусусиятга мансублигини таъкидлайди. Улар шунингдек, умумий сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар манфаатлар орқали ҳам бирлашган, бу эса умумий геосиёсий, иқтисодий ва маданий маконда жойлашган мамлакатлар учун табиийдир.
Бундан ташқари, кўп тармоқли ҳамкорликда эришилган ютуқлар ва туркий давлатлар раҳбарларининг янада муваффақиятли интеграцияга бўлган қатъий иродаси ҳам ташкилот номи ўзгаришига хизмат қилганини ишонч билан таъкидлаш мумкин.
— Ташкилотга аъзо давлатлар ва кузатувчи давлатлар ўртасидаги фарқлар нимада? Ташкилотга туркий бўлмаган бошқа давлатлар аъзо бўлиши мумкинми?
— Таъкидлаб ўтганимиздек, ташкилотимиз умумий туркий ўзига хосликка асосланади, туркийларга хос суверен давлатларгина унинг тўлақонли аъзоси бўла олиши мумкин. Ҳозирда беш давлат ташкилотнинг тўлақонли аъзоси, икки давлат эса кузатувчи мақомига эга.
Қайд этиш жоиз, бошқа ҳудудий ташкилотлардан фарқли ўлароқ, кузатувчиларимиз ташкилот фаолиятида иштирок этиш учун кенгроқ ваколатларга эга. Қоидага кўра, улар эксперт учрашувларидан тортиб, давлат раҳбарлари саммитларигача бўлган ўзаро ҳамкорликнинг деярли барча форматларида иштирок этади. Фақат ягона фарқ шундаки, кузатувчи ташкилот қарорларини қабул қилишда, яъни овоз беришда қатнашмайди.
Албатта, Туркий давлатлар ташкилотининг хусусияти таркибни чексиз кенгайтиришга имкон бермайди ва фақат расмий тилларидан бири туркий тиллардан бири бўлган давлатларгина кузатувчилар бўла олиши мумкин.
Шу боис Истанбул саммити давомида Туркий давлатлар ташкилоти ҳамкорлари тўғрисидаги Низомни ҳам тасдиқладик ва бу билан тузилмамиз учинчи давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан конструктив ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга очиқлигини амалда кўрсатдик. Эндиликда у ёки бу соҳада ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга реал ҳисса қўшишга тайёр бўлган ҳар қандай давлат ҳамкор бўлиши мумкин.
Шу ўринда 15 га яқин мамлакат ташкилот билан ҳамкорликнинг турли шаклларини йўлга қўйиш истагини билдирганини алоҳида таъкидламоқчиман. Биз бундан мамнунмиз ва буни қадрлаймиз. Бу ташкилотимизнинг обрў-эътиборидан, унинг халқаро нуфузи мунтазам ошиб бораётганидан далолат беради.
— Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатларнинг транспорт-транзит салоҳиятини ривожлантириш бўйича қандай режалар мавжуд? Масалан, қуруқлик ёки Каспий денгизи орқали?
— Ташкилотимиз транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратади. Бу йўналиш яқинда қабул қилинган “Турк дунёсининг нигоҳи – 2040” стратегик ҳужжатида алоҳида ўрин эгаллайди.
Барча саъй-ҳаракатларимиз замирида мамлакатларимиз транспорт алоқасини таъминлаш ётади. Шу нуқтайи назардан, Транскаспий халқаро ўрта йўлагини Шарқ ва Ғарб ўртасидаги энг қисқа, хавфсиз ва рақобатбардош транспорт боғламасига айлантириш масаласи муҳим аҳамият касб этади.
Яқин истиқболда асосий эътиборимиз ташкилотга аъзо давлатларда транспорт ва транзит тартиб-қоидаларини, жумладан, замонавий рақамли воситалардан фойдаланиш орқали енгиллаштиришга қаратилади. Булар, биринчи навбатда, «eTIR», «ePermit» ва «eCMR». 2020 йил ноябрида Халқаро автоташувчилар иттифоқи (ХАИ) билан ҳамкорликда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида “рақамли ТИР” пилот лойиҳасини ишга туширдик. Келгуси йил бошида Қирғизистонни ҳам жалб этиш орқали ушбу лойиҳани кенгайтириш режалаштирилган. Бундан ташқари, биз дунёда биринчи бўлиб Ўзбекистон ва Туркия ўртасида «ePermit» лойиҳасини тест режимида ишга туширдик. Ҳозирда БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси билан биргаликда мамлакатларимизда «eCMR» воситасини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Яна бир вазифамиз – транспорт ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш. Хусусан, ташкилот доирасида Каспий денгизи орқали транспорт операцияларини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган қўшма ташувлар тўғрисидаги ҳукуматлараро битим лойиҳаси устида ишлаяпмиз.
Ташкилотимиз шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасида халқаро автомобиль ташувлари тўғрисида шартнома тузиш бўйича музокаралар жараёнларига ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Жорий йил апрель ойида мазкур ҳужжат матнини келишиш учун икки давлат эксперт учрашувлари ташкил этилди. Тез орада имзолаш ўтказилади, деган умиддамиз.
Бевосита транспорт операторлари — денгиз ва қуруқлик портлари, логистика марказлари ўртасидаги ҳаракатларни самарали мувофиқлаштиришни режалаштирмоқдамиз. Бунинг учун биз «Биродарлашган портлар» механизмини яратдик. Жорий йилда Туркиянинг Мерсин порти билан бир қаторда Ўзбекистоннинг учта логистика маркази – Тошкентдаги «Universal Logistics Services», Андижондаги «Ахтачи» ва Сурхондарёдаги «Термиз карго центр» логистика маркази мазкур жараёнга қўшилди ва келгуси йилда унинг навбатдаги учрашувини Ўзбекистонда ўтказишни мўлжалламоқдамиз.
— Ташкилот савдо вазирлари йиғилишида аъзо давлатлар учун ўзаро имтиёзли ва эркин савдо режимларини ўрнатиш, божхона тартиб-қоидаларини енгиллаштириш ҳамда мавжуд тарифли ва тарифсиз тўсиқларни бартараф этиш ҳақида сўз юритилди. Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда? Ташкилотлар ўртасидаги иқтисодий алоқалар Европа иттифоқи даражасига етишини кутса бўладими?
— Охирги саволингиздан бошлайлик — иқтисодий нуқтайи назардан Европа иттифоқи даражасига эришиш. Савдо-иқтисодий соҳада ўзаро ҳамкорлик қилишда аъзо давлатларимизнинг айримлари аллақачон ягона иқтисодий ҳудудни яратишга қаратилган бошқа интеграциявий жараёнларда иштирок этаётганидан келиб чиқамиз. Шунга кўра, яқин истиқболда бу масала ташкилотимиз кун тартибидан ўрин олмаган.
Бунга қарамасдан, «Турк дунёсининг нигоҳи – 2040»да кўзда тутилган узоқ муддатли истиқболдаги асосий вазифамиз аъзо давлатлар ўртасида товарлар, капитал, хизматлар, технологиялар ва одамларнинг эркин ҳаракатланишига эришишдир.
Шунингдек, савдо тўсиқларини бартараф этиш, савдо жараёнини енгиллаштириш ва минтақада инклюзив иқтисодий ривожланиш бўйича келишилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун «Савдони осонлаштириш стратегияси» лойиҳасини ишлаб чиқдик. Ҳужжат устидаги ишларни якунлаб, келгуси йил давомида қабул қилишни мақсад қилганмиз.
Бундан ташқари, сиз айтиб ўтган иқтисодиёт ва савдо вазирларининг учрашувида хизматлар ва инвестициялар бўйича эркин савдо режими тўғрисида битим тузиш устида иш олиб боришга келишиб олдик. Келгуси йилда уни имзолаймиз.
Товарларнинг имтиёзли савдосига келсак, мамлакатларимиз икки томонлама асосда бундай шартномалар тузиш йўлидан бормоқда. Масалан, 2020 йилнинг февраль ойида Озарбойжон ва Туркия ўртасида имтиёзли савдо тўғрисидаги битим имзоланган. Бу, шубҳасиз, божхона тарифларини пасайтириш, экспорт-импорт операциялари учун қулай шарт-шароит яратиш орқали ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ҳам худди шундай ҳужжат устида фаол иш олиб борилмоқда.
Шунингдек, Туркистонда “Турон ЭИҲ” биринчи туркий иқтисодий ҳудудни ташкил этиш ҳам кун тартибидан ўрин олган. Шу билан бирга, Туркий давлатлар Савдо-саноат палатаси ва Ишбилармонлар кенгаши фаолиятини фаоллаштирамиз. Улар чиндан ҳам туркий мамлакатларда тадбиркорликни ривожлантиришнинг самарали воситаларига айланиши мумкин. Бундан ташқари, электрон тижоратни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш борасида иш кетмоқда.
Ҳозирда асосий саъй-ҳаракатларимиз Туркий инвестиция жамғармаси каби молия институтларини яратиш ва самарали фаолият кўрсатишига йўналтирилган. У сармоявий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, кичик ва ўрта бизнесни рағбатлантиришга қаратилган.
Кўриб турганингиздек, иқтисодий кун тартибимиз жуда бой ва серқирра. Энг муҳими, улар тўлиқ амалга оширилиши мумкин ва барча мамлакатларимиз манфаатларига бирдек жавоб беради.
— Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида миграция тартибини соддалаштириш ва ишчи кучи алмашинуви тўғрисида битимлар имзоланиши мумкинми?
— Бу масала, айниқса, пандемия даврида жуда долзарб. Миграция жараёнларини тартибга солиш борасида зиммамизга катта вазифалар юкланган. 2020 йилнинг апрель ойида бўлиб ўтган онлайн саммит чоғида давлат раҳбарларига пандемия туфайли оғир аҳволда қолган туркий тилли давлатлар фуқаролари учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича топшириқлар берилди.
Аъзо давлатларнинг тегишли органлари бу вазифаларни бажаришга жиддий ёндашди. Биз пандемия сабабли саёҳатга қўйилган чекловлар ортидан мамлакатларимиз ҳудудида қолган фуқароларни қўллаб-қувватлаш бўйича сермаҳсул ишларни йўлга қўйдик. Бундан ташқари, фуқароларни ўз мамлакатларига қайтариш учун махсус рейслар ташкил этилди.
Албатта, бу хайрли ишлар билан нафақат туркий давлатлар, балки бутун дунё шуғулланди. Бу жараёнларнинг муҳим фарқи, аъзо давлатларнинг биродарлик ва ҳамжиҳатлик руҳида жипслашиб ҳаракат қилганида.
Миграция жараёнларини тартибга солишга келсак, биринчи навбатда, аъзо давлатларнинг туркий давлатлар ҳудудида вақтинча бўлиб турган фуқаролари учун қулай шарт-шароитлар яратиш зарур. Бу виза режимини соддалаштириш, ишлашга рухсат олиш ва суғурта ва арзон тиббий ёрдам билан таъминлаш орқали уларни ижтимоий ҳимоя қилишга тааллуқли.
Мамлакатларимиз ўртасида соддалаштирилган миграция тартибининг тегишли ҳуқуқий асослари аллақачон мавжуд. Масалан, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари Туркияда 90 кундан ортиқ бўлмаган муддатга визасиз қолишлари мумкин. Туркия фуқаролари эса Қирғизистон ва Озарбойжонда 90 кун, Ўзбекистон ва Қозоғистонда 30 кунгача визасиз қолишлари мумкин.
Ҳозирда миграциянинг соддалаштирилган тартиби бўйича кўп томонлама келишув имзолашга шошилинч зарурат йўқ деб ўйлайман. Аммо қонуний меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича битим имзолаш имконияти бор. Бу амалиёт Ўзбекистон ва Туркия ўртасида мавжуд. Ушбу тажрибани кўп томонлама шаклда татбиқ қилиш фуқароларимиз учун жуда фойдали ва зарур деб ҳисоблаймиз.
Миграция жараёнларининг ўзига хос томони шундаки, фуқароларимиз борадиган давлат тилини ўрганишларига, маҳаллий анъана ва урф-одатларга мослашишларига тўғри келмайди. Айнан маданий ва лингвистик умумийлик янги муҳитга тез мослашиш учун улкан имкониятлар тақдим этади.
— Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссасини қандай баҳолайсиз?
— Ўзбекистоннинг ташкилотга кириши туркий дунё бирлигини мустаҳкамлашда муҳим воқеа бўлди. Мамлакатнинг тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этиши нафақат бутун туркий дунёнинг туб манфаатларига жавоб беради, балки унинг ўсиб бораётган имкониятлари ва геосиёсий жойлашувини ҳисобга олган ҳолда ташкилот фаолиятига кучли туртки беради, аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди ва Туркий давлатлар ташкилотининг кун тартибини диверсификация қилади.
Ўзбекистон туркий дунёнинг ажралмас қисми сифатида ташкилотимизни шакллантиришда унга расман киришидан илгари ҳам иштирок этиб келган. У ҳамиша маънавий мероси туркий-ислом цивилизациясининг асосий негизларидан бири, иқтисодий ва маданий бешиги бўлган мамлакат бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Мамлакатнинг Туркий давлатлар ташкилотига кириши туркий дунё бирлигини мустаҳкамлашдаги тарихий воқеа бўлди.
Ўзбекистон ташкилотга қўшилиши билан бошқа аъзо мамлакатларимиз ташкилотга нисбатан ўз қарашларини қайта кўриб чиқди ва унинг доирасидаги фаолиятини янада фаоллаштирди ҳамда ушбу тузилманинг минтақавий манфаатларини илгари суришдаги ролига катта умид боғлай бошлади.
Бунда мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ҳар томонлама ривожланиб бораётгани ҳам хизмат қилди. Масалан, Ўзбекистон ташкилотга қўшилганидан кейин мамлакатнинг Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон билан савдо айланмаси бир неча бараварга ошди. Ниҳоят, энг асосийси, яқинда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўз стратегик муносабатларини иттифоқчиликнинг янги босқичига кўтарди, бу, назаримда, тарихий воқеа ҳисобланади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йил октябрь, 2020 йил апрелда Бокуда, 2021 йил март ойида Туркистонда ва 2021 йил ноябрда Истанбулда бўлиб ўтган саммитларда илгари сурилган аниқ ташаббуслар туфайли ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро манфаатли шериклик учун илгари фойдаланилмаган имкониятлар очилмоқда.
Ўзбекистон томонидан илгари сурилган прагматик таклиф ва ташаббуслар ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг савдо-иқтисодий ва транспорт-логистика йўналишини мустаҳкамлашга ёрдам беради ҳамда умумий тарихимизни янада тараққий эттириш ва маданий меросимизни оммалаштириш, шунингдек, туркий халқларнинг яқинлашишига хизмат қилади.
Масалан, ўтаётган йил туркий дунё учун муҳим воқеалар билан самарали бўлди. Бунда Ўзбекистоннинг ролини баҳоламасдан бўлмайди. Жорий йилнинг июнь ойида Қўқон шаҳрида туризм вазирларининг 6-йиғилиши бўлиб ўтди, унда аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган “Табаррук зиёрат” лойиҳасини амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди. Томонлар ушбу лойиҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, уни амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ тузиш ва мамлакатларимиздаги зиёратгоҳларнинг туристик харитасини яратишга келишиб олди.
Бундан ташқари, Қўқон шаҳри илк бор “Турк дунёсининг туристик пойтахти” деб эълон қилинди. 2022 йил давомида бу шаҳарнинг туризм салоҳияти ва брендини тарғиб қилиш мақсадида аъзо давлатларимизда кенг кўламли тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.
Жорий йилнинг сентябрида Ўзбекистонда илк бор Ўзбекистон раҳбари ташаббуси билан “Ёш тадбиркорлар форуми”ни ўтказдик, унда туркий мамлакатлардан 250 нафардан ортиқ ёш тадбиркорлар иштирок этди. Форум доирасида ташкилотимиз ёшлар ва спорт ишлари вазирларининг 5-йиғилиши ҳам бўлиб ўтди.
Хива шаҳри “Турк дунёсининг маданий пойтахти” деб эълон қилингани муносабати билан сентябрь ойида Хивада “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” халқаро маданият форуми, шунингдек, ТУРКСОЙга аъзо давлатлар маданият вазирлари доимий кенгашининг 38-йиғилиши бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкентда «InnoWeek-2021» инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида Туркий минтақада инновациялар ва технологик тараққиётнинг ролига бағишланган махсус форум ташкил этиш орқали IT-мутахассислари учун майдонча тақдим этдик.
Қолаверса, Ўзбекистон билан ҳамкорликда Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий, Алишер Навоий ҳаёти ва фаолиятига бағишланган анжуманлар сингари қатор халқаро тадбирларни ташкил этдик.
Ўзбекистон президенти Шавкат Миромонович ташаббуси билан Туркий давлатлар ташкилотининг Алишер Навоий номидаги “Турк дунёси бирлигига қўшган ҳиссаси учун” халқаро мукофотининг таъсис этилиши муҳим воқеа бўлди.
Ўзбекистон келгуси йилда ўз фаоллигини янада кўпроқ намойиш этади деган фикрдамиз. Зеро, Ўзбекистон ташкилотимизнинг янги ном билан ўтадиган илк саммитини ўзида ўтказишни таклиф қилгани бежиз эмас.
— Геосиёсий нуқтайи назардан Туркий давлатлар ташкилотининг минтақада тинч-тотув яшаш ва умумий фаровонликни таъминлашдаги роли ва ўрнини қандай баҳолайсиз?
— Экспертлар ҳамжамияти ва таҳлилий доиралар Туркий давлатлар ташкилотининг пайдо бўлишини Евросиё маконидаги “янги геосиёсий воқелик” сифатида баҳоламоқда. Бизнингча, ҳам шундай.
Ҳа, биз, аввало, муштарак туркий оиламиз – умумий ўзига хослик асосидаги яқинлар йиғинимиз. Бундан ташқари, аъзоларимизнинг умумий эҳтиёжларига қаратилган ўз кун тартибимиз бор. Бироқ минтақавий ташкилот сифатида бизнинг ҳаракатларимиз хоҳ давлат ёки ташкилот бўлсин, асло учинчи томонга қарши қаратилмаган.
Мен бу ҳақда кўп марта гапирганман, ташкилотимиз фаолияти давомида ташқи дунё билан муносабатларда ҳеч қандай муаммо ёки эътирозлар бўлмаган. Аксинча, ташкилотимиз билан ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиш ортиб бормоқда. Бу тинч-тотув яшаш ва фаровонлик тарафдори эканлигимизни яна бир бор кўрсатиб беради.
Нахичеван битимида тинчликни мустаҳкамлаш, минтақада ва бутун дунёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга биргаликда ҳисса қўшиш истагимиз яққол ифодаланганига эътибор беринг. Муҳими шу.
Мақсадимиз – тенглик, ўзаро ишонч, ўзаро манфаатдорлик, ўзаро маслаҳатлашувлар ва ҳамкорликда ривожланишга интилиш руҳида яхши қўшничилик, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликнинг улкан салоҳиятини ишга солиш.
Биз умумий манфаатларимиз йўлида учинчи томонлар билан прагматик ва конструктив ҳамкорликка тайёрмиз.
Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.
Мавзуга оид
11:49 / 20.10.2023
Шавкат Мирзиёев: «Халқаро майдонда ўзаро ишонч ва бир-бирини тушуниш инқирози кескин сезилмоқда»
14:33 / 16.10.2023
Бишкекда Халқаро туркий хабарлар каналини тузиш масаласи муҳокама қилинди
17:24 / 16.03.2023
Тошкентда Туркий ташкилот Табиий офатлар мониторинги маркази жойлаштирилади
16:59 / 16.03.2023