Ўзбекистон | 11:06 / 24.12.2021
4283
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида фермерга тегишли ерни сотмоқчи бўлган шахслар ушланди

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида фермер хўжаликларига тегишли бўлган ерни сотмоқчи бўлган шахслар ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХнинг Ургут тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда фуқаро Г.Ғ. фуқаро Г.нинг ишончига кириб, тумандаги “М.Т.” фермер хўжалигига қарашли 10 сотих ерни сотишга келишиб, 12 000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, департаментнинг Қизириқ туман бўлими ва Сурхондарё вилоят ИИБ томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда “Қ.Ч.” фермер хўжалиги раҳбари А.Э. хўжаликнинг пахта ва ғалла етиштиришга мўлжалланган 15 сотих ерини ва ўзи вақтинча фойдаланиб келаётган 40 сотих ерни фуқаро Р.га 85 миллион сўмга уй-жой қуриб фойдаланиш учун сотишга келишган. Сўнг келишилган пулдан 40 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, юқоридаги ҳар иккала ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид