Ўзбекистон | 18:13 / 24.12.2021
23227
5 дақиқада ўқилади

Хонобод шаҳар ҳокимлиги деворларни безаган талабаларга “деворни ушлатиб” кетмоқчи бўлди

Деворларни безашда қатнашган талабаларга келишувга мувофиқ 11 млн сўмдан ортиқ иш ҳақи берилиши лозим эди. Аммо ваъда қилинган пул 2 ой деганда ҳам берилмай келди. Ҳолатни аввалига тан олмаган ҳокимлик Kun.uz суриштируви ортидан талабаларнинг ҳақини тўлаб берди.

Андижон давлат университетининг Санъатшунослик факультетида ўқиётган 6 нафар талаба Хонобод шаҳар ҳокимлигининг “Алоқа хати”га асосан шаҳар кўчаларидаги деворларни суратлар билан безатишга юборилган. Бироқ оғзаки келишув асосида иш бошлаб, 10 кун мобайнида шаҳар деворларига сурат чизиб чиққан талабалар меҳнат ҳақини икки ой ололмай, сарсон бўлишди.

6 кишилик талабалар гуруҳи ўн кун давомида шаҳарнинг марказий кўчаларидаги деворларга турли мавзудаги манзаралар акс этган суратлар чизиб, чиройли ҳолатга келтиришди. Талабаларнинг мурожаатига кўра, улар иш бошлашдан олдин ўқитувчиси Умрзоқ Рустамов гувоҳлигида шаҳар туризм ва спорт бўлими ходими Нодирбек Халилов билан ҳар бир бетон девор оралиғига чизилган тасвир учун 200 минг сўмдан ҳақ тўланишига келишган. Бироқ октябрь ойида бажарилган ишга декабр ойининг учинчи ўн кунлигига қадар ҳам пул тўланмаган.

Талабалар мутасаддига, университет раҳбарларига кўп бора мурожаат қилишган, бироқ фойдаси бўлмаган.

“Октябрь ойи ўрталарида кафедра мудиримиз Бахтиёр Ҳақбердиев топшириғи билан 6 нафар 3-курс талабалари Хонобод шаҳрига келдик. Бизни ўзини туризм ва спорт ишлари бўйича ҳоким ўринбосари деб таништирган Нодирбек ака Халилов кутиб олди. Шундан кейин кўчадаги ҳар бир бетон-девор конструкцияни 200 минг сўмдан безатиш ва сурат чизишга “договор” қилдик.

Озиқ-овқатимиз ва ётоқ жойимизни ҳам ҳокимлик таъминлайдиган бўлди. 10 кун давомида 58 та кўчадаги бетон деворларни безаб, ишни тугатдик. Жами 11,6 миллион сўмлик иш бажардик.

Октябрнинг охирида мутасаддидан иш ҳақимизни сўрадик. Нодирбек ака пулни ноябр ойининг бошларида тайёрлаб беришини айтди. Вақт ўтди, аммо пулимиз берилмади. Мутасадди “Ноябрнинг ўнинчисига пулларингизни бераман” деди. Ноябрь ойида ҳам натижа бўлмади. Декабрь ойи бошида пул керак бўлиб яна Нодирбек акага алоқага чиқдим. У “Тез кунда қилиб бераман”, дея мужмал жавоб берди.

“Ака, бирор жойга мурожаат қилайми?” десам: “Бемалол, хоҳлаган жойингизга ариза қилинг” деди. Бизни ишга жўнатган ўқитувчимизга айтдик, ҳал бўлмади. Аввал гуруҳ раҳбаримизга, кейин кафедра мудири, декан ўринбосари, декан, ректор ўринбосаригача учрадик. Натижа бўлмади. Сўрайвериб чарчадик.

Тўғриси, биз вилоятнинг турли туманларидан келиб, шартнома асосида ўқиймиз. Ҳаммамизга ҳам пул керак. Аламлиси ўз ҳаққимизни давлат одамидан ололмаётганимизда. Бизни калака қилгандек, алдаб келишаётгани ёмон.

Ота-онамиздан ҳар куни йўлкира, овқатлангани пул оламиз. Улар бизни бу ерда келишув асосида ишлаётганимиздан роса хурсанд бўлишган. Ҳарна уларга ёрдам-да. Шаҳар ҳокими ўринбосарига ҳаққимизни сўраб беш-олти марта мурожаат қилдик. Бермайдиганга ўхшаб турибди”, – дейди талаба Ибратилло Каримов.

Талабаларнинг ўқитувчиси Умрзоқ Рустамов ҳокимлик вакили билан иш бошлашдан олдин “договор” қилинганини, ўша пайтда талабалар ҳам бўлганини таъкидлади.

Талабалар билан биргаликда шаҳар ҳокимлигига бориб, Туризм ва спорт бўлими раҳбари Нодирбек Халиловдан изоҳ олишга ҳаракат қилдик. Аммо у камера олдида интервю бермаслигини айтди. Бундан ташқари, у ўзи ва талабалар ўртасида чизилган суратлар бўйича маълум бир суммага келишув бўлганини инкор қилди.

Университет ўқитувчиси, талабалар ва мутасаддининг узоқ тортишувидан сўнг ниҳоят Нодирбек Халилов маблағ масаласи ҳал қилинишини айтди. Шунингдек, шаҳар ҳокимлиги ва Андижон давлат университетидан ҳам тегишли масъуллар алоқага чиқиб, муаммо жиддий эмаслигини ва тез орада ҳал қилинишини маълум қилишди.

Хонободдан қайтар эканмиз, талабалар биз билан боғланиб, пулларини олишганини билдиришди. Бу яхши, албатта. Бироқ шартнома асосида таълим олиб, ўз меҳнати билан пул топишга ҳаракат қилаётган ёшларга давлат одами бу шаклда “деворни ушлатиб кетиши” ҳеч қандай сабаб билан оқлаб бўлмас ҳолатдир.

Бу лойиҳа учун давлат бюджетидан пул ажратилганми ёки йўқ, талабаларга охир-оқибат пул қаердан олиб берилгани – булар алоҳида мавзу...

Элмурод Эрматов,

Азизбек Исмоилов.

Мавзуга оид