Ўзбекистон | 22:42 / 25.12.2021
19571
2 дақиқада ўқилади

Комил Алламжонов маст ҳолда автомобил бошқарганлик учун 15 сутка қамоқ жазоси белгилашни таклиф қилди

“Йилига минглаб одамлар вафот этаётганини инобатга олиб, бу соҳада фавқулодда ҳолат эълон қилиш керак деб ҳисоблайман. Аҳвол кўчада ўта оғир”, – дейди Масс-медиа фонди раиси.

Фото: Комил Алламжоновнинг Telegram-канали

ИИВ ЙҲХББ бошлиғи полковник Олим Саидов машинани маст ҳолда бошқариш жиноят экани, бу борада Маъмурий ва Жиноят кодексларига жазони оғирлаштирувчи нормалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилганини маълум қилди.

Бунга муносабат билдирган Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов ушбу таклифни қўллаб-қувватлашини билдирди.

“Спиртли ичимлик истеъмол қилиб транспорт бошқараётган ҳайдовчиларга нисбатан 15 сутка қамоқ жазоси ва ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилишни таклиф қиламан.

Йилига минглаб одамлар вафот этаётганини инобатга олиб, бу соҳада фавқулодда ҳолат эълон қилиш керак деб ҳисоблайман. Аҳвол кўчада ўта оғир”, – дея ёзди Алламжонов ўз Telegram-каналида.

Айни пайтда маст ҳолатда транспорт воситасини бошқариш – Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддасига асосан, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 1 йил-у 6 ойдан 3 йилгача муддатга маҳрум қилиб, 25 БҲМ жаримага сабаб бўлади.

Ҳайдовчининг организмида алкогол миқдори 0,135 промилледан юқори бўлса, у маст ҳолда транспорт воситасини бошқарган ҳисобланади.

Айни кунларда базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари 6 млн 750 минг сўм бўлади. Жарима 15 кун ичида тўланса, 30 фоизлик чегирма билан 4 млн 725 минг сўмни ташкил этади.

Амалиётда қоидабузар ҳайдовчилар жаримани тўлаб, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган бўлса ҳам, машинани ЙПХ ходимларининг қўлига тушмасдан, яширинча бошқариб юриши кузатилади.

Мавзуга оид