Жаҳон | 10:59 / 26.12.2021
47619
9 дақиқада ўқилади

СССР тугатилганига 30 йил бўлди. Зулм империясининг парчаланиш сабаблари

Зўравонлик ва инсон эркини чеклашга қаратилган тоталитар тартиб ҳукмронлик қилган давлатларнинг ҳеч бири узоқ яшамаган. СССР ҳам бундан мустасно бўлмади. Kun.uz собиқ иттифоқ парчаланиши ва бунга сабаб бўлган омиллар ҳақида эслайди.

Фото: Regnum

Шубҳасиз, ХХ асрнинг энг муҳим воқеаларидан бири 69 йил давомида дунёнинг иккинчи қутби сифатида яшаб келган СССРнинг парчаланиб кетиши ҳисобланади. Бу ҳодисани СССРга тобе бўлишни хоҳламай жаҳон ҳамжамиятидаги бошқа давлатлар билан ўзаро тенг ҳуқуқли, мустақил субъект сифатида муносабат ўрнатишни хоҳлайдиганлар улкан қувонч билан, коммунистлар ва КПСС ғояларига содиқлар эса «ҳақиқий зарба ва фожиа» сифатида қабул қилди.

СССРнинг биринчи ва охирги президенти

Кўпчилик СССР парчаланишини 1985 йилнинг 11 март санасида КПСС Марказий Қўмитаси Бош секретарлигига келган 54 ёшли Михаил Горбачёв билан боғлайди.

Унинг сиёсати тарихга «қайта қуриш» номи билан кирди ва вазиятни ўнглаш учун бир қатор ислоҳотлар ўтказишга уринди. 1989 йил 15 февралда СССР қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш тугатилиб, бу ҳарбий можарога нуқта қўйилди. Мамлакатда цензура деярли олиб ташланди. Ҳатто 1990 йилда КПССнинг гегемонлигига чек қўйилиб, унга мухолиф бўлган партиялар тузишга ҳам рухсат берилди. Кўппартиявийлик реалликка айланиб улгурди. Уларнинг айримлари КПСС билан рақобатлаша бошлади ва мамлакатдаги сиёсий аҳволнинг мураккаблашувига сабаб бўлаётган социалистик тузумни, КПССнинг давлат ҳокимиятига бўлган монопол ҳуқуқини инкор эта бошлади. Айни пайтда КПССнинг ўзида ҳам 3 оқимга бўлиниш юз беради.

Мамлакатда цензура деярли олиб ташланди. Бироқ булар мавжуд тузумни сақлаб қола олмади. Ана шундай ҳолатда иттифоқдош республикаларда миллий уйғониш ҳаракатлари бошланди. Ҳар бир республикада миллий тил давлат тили деб эълон қилинди. Воқеалар, айниқса 1990 йилдан кейин жуда тезлашиб кетди. Ўша йили нафақат иттифоқдош республикалар, балки уларнинг таркибида бўлган автоном ҳудудларнинг аксарияти ўз мустақиллик декларациясини эълон қилган бўлса, яна бир қисми кенгайтирилган автономия талаби билан чиқди. Шу тариқа СССР сўнгги кунларини яшаётгани аниқ бўла бошлади.

Ўша машҳур «ГКЧП»

Горбачёв иттифоқдош мамлакатлар хоҳлаган вақтида мустақил бўлиши мумкинлиги ҳақидаги ғояни олға суради. 1990 йилга келиб Болтиқбўйи мамлакатлари Латвия, Литва ҳамда Эстониянинг ўзини СССРдан мустақил давлат деб эълон қилиши эса барчасини янада тезлаштириб юборади. Айни шундай вазиятда машҳур ГКЧП ҳодисаси рўй берди. Бу СССРни сақлаб қолмоқчи бўлганлар томонидан уюштирилган давлат тўнтариши эди. 1991 йилнинг августига келиб вазият жуда мураккаблашиб кетади.

4 август куни Горбачёв Қримга дам олиш учун кетади ва қайтиб келганидан сўнг «Мустақил Республикалар Иттифоқи» ҳақидаги шартнома имзоланиши керак эди. Бунга чидаб тура олмаган СССР вице-президенти Геннадий Янаев ҳамда КГБ раиси Владимир Крючков раҳбарлигидаги гуруҳ Горбачёв таътилда эканидан фойдаланиб мамлакатда ГКЧП, фавқулодда ҳолат эълон қилишади. Халққа ўқиб эшиттирилган баёнотда Михаил Горбачёв саломатлиги ёмонлашгани учун ўз вазифасини бажара олмаслиги, шу сабаб мамлакатни 6 ой давомида 8 кишидан иборат кенгаш бошқариши, ярим йилдан сўнг эса сайловлар ўтказилиши маълум қилинади. Мамлакат ҳудудидаги ГКЧП манфаатига хизмат қилмайдиган барча нашрлар вақтинча фаолиятини тўхтатади. Ишлаётган бошқа нашрлар ҳам қаттиқ цензурага олинади, компартиядан бошқа қолган барча партиялар фаолияти чекланади. ГКЧП мамлакат назоратини қўлга олишни пойтахт Москвадан бошлайди. Ана шундай бир вазиятда Борис Ельцин катта саҳнага чиқади ва ГКЧПнинг ҳаракатларини конституцияга зид деб атайди ва содир бўлаётган воқеалар давлат тўнтаришидан бошқа нарса эмаслигини маълум қилади. Ельциннинг мурожаатидан кейин Москвада 200 мингдан ортиқ, Петербургда 400 мингдан ортиқ одам марказий майдонларга чиқиб ГКЧПга қарши намойишларда қатнашади. 20 августдан 21 августга ўтар кечаси Москвада ГКЧПга бўйсунувчи аскарлар ҳамда Оқ уй ҳимоясидаги кўнгиллилар ўртасида тўқнашув содир бўлади. 21 август тонгида СССР мудофаа вазири Язов Москвадаги барча қўшин ва техникаларни шаҳардан олиб чиқишга буйруқ беради. Бу ГКЧП тугагани ва амалда СССРни сақлаб қолиш имконсиз эканини кўрсатарди. Шу тариқа, СССРни сақлаб қолиш учун тузилган ГКЧП 3 кун ўтиб барбод бўлади.

Беловеж битими

1991 йил 8 декабрь куни Беларус ўрмонларида жойлашган Беловеж қароргоҳида Россия президенти Борис Елсин, Украина президенти Леонид Кравчук, Беларус Олий Кенгаши раиси Станислав Шушкевич томонидан СССРни тарқатиб юбориш ва унинг ўрнига Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги тузилмасини тузиш ҳақида ҳужжатлар имзоланади. Шу тариқа СССР парчаланиб кетди. 21 декабрь куни Қозоғистоннинг ўша пайтдаги пойтахти Олмаота шаҳрида яна 8 республика (Озарбойжон, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ва Молдова) бу битимни имзоладилар. 25 декабрь куни М. С. Горбачёв СССР Президенти лавозимидан истеъфо берди. 26 декабрда СССР Олий Кенгашининг юқори палатаси сессиясида СССРнинг мавжудлигини тугатиш тўғрисидаги №142 сонли декларацияни қабул қилинди. Шу тариқа СССР тўлиқ парчаланиб кетди. Россия СССРнинг халқаро ташкилотлардаги вориси этиб белгиланди ва совет иттифоқининг барча қарзлари тўлаш ва активларига эгалик қилиш ваколатига эга бўлди.

Нега СССР парчаланиб кетди?

Кўплаб таҳлилчи ва экспертларнинг фикрича, СССРнинг тарқаб кетишига қуйидаги омиллар сабаб бўлган:

Иқтисодий ҳолат. Режали иқтисодиёт самарасизлиги ва турғунлиги энг зарур бўлган товарларнинг ҳам сурункали тақчиллигига олиб кела бошлаган. Ишлаб чиқариш ҳажми, ҳар бир фуқарога қанча нарса кераклиги, уларнинг нархлари тўлиқ давлат томонидан белгиланган. Адолатли бўлиши назарда тутилган бу тизим тўғри йўлга қўйилмагани оқибатида фуқароларнинг талаби таклифдан анча юқори тарзда шакллана бошлаган. Натижада кўпчилик ниманидир сотиб олиш ҳақида эмас, балки шу нарсани топиш борасида кўпроқ хавотирланган.

Бундан ташқари, 80 йилларнинг ўрталаридан бошлаб Араб мамлакатларида нефть қазиб олиш каррасига оширилади. Бу эса ушбу маҳсулот нархларининг жаҳон бозорида кескин пасайишига олиб кела бошлайди. СССРда эса айнан нефть экспортидан келадиган даромад озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилиш учун зарур бўлган валюта тушумларининг асосий манбайи бўлган.

Коммунистик блокларнинг қулаши. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Шарқий Европадаги Полша, Венгрия, Чехословакия, Руминия, Албания, Болгария, Югославия Иттифоқи ва Германия Демократик Республикасида социалистик тузумлар шаклланди. 1988-1989 йилларга келиб ушбу давлатларда ҳам социалистик тузумга нисбатан норозиликлар пишиб етилиб келди ва улар социализмдан воз кечиб, Ғарбга юзланди. Бунинг натижасида СССР Шарқий Европадаги бир нечта ишончли шерикларидан айрилди. «Дунё бўйлаб социализм ва коммунизм қуриш» ғояси доирасида диктатор ва қўғирчоқ про-совет ва антиамерика режимларини молиялаштириш ва уларга ҳарбий ёрдам кўрсатишга қаратилган ҳаракатлар ўзини оқламади.

Ягона мафкура ҳукмронлигига интилиш. Ўтган асрнинг 70 йилларидан бошлаб мамлакатда инсонларга мафкуравий тазйиқ ўтказиш, асарларнинг ғоявий изчиллигини таъминлашга қаратилган ҳаракатлар кучайтирилади. СССР таркибидаги мамлакатлар этник, маданий ва цивилизациявий жиҳатдан турлича экани, бошқа иттифоқдош мамлакатларда тузум илгари сураётган ғояларга нисбатан нафратни кучайтиради. Горбачёв ўзидан олдин ўтган раҳбарлардан фарқли ўлароқ, фуқаролар учун кўплаб эркинликлар берган. Айниқса, миллий манфаатлар, ОАВ ва сўз эркинлиги масалаларида. Бу эса турли миллатга мансуб одамларнинг онгида мустақиллик ғоялари шаклланишида муҳим фактор вазифасини бажарган.

Совуқ уруш ва маблағларнинг номутаносиб тарзда сарфланиши. 1950 йиллардан бошлаб дунёнинг етакчи давлатлари ўртасида қуролланиш ва космосни ўзлаштириш масаласида том маънода пойга бошланди. Бу пойгада СССР энг кўп маблағ сарфлаган давлатлардан бири бўлди. Афғонистонга қўшин киритгандан сўнг Ғарб дунёси билан бироз илиқлашган алоқалар яна совуқлашди. СССРга қарши иқтисодий санкциялар кучайтирилди, иттифоқдан энергоресурслар сотиб олиш тўхтатилди. Қолаверса, Афғонистондаги урушнинг ўзига ҳам улкан маблағ сарфланди.

Шунингдек, Совет сиёсий тизимининг тоталитар табиатини сақлаб қолиш мақсадида ноишлаб чиқариш соҳаларига (давлат аппарати, армия, КГБ) жуда катта маблағлар йўналтирилди.

Этник низоларнинг кучайиши. Бу ҳолатга 1986 йил 16 декабрда Олмаотада Қозоғистон раҳбари Динмуҳаммад Қўнаев ишдан олиниши ва унинг ўрнига Уляновск вилояти обкомининг биринчи котиби Геннадий Колбин раҳбар этиб тайинланиши сабаб уюштирилган намойишнинг қонга ботирилиши, 1988 йил Қорабоғда арманлар ва озарбайжонлар ўртасида этник низонинг вужудга келиши, 1990 йил Фарғона водийсидаги қирим-татарлари билан юзага келган тартибсизликлар, Шимолий Осетиянинг Пригородний вилоятидаги осетинлар ва ингушлар ўртасидаги қонли можароларни мисол сифатида кўрсатиш мумкин.

Ана шу ва бошқа бир қанча омиллар натижасида СССР парчаланди ва унинг ўрнида мустақил 15та республика ташкил топди.

Мавзуга оид