Ўзбекистон | 15:47 / 29.12.2021
8320
2 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилояти ҳокимлиги қиммат машинани олмайдиган бўлди. Ҳоким ўринбосарига ҳайфсан берилди

Фото: kia.uz

Бундан бир неча куни олдин Сирдарё вилояти ҳокимининг 23 декабрда қабул қилган 477,9 миллион сўмга KIA Sorento Comfort машинасини сотиб олиш ҳақидаги фармойиши эълон қилинганди. Бугун вилоят ҳокими тегишли фармойиш билан ўша қарорини бекор қилди.

2021 йил 29 декабр куни имзоланган фармойишга кўра, вилоят ҳокимлиги ҳамда “Rodell” ОАЖ ўртасида тузилган шартнома бекор қилинган. Ушбу шартномага асосан “KIA Sorento Comfort” русумли автомашина сотиб олиш учун Rodell OAJ ўтказилган 477,9 миллион сўм маблағ ҳокимликнинг ҳисоб рақамига қайтарилади.

Вилоят ҳокимининг 2021 йил декабрь ойидаги фармойиши билан вилоят маҳаллий бюджети даромадларининг 3-чорак режасидан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан ажратилган 477,9 миллион сўм маблағ “Саховат ва кўмак жамғармаси”га йўналтирилган.

Шунингдек, фармойишга кўра вилоят маҳаллий бюджети маблағларини ишлатилишини ҳамда давлат ҳаридлари тўғрисидаги талабларни етарли назорат қилмагани учун вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи Анвар Каримовга нисбатан ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилган.

Маълумот учун, вилоят ҳокимлигининг sirdaryo.uz расмий веб-сайтидаги очиқ маълумотларга кўра, ҳокимлик балансида 2021 йил декабрь ойи ҳолати бўйича 14 та хизмат автомашиналари мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, ҳукумат қарорига асосан, вилоятлар ҳокимлари учун БҲМнинг 2 000 бараваридан ошиқ бўлган қийматда фақат битта машина сотиб олишга рухсат берилган. Сотиб олинадиган бошқа автомобилларнинг энг юқори нархи 1500 БҲМдан ошмаслиги белгилаб қўйилган. Бу – ҳозирги вақтда 405 миллион сўмни ташкил этади (1500х270 000).

Мавзуга оид