Ўзбекистон | 17:08 / 29.12.2021
43357
5 дақиқада ўқилади

Умра зиёрати бўйича янги талаблар ва вакцина масаласига аниқлик киритилди

Kun.uz Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг янги раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров билан интервью уюштирди.

Аввалроқ интервьюнинг биринчи қисми «Янги муфтий. Ўзбекистонлик мусулмонлар ундан қандай ўзгаришлар кутиши мумкин? | Нуриддин Холиқназаров билан интервью» сарлавҳаси билан эълон қилинганди.

Қуйида унинг иккинчи қисми матни билан танишишингиз мумкин.

— Яқинда умра ва ҳаж зиёрати масаласида Саудияда бўлиб қайтдингиз. Хўш, Ўзбекистон мусулмонлари учун Умра зиёратига бориш имкониятлари қачон очилиши кутилмоқда?

Шунингдек, Ўзбекистондаги фуқаролар эмланаётган вакциналарнинг Саудия Арабистонида ҳисобга олинишига эришилдими?

— Пандемия ҳамма соҳа ва йўналишларга таъсир қилди. Жумладан, Умра ишларига ҳам.

Буни халқимиз, мўмин-мусулмонлар тўғри тушунишлари керак. Умра ва ҳажнинг тўхтаб қолиши ва у ерда амалга кирган талаблар бизнинг талабларимиз эмас, бу Саудия подшоҳлигининг талаблари.

Бизнинг Саудия давлатига қилган сафаримиздаги энг катта миссия – Умра учун рухсат берилган давлатлар қаторига Ўзбекистонни ҳам киритиш эди. Иншааллоҳ, умрага рухсат берилган давлатлар рўйхатида Ўзбекистон ҳам бор. Ҳаж ҳақида гапиришга эса ҳали эрта.

Биз Саудияга боргач, бир нечта ширкатлар билан музокаралар ўтказдик. Чунки ўзбекистонлик мусулмонлар у ерга бораркан, аниқ ширкатлар уларни кутиб олиб, сифатли хизмат кўрсатиши керак.

Биз шу музокаралар давомида 20 га яқин ширкатлар билан гаплашдик ва улар орасида энг қулайини танлаб олдик.

Биз танлаб олинган ширкатга шундай талаб қўйдикки, Саудияга биздан борган мусулмонлар энг яхши меҳмонхоналарга жойлашсин ва у меҳмонхона Ҳарамга яқин бўлсин. Иншааллоҳ, бунга эришяпмиз.

— Вакцина борасида...

— Вакциналар борасида ҳам Саудиянинг ўз талаблари бор. Бу ишлар билан Саудия подшоҳлигининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ҳаж ва Умра ишларини ташкиллаштириш вазирлиги шуғулланар экан.

Саудияда бўлиб турган вакилларимизнинг хабар беришича, Ўзбекистонликлар эмланган вакциналарнинг Саудияда ҳам тан олиниши тез кунларда ҳал бўладиган масала бўлиб турибди, Иншааллоҳ.

Қайтараман, бу масалани ҳал қилиш делегациямиз ихтиёридаги вазифа эмас. Бу – Саудия ҳукумати миқёсида ҳал қилинадиган ишлар.

Бундан ташқари, ҳозир Саудияга борган ҳар бир зиёратчининг телефонида бўлиши талаб қилинадиган махсус дастурлар тартиби ишлаб чиқилган. Ҳарамга фақат мана шу дастур асосида зиёратчилар киритилади.

Биз Саудия томонига Ўзбекистондан борувчи зиёратчиларнинг кўпчилиги ёши катта инсонлар бўлгани боис бу дастурлар бўйича ҳам ҳамкор ширкатларимизга илтимосларимизни айтдик.

Улар эса бу масалада бизга ёрдам берадиган бўлишди. Унга кўра, ширкатлар биздан борган зиёратчиларнинг ҳар бирини керакли техник жиҳозлар билан таъминлашади.

Ҳозир икки тараф ўртасида имзоланадиган айрим шартномалар бор ва улар ҳал бўлса, тез орада биринчи умрачиларни Саудияга юборамиз.

— Биз Саудия сафарининг расмий прес-релизида кўрдикки, у ерда пандемия боис янги тартиблар жорий қилинган. Яъни меҳмонхоналарда одамлар камроқ жойлаштирилади, карантин қоидалари амал қилади. Бу ҳаж ва умра зиёратлари бўйича харажатлар қимматлашига олиб келадими?

— Табиий. Фақат биз учун эмас, бутун дунё учун ошади. Чунки карантин чекловлари нархлар ошишига мажбур қилади. Масалан, авваллари 48-50 та зиёратчини олиб қатнаган автобуслар ҳозир 25 кишини манзилига етказмоқда. Бу дегани яна қўшимча тўлов. Меҳмонхоналарда ҳам қатъий талаблар қўйилмоқда. Бунинг ҳаммаси маблағ ҳисобига бўладиган талаблар. Бунда нархлар бироз бўлса-да табиий қимматлайди. Биз ҳозир ҳам кетаётган музокараларда нархларни имкон қадар қулайроқ қилишга интиляпмиз.

Яна бир бор такрорлайман, бу Ўзбекистон мусулмонлари идораси ёки Дин ишлари бўйича қўмита ваколатидаги масалалар эмас. Бу вазиятлар ва Саудия ҳукумати талабидан келиб чиқиладиган масалалар.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Тасвирчи ва монтаж устаси — Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид