Ўзбекистон | 11:31 / 31.12.2021
5841
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Ташқи сиёсий фаолиятининг янги концепцияси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинади

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 30 декабрь куни Ўзбекистоннинг хориждаги элчилари, консуллик муассасалари раҳбарлари ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакиллари иштирокида ТИВ Ҳайъати мажлисини ўтказди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Учрашув давомида вазирлик ва дипломатик ваколатхоналарнинг жорий йилдаги фаолияти якунлари кўриб чиқилди, 2022 йилга мўлжалланган устувор вазифалар белгилаб олинди ва аниқ топшириқлар берилди.

Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, ҳайъат йиғилишида Ўзбекистон Ташқи сиёсий фаолиятининг янги концепцияси лойиҳаси ҳам муҳокама қилинган.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

“Иқтисодий дипломатия масалаларига, жумладан, дипломатик миссиялар раҳбарларининг жойлардаги вазиятни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон вилоятларига амалга оширган сафарлари, савдо-иқтисодий соҳадаги лойиҳаларни муҳокама қилиш ва амалга ошириш учун вазирлик ва идораларида ўтказган учрашувларининг натижаларига алоҳида эътибор қаратилди”, – дейилади вазирлик баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, 27 декабрь куни хорижий давлатларнинг Ўзбекистонга янги тайинланган элчиларида ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси янги таҳрирда қабул қилинишини маълум қилган эди.

Концепцияни такомиллаштириш 2021 йилги давлат дастурига ҳам киритилганди. Дастурда, 1 декабргача тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланган.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Kun.uz билан мулоқот қилган Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Юсуфбек Қобилжоновга кўра, айни дамда Ташқи сиёсий фаолиятининг янги концепцияси лойиҳаси элчилар, дипломатлар ва бошқа мутахассислар томонидан кўриб чиқилмоқда.

«Лойиҳа доирасида ишлар якунланган, у албатта жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинади», деди ТИВ расмийси.

Мавзуга оид